Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов Туркия Республикаси хусусийлаштириш бошқармаси президенти Бекир Эмре Ҳайкир бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда шунингдек, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ва хусусийлаштириш бошқармаси президентининг ўринбосари Мурат Ибрагим Челебей ҳам иштирок этди.
Акмалхон Ортиқов шуни таъкидладики, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Бугун турк компаниялари Ўзбекистон бозорида кенг ўрин эгаллайди, шу сабабли турк ишбилармонлари иштирокида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шу йилнинг 23-28 сентябрь кунлари Туркия Маданият ва туризм вазирлиги таклифига биноан Ўзбекистон делегацияси Анқара шаҳрига ташриф буюрди. Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад туризмни ривожлантириш ва шу соҳадаги қонунчиликни ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашишдан иборат эди. Ушбу масалалар билан бир қаторда транспорт логистикаси, сайёҳлик марказларини ташкил этиш, бош режаларни тайёрлаш, туристик объектлар учун ер участкаларини ажратиш ва хусусийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида «E-auksion» электрон савдо платформаси фаолияти ва имкониятларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бекир Эмре Ҳайкир ўзбек мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш ва шу каби платформани Туркияда жорий этиш истагини билдирди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА мухбири