Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий маконда фавқулодда вазиятларда ҳамкорлик мустаҳкамланади
10:27 / 2025-10-23

2025 йил 26 сентябрда “Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2024 йил 6 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов мазкур қонун билан ратификация қилинган Битимнинг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди:  

– Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатларнинг ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги ўрни ва мавқеи ошмоқда. Чунки, давлатимиз раҳбари ташкилот йиғилишларида муҳим ташаббусларни илгари суриш билан бирга ТДТнинг нуфузи ошишига ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.  

2023 йил 16 март куни Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг олий даражадаги навбатдан ташқари йиғилиши доирасида Ўзбекистон Президенти томонидан фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш ва табиий офатлар вақтида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга бағишланган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.  

“Табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш умумтуркий платформаси”ни яратиш, “Фавқулодда вазиятларда қўшма ҳаракатлар стратегияси”ни ишлаб чиқиш, “Ёш халқаро қутқарувчилар корпуси”ни тузиш кабилар шулар жумласидандир.

Янги қонун Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини янада кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.  

Қонун билан тасдиқланган Битим 8 модда ва 27 банддан иборат. Мазкур Битим 2024 йил 6 ноябрда Бишкек шаҳрида “Туркий дунёни кенгайтириш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” шиори остида ўтказилган ТДТ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида ишлаб чиқилган. Битим Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон Республикалари вакиллари томонидан имзоланган.

Битимнинг асосий мақсади – ТДТга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида табиий офатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ташкилот аъзоларининг шу  йўналишдаги дўстона муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.

Мазкур Битимнинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий орган ҳисобланади.

Эндиликда ТДТга аъзо мамлакатлар Фуқаро муҳофазаси механизми кузатувчи давлатлар ва бошқа давлатларнинг ҳудудларида юз бериши мумкин бўлган табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларда эҳтиёжларни қондириш учун биргаликдаги фаолиятни самарали ташкил этади.  

Фуқаро муҳофазаси механизмининг асосий функциялари белгиланди. Унга кўра, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш,одамларнинг ҳаёти ва мол-мулкини сақлаб қолиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, бошпана билан таъминлаш, фавқулодда алоқани таъминлаш, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, табиий офатларни мониторинг ва таҳлил қилиш, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга тайёргарлик кўриш, табиий офатларни бартараф этиш бўйича билим ва кўникмаларни ошириш ҳамда тажриба алмашиш йўлга қўйилади.  

Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларда ишлаётган барча даражадаги ходимларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида ягона ўқув стандартлари ишлаб чиқилади. Назарий ва амалий дастурлар асосида ўқувлар ташкил этилади. Минтақавий офат ва фавқулодда вазиятларда биргаликда ҳаракат қилиш амалиётини ривожлантириш учун тренинглар, машғулотлар ва маъмурий-техник ташрифлар ташкил этилади.  

Битимнинг ратификация қилингани Президентимиз томонидан илгари сурилган “Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкент шаҳрида жойлаштириш”  ташаббусини амалга ошириш йўлидаги илк қадам бўлди.  

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув марказининг БМТ Қутқарув ва қидирув бўйича халқаро маслаҳатлашув гуруҳи (ИНСАРАГ)га аъзоликка қабул қилинишига тайёргарлик ишлари жадаллашади.

Қонун ТДТга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаради. Табиий офатларнинг олдини олиш, прогнозлаш, мониторинг ва таҳлил қилиш, табиий офатлар оқибатида вужудга келадиган ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни бартараф қилиш, бошқарув ва қидирув-қутқарув ишларини самарали ташкил этиш бўйича илғор тажриба алмашиш, табиий офатлар оқибатида юзага келадиган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда ТДТга аъзо давлатларнинг ўзаро яқиндан ёрдам бериш механизми жорий этилади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА