Туркий Давлатлар Ташкилоти Самарқанд саммити ўз ишини ижобий якунлаганига ҳам мана бир ойдан ошиқ вақт ўтди. Ушбу позитив руҳда ўтган саммит якунига кўра, ўнга яқин ҳужжат имзоланди. Мазкур қарорларнинг барчаси ижтимоий-иқтисодий интеграция бугунги кунда нечоғли зарур эканлигини эслатибгина қолмай, балки унга амалда киришилганлигидан дарак бермоқда.
Қарорларда Туркий дунёнинг иқтисодий ўсишида ҳамкорликни асосий локомотив дея эътироф этиш ва шу йўл билан ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи давлатлар аҳолисининг турмуши фаровонлигини таъминлашга урғу берилганлиги акс этган.
Барча манфаатдор ҳамкорларнинг глобал маданиятлараро мулоқоти учун асос яратишга йўналтирилган «Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббуси»нинг илгари сурилиши саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди.
Мазкур ҳужжатларда, хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт боғлиқлиги дастури ва соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисидаги битим, савдо стратегияси бўйича муҳим келишувлар имзоланди.
Шу ўринда ТДТга аъзо мамлакатларининг бугунги иқтисодий кўрсаткичларига эътибор берсак. Ушбу давлатлар ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 1,2 триллион доллардан кўп. Бу жаҳон ЯИМнинг салкам 1,5 фоизини ёки Осиё ЯИМнинг 5,5 фоизини ташкил этмоқда. Биз юқорида таъкидлаган бу фактлар бир қарашда кишида ёмон таассурот қолдирмайди албатта.
Хўш, бу кўрсаткичларни ошириш борасида яна қандай истиқболли йўналишларда фаоллик кўрсатиш керакки, бу ТДТнинг бир-бирини инкор этмайдиган икки асосий принципи ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ягона умумий бўлинмас хавфсизлик концепцияга зид ўлароқ дея тавсифланмаслиги лозим.
Назаримизда, ташкилот доирасида эришилган натижаларни хаспўшламасдан, ютуқларни инкор этмаган ҳолда янада юксалиш учун баъзи бир реал имкониятлар аниқроқ айтсак, мавжуд тарихий-жуғрофий шароитдан фойдаланилса, нур устига аъло нур бўлур эди. Биз бу ўринда бўлинмас, умумий хавфсизлик ва ягона хавфсиз транспорт коридорини мустаҳкамлаш доирасида Ғарб билан Шарқни боғловчи умумий транспорт логистикасини янада ривожлантириш заруриятига эътиборни қаратмоқчимиз. Мантиқан қараладиган бўлса, айни паллада дунё бозорига чиқариладиган маҳсулотлар учун хавфсиз йўлаклар ташкил этиш жаҳон геостратегиясида бирламчи масалаларидан, дея эътироф этилмоқда. Бежизга ТДТ транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият бераётгани йўқ. Ушбу масала мамлакатларнинг транспорт ўзаро боғлиқлигини таъминлаш барча саъй-ҳаракатларининг марказида туради. Шу сабаб, Транс-Каспий ёки Транс-Кавказ деб айтиладиган халқаро йўлакни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа, хавфсиз ва рақобатбардош транспорт алоқасига айлантириш масаласи ташкилот кун тартибида турибди. ТДТ айни жараёнда фаоллигини ошириш ва янада кенг имкониятларга эга бўлиш учун кейинги саммитда ушбу интеграцион ареалга Марказий Осиё минтақасидаги Тожикистонни ҳамда дунёнинг етакчи Ғарб давлатлари ва АҚШ таърифича, Марказий Осиёнинг ажралмас бир бўлаги дея аталадиган Афғонистон кузатувчи мақомида таклиф қилинса, умуммақсадга хилоф иш тутмаган бўлар эди.
Албатта, ушбу таклиф қўшимча бир неча саволларни ўртага чиқариши мумкин. Булардан биринчиси, этнолингвистик жиҳатдир. Бироқ қизиқ бир жиҳат борки, бугунга келиб, бу ташкилот ўз принципини мафкуравий (хусусан, кўпчилик иддао қилаётганидек пантуркизм ғояларидан) қарашлардан кўра кўпроқ интеграцион лойиҳаларга мослаётганини кўришимиз мумкин. Албатта, умумий тарих, маданият бу йўналишда муҳим пойдевор эканлигидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин аъзолар яхши англашяптики, бугунги глобал дунёда фаолият истиқболини жўн бир ғоялар атрофига қуриб бўлмайди.
