Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий дунё ахборот-таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди
10:55 / 2024-07-10

Шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида Туркий давлатлар ташкилоти муҳим ўринга эга бўлиб, аҳамияти юксалиб бормоқда.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг нуфузли ахборот-таҳлил марказлари, сиёсатчилар, эксперт ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Туркий дунё ахборот-таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди.  

Туркиянинг «Дипломатия» жамғармаси томонидан ташкил этилган мазкур форумда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам иштирок этди.  

Форумда Марказ раҳбари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, стратегиянинг устувор йўналишлари ва вазифалари ҳақида маъруза қилди, дейилади «Тараққиёт стратегияси» маркази маълумотида.  

Элдор Туляков ўз нутқида «Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш мақсадларига қаратилган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг бешинчи устувор йўналишига алоҳида тўхталар экан, жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, зиддиятлар ва турли инқирозларга қарамасдан Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суриб, халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўзининг тинчликпарвар ташқи сиёсатини самарали амалга ошираётганини таъкидлади.  

Жумладан, «Бугунги кунда ташкилотга аъзо барча давлатлар ташқи сиёсат, минтақавий ва глобал муаммоларга ечим топишда фаол иштирок этиб, мазкур жараёнларда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг БМТдаги таклифлари Туркий давлатлар ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланаётганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз», деди Элдор Туляков.

Туркий дунё ахборот-таҳлил марказлари форумида иштирокчилар томонидан халқаро муносабатларнинг замонавий тенденциялари ва Туркий давлатлар ташкилоти маконидаги минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туркий дунёнинг ахборот-таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди.  

Маълумотларга кўра, форум доирасида Марказ ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг етакчи «ақл марказлари» вакиллари ўртасида учрашув ва мулоқотлар ўтказилиб, келгусида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.  

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА