Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ ёхуд минтақавий иқтисодиётни конструктив ривожлантиришга хизмат қилаётган омиллар
12:41 / 2023-11-27

Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркияни ўзида жамлаган, қудрати ошиб бораётган Туркий давлатлар ташкилоти дастлаб 1992 йили ташкил топган бўлиб, 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида қайта таъсис этилди. Шундан сўнг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Нахичеван битими имзоланди. Мазкур ташкилотда Венгрия ва Туркманистон кузатувчи сифатида қатнашади.

Ушбу ташкилотнинг бошқа блоклардан фарқли жиҳатлари қандай, мақсад ва вазифалари нималарга қаратилган? Шулар хусусида Тошкент давлат иқтисодиёт университети мутахассиси Шерзод ҚУРБОНОВнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Туркий давлатлар ташкилотининг миссияси – кўпгина блоклардан фарқли ўлароқ минтақада, аввало, тинчликни таъминлаш, савдо-иқтисодий интеграциялашувни институционал ривожлантириш, – дейди Шерзод Қурбонов. – Бундан ташқари, табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил иқтисодиёт ва яшил макон умуммиллий дастурларини жадаллаштириш, маданий меросни асраб-авайлаш, илмий-техник, фан ва таълим соҳаларини интеграциялаштириш, энергетика, транспорт, инвестиция соҳаларини тараққий эттириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қўшимча қиймат яратишдан иборат.

Туркий давлатлар ташкилоти ўз дастури доирасида соҳалар интеграциялашуви, инвестициялар ва кооперацияларни аҳоли фаровонлигини ошириш учун кенг жорий этиш, тадбиркорлик ривожи учун божхона сиёсатини соддалаштириш, савдо-сотиқни енгиллаштиришда транспорт инфратузилмаларини узлуксиз боғлаш ва халқаро бозорларга қулай йўл очишни кўзлайди.

Таъкидлаш жоизки, аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этадиган Туркий давлатлар ташкилотининг сўнгги йиллардаги фаолиятида олий даражадаги етакчилар ташаббуси билан фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳалари жонланиб, қадриятлар тикланиб, оммалашиб бормоқда.

Бинобарин 2018 йил сентябрь ойида Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг 6-саммитида ташкилот тарихида биринчи марта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Саммитда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига кириши тўғрисида сўзлагач, 2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди ва ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил ноябрь ойида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этаркан, Кенгашга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар томонидан Марказий Осиёдаги чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик, иқтисодий барқарорлик янги босқичга олиб чиқилганлиги, дипломатик муносабатлардаги прагматик, очиқлик сиёсатини юксак баҳолади.

Янги Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи янада мустаҳкамланишида улкан иқтисодий конструктив ислоҳотларни олиб бораётгани эътироф этилди. Мамлакатимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар, институтлар билан истиқболли, реал, катта сармояларга асосланган ҳамкорлик ўрнатиб келаётгани эътироф қилинди.

Жаҳон ҳамжамияти таъбири билан айтганда, Туркий давлатлар ташкилотига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев истиқболли лойиҳаларни жадал татбиқ қилиш руҳини олиб кирди.

Бунга Ўзбекистон ТДТ дастурлари доирасида минтақавий халқаро ташкилотлар ҳисобланувчи ШҲТ ва МДҲ билан кўп векторли ислоҳотларни ўз ташаббуси орқали илгари сураётгани мисол бўла олади.

– Мазкур кенгаш 2021 йилдан Туркий давлатлар ташкилоти деб номланиши минтақада ташкилотнинг ижобий жонланишига туртки бўлди. Ушбу жараёнда Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий потенциалини нималарда кўрасиз?

– Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлиги Ўзбекистон иқтисодиётида улкан рақамларни ҳосил қилади, биргина 2021 йилни оладиган бўлсак, шу йили Ўзбекистон ТДТ давлатлари билан 9,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида савдо-сотиқ олиб борган. Бу рақамлар Ўзбекистон ташқи савдосининг қарийб 23 фоизини ташкил этиб, ўтган даврда Ўзбекистон ва ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо операциялари қарийб 4 баробарга етган.