Энди туркий интеграциянинг харитадаги жойлашувига назар солсак, туркий дунё ва туркий мамлакатлар Евроосиёнинг ўрта зонасида жойлашганини кўрамиз. Аждодларимиз бутун тарих мобайнида халқлар ва мамлакатларни бир-бири билан боғлашдек миссияни бажариб келган. Буюк ипак йўли туркий мамлакатлар орқали ўтган, туркий империялар Ғарбий Европа билан Хитойни, Шимол билан Жанубни ўзаро бирлаштириб турган.
Ҳеч шубҳасизки, ушбу тавсифга Тожикистон ва Афғонистоннинг шимолида доимо истиқомат қилиб келган халқлар ҳам дахлдордир. Бу икки мамлакат умумий тарих ва маданият нуқтаи назаридан минтақа халқларининг ажралмас бир қисми. Қолаверса, улар нафақат тарих, балки маданий-маърифий мозаика, қадриятлар силсиласи жиҳатдан ҳам бизга яқиндир ва яна агар аъзолик фақат тилга асосланадиган бўлса, бугун ташкилотнинг фаол кузатувчиси бўлмиш венгер дўстларимиз тили ҳам туркий эмас, фин-угор тиллари оиласига мансублигини ҳисобга олиш керак бўлади.
Албатта, уларнинг этногенези асосини буюк аждодларимиз хунлар ташкил қилишларидан биз ҳамиша фахрланамиз. Қолаверса, қўшни икки мамлакат этник қатламида ҳозирда ҳам туркий тилда сўзлашувчилар талайгина. Бир сўз билан ифодаласак, Тожикистон ва Афғонистон ушбу ташкилотга таклиф этилса, биринчидан, минтақада тинчликни асраш масаласида ТДТнинг таъсир доираси кенгайиши эҳтимоли ошар эди. Айниқса, сўнгги йилларда авж олаётган тожик-қирғиз ҳамда тожик-афғон муносабатларининг кескинлашуви фонида бу ниҳоятда муҳимдир.
Иккинчидан, эса ҳозирда ва истиқболда ҳам минтақамиз ҳамда ушбу ташкилотга аъзо барча мамлакатлар учун бирдек фойдали Транс-кавказ ва Термиз-Мозори Шариф-Қобул-Пешовар транспорт йўлагидан унумли фойдаланиш имкониятини янада оширар эди. Бу эса ҳеч бир ортиқча изоҳсиз маълумки, ТДТда ишлаб чиқарилган турли сегментларга тааллуқли маҳсулотлар, энг асосийси эса ёқилғи-энергетика ресурсларининг жаҳон истеъмол бозорига янги муқобил йўллар билан етказишни енгиллаштириш эҳтимоли юқори.
Бу эса ўз навбатида экспорт ва импорт маҳсулотларининг нархлари шаклланишида ижобий аҳамият касб этади. Ваҳоланки, ушбу транспорт логистикасидан тўлиқ фойдаланиш йўлга қўйилса, ТДТ аъзолари ривожланган Европа мамлакатларига маҳсулотларини айланма йўлларсиз тез фурсатларда етказиб бера олиш имконияти билан чекланиб қолмай, айни чоғда катта истеъмол бозорига, яъни баъзи рақамларга қаралса, бир ярим миллиард кишилик (15 00 000 000 Покистон ва Ҳиндистон кўпроқ назарда тутилмоқда) Жанубий Осиё минтақасига қисқа йўл орқали чиқиш имкониятига эга бўлади.
Янги аъзо давлатлар ҳисобига кенгайиш эса моҳиятан янгиликка бунёдкорликка йўғрилган «Самарқанд руҳи»ни мужассамлаштирган, амалий ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш ғояларини ифодаловчи халқаро ҳамкорликнинг мутлақо янги шаклини илгари суриш, дея таърифланса, не ажаб.
Ҳолбуки, ўтган йилги Истанбул саммитида ҳам янги истиқболли рационал лойиҳалар доимо ёқланиши эътироф этилган эди. Баъзи манбаларга таянилса, ўн бешга яқин давлат айни чоғда ушбу ташкилот билан турлича форматларда ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Бу, демак, ТДТнинг жаҳон сиёсий майдонидаги нуфузи ошиб бораётганидан даракдир!
Хушвақт Абдуллаев, сиёсий шарҳловчи