Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркия дарвозалари сайёҳлар учун очиқ
09:12 / 2020-11-30

Юртимиздаги бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари шу кунларда Туркияда бўлиб, мамлакатнинг сайёҳлик борасидаги шарт-шароитлари билан танишаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Айни вақтда Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги «Соғлом Туризм Сертификати» дастурини тайёрлаб амалиётга жорий этди. Маданият ва туризм вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорликда ўтказаётган бу дастур сайёҳлик сектори меҳмонлари ва ходимларининг саломатлиги, уларни ташиш, жойлаштириш борасидаги татбиқ қилиниши шарт бўлган, кенг кўламдаги тадбирлар устидан юқори даражадаги назоратни амалга оширмоқда.

– "Covid-19” пандемияси вақтида тараққий этган соғлиқни сақлаш тизими ва қўллаган даволаш услублари туфайли Туркия бутун дунёга ўрнак бўлмоқда, –дейди Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой. – Мазкур сертификатлаш дастури орқали туристик соҳа фаолиятини меъёрлаштириш бўйича Туркия етакчилик қилишни давом эттиради. Туркияда дам олишни хоҳловчи меҳмонларимиз учун ҳар бир жиҳатни ўйлаб чиқдик. Хавфсиз туризм сертификацияси мурожаатлари ва сертификатланган объектлар сони жадал равишда ортмоқда. Туристик вилоятлар бўлган Айдин, Анталия ва Муғла каби вилоятларда "COVID-19" билан касалланганларнинг сони анча паст. Турк халқининг меҳмондўстлиги тўғрисида шундай мақол бор: «Биз дарвозаларимизни қулфламаймиз»

Пандемия вақтида мамлакатда таътил ўтказмоқчи бўлган меҳмонлар учун ҳамма шароитларни яратиш учун барча чора-тадбирлар ўйлаб чиқилган. Мисол учун, Туркияга келадиган меҳмонлар учун “COVID-19” тестини ўз ичига олган тиббий суғурта пакети ташкил қилинди. Шартнома билан келишилган аэропортлардан олинган авиачипталар, паспорт назоратидан олдин турли савдо жойлари, тур операторлари ва онлайн каналлар орқали харид қилиш мумкин бўлган, 15, 19 ва 23 евролик суғурта пакетлари доирасида 3 минг, 5 минг ва 7 минг Еврогача барча тиббий харажатлар қопланади.

Саёҳатни Истанбулдан бошлаган ОАВ вакиллари бугун Анталия шаҳри тарихий обидалари билан танишмоқда.

– Минг йиллар олдин Анталия ҳудудига ҳозирги Хоразм ва Туркманистон ерларида кўчманчи аҳоли келиб, ўрнашиб қолган, – дейди гид Ҳусайин Инже. – Сўнгра салжуқийлар империясини ташкил этиб, Коня шаҳрига асос солган. Ҳозирда бу шаҳарда 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди, йилига беш миллион сайёҳ келиб кетади. Бироқ бу йил пандемия сабабли уларнинг сони 50 фоизга қисқарди.

Қайд этиш керакки, бундан ўттиз йил аввал очиқ далалардан иборат бўлган Анталия шаҳрининг асосий даромади туризм ортидан келмоқда. 90 йилларда шаҳарни ривожлантириш мақсадида денгиз атрофида меҳмонхоналар қуриш бошланган. Давлат бунинг учун сайёҳлик билан шуғулланиш истагидаги инвестор ва тадбиркорларга барча қулайликларни яратди, паст фоизли кредитлар берди.

Шунингдек, аграр тармоқ – помидор, зайтун, цитрус мевалар экспорти ҳам аҳолига яхшигина даромад келтирмоқда.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА