Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий халқлар учун азиз ва қадрли сиймо
16:47 / 2022-02-01

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда адибнинг яқинлари Жамила Айтматова, Данияр Асеналханов, Россия Федерацияси Президенти академияси кафедра мудири Владимир Киселeв, Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистондаги доимий экспозицияси раҳбари, журналист Аҳмаджон Мелибоев, Журналистика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Таъкидланганидек, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти бўлган.

Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борган.

Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар таъсирида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини элимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Ижодкорнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирлангани халқимизнинг адибга бўлган ҳурмати ифодасидир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда.

 

Акбаржон АБДУРАИМОВ,

журналист