Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Туркий давлатлар ахборот агентликлари альянсининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Туркиянинг “Anadolu” агентлиги бош директори ўринбосари – бош муҳаррири Юсуф Озҳан, Озарбайжоннинг “АзерТАЖ” давлат ахборот агентлиги бошқаруви аъзоси Фуад Гадилли, Қирғизистоннинг “Kabar” Миллий ахборот агентлиги департаменти директори Нуржан Касмалиева, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош муҳаррири Жавлонбек Азизов, Венгриянинг “MTI” ахборот агентлиги контент бўйича директори Иштван Золтан Тот, шунингдек Туркий давлатлар ахборот агентликлари альянси (ATNA) бош котиби Элшон Шоҳболаев, Қозоғистоннинг “Qazcontent” медиакомпанияси бошқаруви раиси Айна Задабек ва бошқалар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Э.Шоҳболаев йиғилганларни кун тартиби билан таништирди.

Шундан сўнг Альянс фаолиятини янада ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги имижини юксалтириш, аъзо агентликлар ўртасида тажриба алмашиш кўламини кенгайтириш, кўп ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Туркий давлатлар ахборот агентликлари альянсининг логотипи тасдиқланди. Шунингдек, ташкилотнинг расмий веб-сайти тақдимоти ўтказилиб, ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалар очиш масаласи кўриб чиқилди. Иштирокчилар томонидан Венгриянинг MTI агентлигини Альянсга кузатувчи мақомида қабул қилиш таклифи бир овоздан маъқулланди.

Учрашувда 2025-2027 йиллар учун Альянс раҳбарияти ҳам сайланди. Икки йиллик бошқарув расман Туркиядан Қозоғистонга ўтиб, энди тузилмага “Qazcontent” АЖ раислик қиладиган бўлди. “Anadolu” ва “АзерТАЖ” вакиллари вице-президент этиб сайланди. ATNA Бош котиби Элшон Шоҳболаевнинг ваколати муддати бир йилга узайтирилди.

“Qazcontent” АЖ бошқаруви раиси Айна Задабек Альянс доирасида раисликни қабул қилиш жамоаси учун шараф ва шу билан бирга улкан масъулият эканини таъкидлади.
– ATNA нафақат Қозоғистон, балки ташкилотга аъзо барча мамлакатлар учун муҳим бирлашма ҳисобланади, – деди А.Задабек. – “Qazcontent” ваколат муддати даврида янги лойиҳа ва ташаббуслар, ўқув дастурлари ва ижодий танловларни йўлга қўйиш, шунингдек тузилмага бошқа давлатлардан янги кузатувчи ва ҳамкорларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратади.
“Anadolu” вакили Юсуф Озҳан ўтган давр мобайнида агентликлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб, туркий журналистиканинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортаётганини алоҳида қайд этди.

“АзерТАЖ” бошқаруви аъзоси Фуад Гадилли ўз чиқишида уюшманинг асосий мақсадларидан бири туркий дунёни халқаро ахборот майдонида тўғри ва холис намоён этиш эканига урғу берди.
– Афсуски, бугун глобал медиа маконда маълумотни бузиб кўрсатиш ёки нохолис ахборот тарқатиш ҳолати тез-тез учраяпти, – деди у. – Бундай амалиётга қарши ҳиссиётга берилиб эмас, балки аниқ фактга таяниш, сифатли журналистик маҳсулот тақдим этиш ва халқаро стандартга тўлиқ риоя қилиш орқали профессионал тарзда курашишимиз керак.

“Kabar” агентлиги вакили Нуржан Касмалиева ATNA туркий давлатлар ОАВнинг умумий, ишончли овози сифатида дезинформацияга қарши курашиш ҳамда жамиятлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш учун ўзига хос кўприкка айланиши лозимлигини таъкидлади.
Йиғилишда ЎзА бош муҳаррири Жавлонбек Азизов ҳам сўзга чиқиб, Альянс нисбатан қисқа вақтда салмоқли натижаларга эришгани, шу билан бирга ижодий ҳамда технологик ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш учун агентликлар ҳали улкан салоҳиятга эга эканлигини қайд этди.
– Ишончим комилки, бугунги йиғилиш ташкилот ривожида янги, муҳим саҳифа очади, – деди Ж.Азизов. – Бундан буён ҳам мудом жипсликда ҳаракат қилиб ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, туркий дунёнинг халқаро майдондаги овози янада ишончли, баланд янграшига эришамиз.

MTI вакили Иштван Золтан Тот ҳозирги рақамли давр ўзаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очаётганига эътибор қаратиб, миллий ахборот агентликлари ходимлари сифатида маълумотни тўплаш, текшириш ва жамиятга тўлақонли етказиш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолишини эслатди.
Тадбир якунида келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланган Қўшма декларация қабул қилинди. Туркий давлатлар ахборот агентликлари альянсининг навбатдаги йиғилишини Озарбайжонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ЎзА