Туркия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича тайёрлаган ҳисоботида Анқарага нисбатан ёлғон маълумотлар ва асоссиз даъволар бор деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Туркия ТИВ баёнотига таяниб, “Анадолу” агентлиги хабар берди.
АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича 2022 йилги ҳисоботида ўтган йилларда бўлганидек, мамлакатимизга нисбатан ёлғон маълумотлар, ассосиз даъволар ва нохолис шарҳлар мавжуд. Уларни қоралаймиз ва бутунлай рад этамиз. Мамлакатимиз ва минтақамиз хавфсизлиги учун қатор террор ташкилотларига қарши халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари доирасида қатъий кураш олиб борилмоқда. Бизнинг адолатли курашимиз бузиб кўрсатилганига ва бу ҳисоботда ҳақиқат акс эттирилмаганига қўшилмаймиз, дейилади баёнотда.
ТИВ ҳужжатида, шунингдек, “яна бир бор таъкидлаймизки, сиёсий мотивлар билан аниқ шакллантирилган ва холисликдан йироқ ушбу ҳисоботни жиддий қабул қилиб бўлмайди. Биз Қўшма Штатларни ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳолатига эътибор қаратишни таклиф қиламиз”, деб қайд этилади.
ЎзА