Туркиянинг Aрзинжан шаҳрида VI Турк дунё ошиқлари фестивали бўлиб ўтди.
Айтиш керакки, туркий халқларнинг ошиқлик санъати мусиқа, ижрочилик, қадимий халқ оғзаки ижодиётини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли бўлиб, достончилик, бахшичилик санъатига уйғун йўналишдир.
Туркиянинг Aрзинжан шаҳрида бўлиб ўтган VI Турк дунё ошиқлари фестивалида Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Болгария, Хитой ва бошқа давлатлардан бахши, ўзан – қўшиқчи-шоир, ошиқлар ва фольклоршунос олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизматига кўра, фестиваль давомида иштирокчилар ўзларининг анъанавий мусиқий чолғулари билан томошабинларга ноёб ижроларини тақдим этди.
Шу билан бирга, ошиқлик санъати, халқ мусиқаси ва фольклор анъаналари бўйича семинар ва анжуманлар, қизиқарли маъруза тақдимотлари ўтказилди.

Фестивалнинг асосий мақсади турк дунёсининг бой маданий меросини ёш авлодга етказиш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Мазкур фестивалда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Aлишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулов ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг "Достон ижрочилиги" кафедраси катта ўқитувчиси, "Шуҳрат" медали соҳиби Расулбек бахши Aбдураҳмонов иштирок этди. Ўзбекистон вакиллари мамлакатимизда достончилик, бахшичилик, халқ маънавий меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасидаги ибратли ишлар хусусида батафсил маълумот берди. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилаётган эзгу ишлар халқаро тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотди.

Ушбу фестиваль турк дунёсининг маданий бойлигини асраб-авайлаш ва халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА