Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар мулоқоти янги босқичга кўтарилмоқда
16:44 / 2023-11-04

Туркий давлатлар ташкилоти туркий халқлар бирдамлиги, уларнинг бой тарихи, маданияти ва азалий қадриятларини ифода этувчи тузилма саналади.

Ташкилот дастлаб 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги “Нахчиван шартномаси”га мувофиқ ташкил этилган. Унинг асосий мақсади мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш этиб белгиланган.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар кенгашига расман 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлган. Айни пайтда Туркий тилли давлатлар ташкилоти аъзолари таркибига Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия киради. Венгрия ва Туркманистон ташкилотга кузатувчи давлатлар сифатида қабул қилинган.

Бугунги кунда ташкилот фаолияти йигирма иккита моддадан иборат “Нахчиван шартномаси”га мувофиқ фаолият кўрсатиб келмоқда. Жумладан, “Нахчиван шартномаси”нинг 2-моддасида томонлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада ва унинг ташқарисида тинчликни таъминлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Ташқи сиёсат масалалари бўйича умумий позицияларни қабул қилиш, умумий мақсадларга тааллуқли барча соҳаларда самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда аъзо давлатлар ўртасида савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш каби мақсадлар аъзо давлатлар томонидан тўлақонли амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон томонидан ҳам ташкилот фаолиятини янада жонлантириш бўйича ташаббуслар илгари сурилган. Аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда бу ташаббусларнинг аҳамияти катта. Ташкилотга Ўзбекистон раислиги даврида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди. Янги тузилмалар ташкил этилди, бир қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар билан яқин шериклик алоқалари ўрнатилди. Айни кунларда ўтган йили Самарқанд саммитида имзоланган муҳим ҳужжатлар изчил бажарилмоқда.

Давлатимиз раҳбари куни кеча Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ҳам ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Мавзу юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамированинг фикрлари билан қизиқдик.

– Президентимиз саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлигини қайд этиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши эса “Нахчиван шартномаси”да белгиланганидек, аъзо давлатлар ўртасида савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш имконини беради.

Шунингдек, Остона мулоқоти давомида давлатимиз раҳбари глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш, Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади. Ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштиришни таклиф этди.

Шу билан бирга, Президентимиз ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этувчи куч эканлигини таъкидлаб, янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни таклиф қилди.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида ўтказилаётган бу каби стратегик мулоқот ва учрашувлар бугун дунёда рўй бераётган геосиёсий ноаниқлик шароитида ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз.

 

Икром Аввалбоев, ЎзА