Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий тиллар бирлиги – бир илдиз, бир тил, бир маданият
13:29 / 2025-12-25

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туркий тилли халқлар ўртасидаги маданий-маърифий, адабий алоқаларни ривожлантириш йўлида мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Бу эса қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бутунжаҳон туркий тиллар куни муносабати билан “Туркий тиллар бирлиги – бир илдиз, бир тил, бир маданият” мавзусида маърифий анжуман ўтказилди.  

Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази,  “Ватандошлар” жамоат фонди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Анжуманда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, ёш тадқиқотчилар ҳамда хориждан ташриф буюрган ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, "Маърифат" тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар туркий тилли халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини  таъкидлади.  

–Президентимиз ташаббуси билан туркий тилли халқлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг янги босқичига асос солинди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Бу эса адабий ҳамкорлик, сўз санъати, маданият, маърифат ривожида жуда муҳим.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясида 15 декабрь – Бутунжаҳон туркий тиллар куни деб эълон қилинган. Халқаро ҳамжамият ушбу кунни инсониятнинг умумий меросини бойитадиган тил хилма-хиллигини тан олиш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблади.  

Мазкур лойиҳа туркий халқларни асрлар давомида бирлаштириб келган умумий тил, адабий мерос ва маданий қадриятларни кенг тарғиб этиш, туркий зиёлилар, шоир ва ёзувчилар илмий-ижодий меросини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодда туркий тиллар ва маданиятга нисбатан қизиқиш ва ҳурмат туйғусини кучайтириш мақсадида ўтказилди.  

Тадбир давомида “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан “Эзгу амал” лойиҳаси доирасида тожикистонлик ва қозоғистонлик ватандошлар қаламига мансуб “Туркистон фарзандиман”, “Ҳайрат суратлари” ва “Қалб туғёни” китоблари ҳамда “Ватандош” журнали тақдимоти бўлиб ўтди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар янги нашрларнинг мазмун-моҳияти, адабий, маънавий ва ижтимоий аҳамияти ҳақида илиқ фикрлар билдирди.  

“Ватандошлар” жамоат фонди ва Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда 2025 йилда самарали ишлар амалга оширилди. АҚШда истиқомат қилаётган фуқаролар учун “Маънавият фестивали” ўтказилди. Қолаверса, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар учун ўзбек тили курслари, маърифат соатлари ташкил этилиши режа қилинган.  

Мақсад хориждаги ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатда бўлаётган ислоҳот ва ўзгаришлардан уларни ҳам бохабар қилиб туришдан иборат.  

Маърифий тадбирда "Ватандан сўзлар" лойиҳасига старт берилди ва бунда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти экспертлари томонидан сараланган 10 мингга яқин бадиий китоблар хорижда истиқомат қилувчи ватандошларимизга юборилди.

Келгуси йилда ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда  маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.  

Шунингдек, март ойида “Марказий Осиё овози” – “Markaziy Osiyo ovozi” – “Voice of Central Asia” концерт дастури ташкил этилди. Лойиҳанинг мақсади Марказий Осиё давлатларида истиқомат қилиб, ўзбек тилида ижод қилаётган ёш истеъдод эгаларини маънавий қўллаб-қувватлашдан иборат.

Н.Усмонова,

ЎзА