Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида янги бозорларга чиқиш имкони яратилмоқда
10:55 / 2022-10-28

Бугун мамлакатимизда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бормоқда.

Хусусан, ўтган йилда Ўзбекистон Республикасининг ТДТга аъзо мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси 8,3 миллиард долларни ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 3,1 миллиард долларни, импорт ҳажми 5,3 миллиард долларни ташкил этди.  

Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан 2021 йилда юк ташиш ҳажми 27,6 миллион тоннани ташкил этган бўлиб, шундан 80 фоиздан ортиғи темир йўл, 18 фоиздан ортиғи эса автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келган.  

Транспорт ва коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш иқтисодий алоқаларнинг янада тараққий этиши ва ТДТга аъзо мамлакатлар ҳамда минтақаларнинг умумий ривожланишида муҳим ўрин тутади.  

Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда 2021 йил 12 ноябрь куни Давлатимиз раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг 8-саммитидаги нутқида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратган эди.  

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, туркий халқлар яшаб келган минтақалар минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида транспорт ва савдо кўприги вазифасини бажарган.  

Бугун дунёда кузатилаётган вазият транспорт-коммуникациялари соҳасини ривожлантириш ва ташқи савдо юклари ташилувчи маршрутларни диверсификация қилишда умумий ёндашувларни талаб этмоқда. Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш, ТДТга аъзо мамлакатлар ва минтақа давлатлари билан ҳамкорликда халқаро юк ташувлари жараёнларини янада енгиллаштириш, рақамли технологияларни соҳада жорий қилиш ва минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Шуни таъкидлаш лозимки, Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар орқали ўтади, шунинг учун уларнинг бирлашуви ва интеграциялашуви нафақат транзит юк ташиш ҳажмининг ошишига, балки Евросиё қитъасининг барча мамлакатлари ривожланишига фаол ҳисса қўшади.  

Ташкилотнинг таъсир доирасидаги 4 миллион квадрат километр майдонда қарийб 200 миллион аҳолини қамраб олувчи макон – бу катта бозордир. Қолаверса, Марказий Осиё минтақасидаги туркий тилли давлатларда ишлаб чиқарилган турли товарларнинг Европа бозорларига экспортини ташкил этишда Озарбайжон ва Туркия Республикаси транспорт йўлаклари жуда самарали.  

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг ўтган йилги Саммити доирасида давлат раҳбарлари бир овоздан мавжуд ва истиқболли минтақавий транспорт йўлакларидан аъзо давлатларнинг умумий манфаатлари йўлида фойдаланиш ва уларни Транскаспий халқаро транспорт коридорига «Шарқ-Ғарб» йўналишида интеграция қилиш тарафдори эканликларини маълум қилишганди.  

Транскаспий халқаро транспорт коридорини «Шарқ-Ғарб» йўналишида ривожлантиришнинг қўшма мақсади «Туркий дунё нигоҳи-2040» стратегик ҳужжатида ўз ифодасини топди.  

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Каспий денгизи орқали ўтувчи «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа», «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» йўналишларидан фаол фойдаланмоқда. Қолаверса, ТДТ ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия томонлари иштирокида Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Зеро, Президентимизнинг 2021 йил март ойида бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитидаги нутқида таъкидланганидек, «Марказий Осиё орқали асосий жаҳон бозорларига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа Осиё мамлакатларига, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорларига чиқишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.  

Бугунги кунда Ҳиндистон ва Покистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамда Хитой билан товар айирбошлаш умумий ҳажмининг 97 фоизи денгиз орқали амалга оширилади.  

Қуруқликда ва мультимодал транспорт коридорлари салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш учун ТДТ мамлакатлари ва бошқа минтақалар ўртасида глобал узлуксиз етказиб бериш занжирини яратувчи ягона транспорт тармоғини шакллантиришни якунлаш зарур.  

Бу йўналишда «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» ва «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўлларини қуриш лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу лойиҳалар бўйича қурилиш ишлари якунига етказилгунга қадар, мультимодал ташувларни ташкил этиш орқали транспорт йўлаклари ишини йўлга қўйиш лозим.  

Мазкур йўналишда томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон» транспорт йўлагини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида «Қашғар – Ўш – Андижон – Ғалаба – Ҳайратон» янги транзит йўналиши бўйлаб контейнер юк поездининг синов қатнови йўлга қўйилди. Йўналишда иштирок этувчи давлатлар ўз мамлакати ҳудуди орқали ташиш учун тариф имтиёзларини тақдим этдилар.  

Юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида халқаро транспорт йўлакларининг самарадорлиги ошади. Янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантиради. ТДТ мамлакатларига янги бозорларга чиқишни таъминлаб, йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш географиясини кенгайтириш, шунингдек, қўшимча транзит ҳажмларини жалб қилиш имконини яратади.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг 8-саммитида «Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури»ни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган эди.  

Бундай дастурга эҳтиёж сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва бошқа туркий мамлакатларда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, транзит билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани билан боғлиқ.  

Бироқ туркий давлатлар транспорт тизимининг интеграциялашув жараёни тўлиқ якунлангани йўқ. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари томонидан таклиф этилган транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури тегишли инфратузилмани яратишда ташкилотга аъзо мамлакатлар фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.  

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти транспорт вазирлари мажлиси якунлари бўйича икки муҳим ҳужжат келишилди. Булар Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида битим ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирилиги томонидан ишлаб чиқилган Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик Дастури.  

Мазкур ҳужжатлар туркий давлатлар ҳудудидан ўтувчи транспорт йўлакларини тизимлаштириш, уларнинг ҳудудида транспорт ҳаракатини кўпайтиришга кўмаклашади. Шу билан бирга, транспорт йўлакларининг жозибадорлигини ошириш, мамлакатлар транспорт инфратузилмасининг илғор ривожланишини рағбатлантириш ишларини амалга оширишга хизмат қилади.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА