Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, ҳатто вақт ҳам уларнинг маъно-моҳиятини очиб беришга ожизлик қилади.
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, ҳатто вақт ҳам уларнинг маъно-моҳиятини очиб беришга ожизлик қилади. Қатрада қуёш акс этганидек, бу лаҳзалар миллатнинг, мамлакатнинг, бутун бир минтақанинг тақдирига, миллий ва маънавий тараққиётига тўғридан-тўғри даҳлдор бўлиб, тарих саҳифаларига мустаҳкам нақшланиб қолади. Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиши шундай қутлуғ воқеалардан бири бўлди.
2009 йили Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон раҳбарлари туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузишга қарор қилинди. Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари 2016 йили қабул қилинган Истанбул декларациясида ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган олтинчи саммитда туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ўзаро манфаатли шериклик учун эндиликда кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, улардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бир неча ташаббусларни илгари сурди. Шу асосда жорий йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди.
5 октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар ишбилармонлар кенгаши бизнес форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ҳамда Венгриядан 500 дан зиёд тадбиркор қатнашди. Форум арафасида давлатимиз раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат Амреевни қабул қилди. Учрашувда Туркий кенгашнинг, биринчи навбатда, савдо, инвестициялар, инновациялар, тарнспорт, туризм, маданий гуманитар алмашинувлар каби долзарб йўналишларида амалий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали минтақавий тузилма сифатидаги салоҳиятига юксак баҳо берилди.
Жорий йилнинг 15 октябрь куни Боку шаҳрида ўтказилган еттинчи саммитда Ўзбекистон Кенгашнинг тўлақонли аъзосига айланди. Мамлакатимизнинг ушбу Кенгашга аъзо бўлиши унинг нуфузини ошириб, Евроосиё марказидаги йирик тузилмага айлантирди. Давлатимиз раҳбарининг саммитдаги нутқи жаҳон жамоатчилиги эътиборига тушди. Халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази (Боку шаҳри) раиси Фарид Шафиев “1news.az” нашрида эълон қилган мақоласида Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши ҳақидаги янгилик ташкилотнинг ўн йиллик юбилейи санасига катта совға бўлганини таъкидлайди. “Иқтисодий салоҳияти, жумладан, ялпи ички маҳсулот ва ташқи савдо ҳажми, аҳолиси сони ва унинг интеллектуал салоҳияти бўйича республика минтақада етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистоннинг мавжуд имкониятлари ва салоҳияти Кенгаш фаолиятининг кўплаб соҳаларида фаол иштирок этишига хизмат қилади. Натижада Кенгаш фаолиятининг самарадорлиги юксалиб, унга бўлган қизиқиш ортади ҳамда турли қўшма лойиҳалар миқдори кўпаяди”, деб ёзади таҳлилчи.
“TRT” телеканали шарҳловчиси Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро ва Хива каби муҳташам шаҳарлари Шарқ цивилизациясининг иқтисодий ва маданий ривожланиши бешиги бўлиб келганлигини урғулаган. “Кабар” агентлиги (Қирғизистон) Ўзбекистон Президентининг Боку саммитидаги нутқида минтақада йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишга эътибор қаратилгани, жумладан, Марказий Осиё – Туркия транспорт йўлаги орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконияти мавжудлиги эътироф этилгани ҳақида ёзади.
“Шавкат Мирзиёев транспорт ва логистика марказларини барпо қилишда аъзо мамлакатлар ҳудудидаги денгиз портларининг замонавий инфратузилмасини ишга солиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Шу маънода, ташқи савдо юкларини ташишда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар учун ўзаро келишилган чегирма ва имтиёзларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш таклифи билдирилди”, дейилади агентлик ахборотида.
“CA-News.org” порталида давлатимиз раҳбарининг сайёҳлик соҳасида билдирган фикрлари юқори баҳоланди. Ўзбекистоннинг Ташкилот доирасида 2018 йили ишлаб чиқилган “Замонавий Ипак йўли” сайёҳлик дастурида фаол иштирок этишга тайёрлиги ҳақидаги баёноти тадбирнинг муҳим янгиликларидан бири сифатида қайд этилади. Россиялик таҳлилчи Александр Разуваев Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши фаолиятида иштирок этиш ҳақидаги қарорини сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нуқтаи назаридан баҳолаш зарурлигини таъкидлайди.
Йигирманчи аср адоғида халқимиз оламшумул тарихий ғалабага эришди – истибдод занжирлари узилиб, миллий мустақилликка эришдик. Қизил салтанат исканжасидан, унинг ғайриинсоний мафкураси ва сохта қадриятларидан озод бўлдик. Бугун биз янгиланаётган Ўзбекистонда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг халқчил сиёсати билан дунёнинг янги-янги кенгликларига интилиб яшамоқдамиз. Дунё нигоҳи бугун Ўзбекистонга қаратилган десак, муболаға бўлмайди. Жорий йилда Термизда ўтказилган бахшилар халқаро санъат фестивали, Самарқанддаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва Қўқонда ўтказилган “Халқаро хунармандчилик” фестивали буни яққол исботлади. Шу маънода мамлакатимизнинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши янги тарихимизнинг ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Ўтган йили Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деган эди. Давр синовидан ўтган ушбу ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиш мамлакатимизнинг айни шу соҳалар бўйича салоҳиятини янада оширади, тили ва дини, тарихий илдизлари бир халқларимиз ўртасидаги иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларга янгича руҳ бағишлайди, туризм соҳаси янада кучаяди. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ушбу кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми бир йилнинг ўзида қирқ фоизга ошган, кенгашга аъзолик ушбу рақамни янада ошириши шубҳасиз.
Аъзо давлатларнинг ҳар бири ўзаро ҳамкорликдан, шубҳасиз, фойда кўрадилар. Адабиёт ва санъат, илм-фан, таълим соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлиши аниқ. Ўзбекистон ўзининг янги сиёсий йўли, очиқлик, яхши қўшничилик сиёсати билан маърифий дунёнинг юксак эътирофига сазовор бўлиб турган бир пайтда, ушбу кенгашнинг бошқа аъзолари ҳам мамлакатимиз билан алоқаларни кучайтиришдан манфаатдор бўладилар. Бунинг учун ҳар бир аъзо давлат инвесторларга қулай ва ишончли шароит яратиши, миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиши, яъни божхона тартибларини ўзаро уйғунлаштириши ва бу билан молиявий қўйилмаларнинг эркин ҳаракатини таъминлаши зарур бўлади.
Сиёсатда бўлганидек, иқтисодиётда ҳам кенгашиб ишлаш, умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш бугунги куннинг муҳим талаби. Ўтмиш тарихнинг унутилмас сабоқларидан бири шуки, маънавий, руҳий жиҳатдан бирлашмаган, узоқ келажакни ўйлаб иш тутмаган, бир-бирларига елкадош бўлмаган, бугунги ҳузур-ҳаловатларини кўзлаб, калтабин сиёсат юргизган, бойликка ружу қўйган, айш-ишратга берилган ҳукмдорлар халқни таназзул чоҳлари сари етаклаб бораганлар.
Узоқ йиллар давомида Марказий Осиё ва бу минтақага ёндош давлатларда ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик бўлмади. Якдиллик, дўст-қадрдонлик ҳақида оғизда кўп гаплар айтилди, аммо минтақа халқларининг турмушида жиддий ўзгариш юз бермади. Тадбиркорларнинг биргаликдаги ишлари тўхтаб қолди. Шу ва бошқа сабабларга кўра, бир-бирига туташ, ёндош-жондош давлатлар ўртасида узоқ йиллардан бери амал қилиб келинаётган, асрлар синовидан ўтган ҳамкорлик риштьалари узилди. Ички интеграция барбод бўлди. Қонун-қоидаларнинг бир-бирига мос келмаслиги, чегарадан ўтиш тартибларидаги айричаликлар оддий борди-келдиларни ҳам йўққа чиқарди.
Шундай бўлса-да, эл эллигини қилиб, яхши кунлар келишидан умидини узмади. Чунки, бирлик, аҳил-иноқлик дунё дунё бўлганидан бери эл-юрт учун нажоткор куч бўлиб келган. Бугун бу эҳтиёж янада ортди. Боиси, инсон ҳаёти билан боғлиқ мураккаб муаммолар йилдан йилга умумлашиб бормоқда. Иқтисодий ва сиёсий талотўплар, молиявий танглик, капитал оқимининг тезлашиши билан боғлиқ зиддиятлар олдинга қараб эркин силжишга тўсқинлик қилмоқда. Ҳар ким ўз ҳолича, фақат ўзининг тор манфаатларини ўйлаб иш тутадиган, қўшни давлатларда, яқин-йироқ минтақаларда содир бўлаётган ижтимоий бўҳронлардан бехабар ҳолда яшаш мумкин бўлмай қолди. Бу тўсиқлардан фақат бирлашибгина ўтиш мумкинлиги яққол ойдинлашди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати замирида, энг аввало, яхши қўшничилик, манфаатли ҳамкорлик, ҳар бир кишининг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши, юртнинг янада обод бўлиши, харид қувватимизнинг ошиши кеби юксак мақсадлар ётади. Тарихнинг ушбу синовли палласида имон-эътиқодни, келажакка ишончни сусайтирмаслик зарур. Халқимиз бу сиёсат натижаларини бугуннинг ўзида кўриб, шундай қутлуғ кунларга еткизганига шукроналар айтмоқдалар. Бундан аён бўладики, туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши шафелигида ўтказиладиган иқтисодий ва гуманитар йўналишдаги тадбирлар донишманд дунёнинг бу қутлуғ минтақасида яшаётган халқлар ҳаётига, турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатади. Халқларимиз ўртасида туризмни ривожлантириш, ўзаро борди-келдиларни кўпайтириш имконини беради. Ўйлаб кўрсак, биргаликда чуқур мулоҳаза юритиб, ягона тўғри ечимларни топиш зарур бўлган муаммолар йўқ эмас. Давлатимиз рааҳбарининг аъзо давлатлар ёш тадбиркорларининг форумини ўтказиш, туркий тилли давлатлар адабиётининг энг яхши намуналарини чоп этиш ҳақидаги ташаббуслари бу йўлда яхши самара беради. Ҳаётнинг бугунги тезкор шиддати мамлакатлар, давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан намоёндалари, ижодкор зиёлилар, санъат аҳли, хотин-қизлар, ёшлар вакилларини муштарак мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларини тақозо этмоқда. Тарихнинг бу имкониятидан самарали фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.
Худоёр Маматов,
Юридик фанлари доктори, профессор