Бу кўрсаткичлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, самарали иқтисодий ютуқлар ташкилотга Ўзбекистон раислик қилган даврда туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган юздан ортиқ дастур ва чора-тадбирлар натижасидир.

Шу боис жаҳон платформаларида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистоннинг 2022 йил январь-март ойларида асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари сезиларли ўсди.

Масалан, “Туркиянинг иқтисодий истиқболи” номли статистик бюллетени маълумотларга қараганда, туркий давлатларнинг умумий майдони 4244000 км2, аҳолиси 155,1 миллион киши, ялпи ички маҳсулоти 1001,4 миллиард доллар, товар айирбошлаш ҳажми 536,08 миллиард долларни ташкил этади. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар жаҳон географик ҳудудининг 0,8 фоизини, аҳолисининг 2 фоизини, ялпи ички маҳсулотининг 1,2 фоизини, товар айланмасининг 2,5 фоизини ҳосил қилиб, улкан улушга эга минтақа.

Хабарномага кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида Туркия иқтисодиётида 7,3 фоиз, Озарбайжонда 6,8 фоиз, Ўзбекистон иқтисодиётида 5,8 фоиз, Қирғизистонда 4,5 фоиз, Қозоғистон иқтисодиётида эса 4,4 фоизга ўсиш кузатилиб, минтақада шаффоф иқтисодий муҳит яратилган ва мамлакатимиз 3-ўринда иқтисодий ташаббусни қўлга олган.

Хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг 2022 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 10,2 фоизга ошди ва 7,4 миллиард долларни ташкил этган. Хусусан, экспорт – 3,2 миллиард доллар (ўсиш 10,6 фоиз), импорт – 4,2 миллиард доллар (ўсиш 9,9 фоиз). Ўтган йили Ўзбекистон ва Туркий дунё ташқи савдо айланмаси 8,3 миллиард, экспорт ҳажми 3,1 миллиард долларни ташкил этган.

Яна бир жиҳат. Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар ҳудудлари орқали ўтади. Шунинг учун уларнинг бирлашуви ва интеграциялашуви нафақат транзит юк ташиш ҳажми ошишига, балки Евроосиё қитъасининг барча мамлакатлари ривожланишига фаол ҳисса қўшади.

Биз учун манфаатли томони Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар портларидан юк ташишни ташкил этишда фаол.

Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилнинг 9 ойига нисбатан Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Туркманистон портлари иштирокида юк ташиш ҳажми икки баробардан кўпроққа, яъни, 337 минг тоннадан 701 минг тоннага ошган.

2022 йилда туркий давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 33 миллиард долларни ташкил этди. Шундан, 3,8 миллиард доллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Ўтган йили Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган давлатларнинг умумий экспорти қиймати 537 миллиард доллардан ошган.

Ўзбекистон ташкилот мамлакатлари бозорларига тайёр маҳсулотларнинг асосий ҳажмини – тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда рангли металларни экспорт қилади.

Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларидан эса, юртимизга саноат корхоналари учун зарур бўлган маҳсулотлар: металл прокат, алюминий, шунингдек, турли механик асбоблар, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, доннинг асосий қисми ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилади.

– Иқтисодий шериклар иттифоқдошлиги натижалари қандай?

– Жорий йил ноябрь ойининг учинчи кунида Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида бўлиб ўтди.

Кенгаш шукуҳи Президент Шавкат Мирзиёев туркий халқлар бирдамлигини, улуғ ўтмиши, буюк давлатчилиги, бой маънавий-моддий мероси, азалий қадриятларини ўзида мужассам этадиган Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқишни таклиф этганида намоён бўлди. Кун тартибига мувофиқ ТДТ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда тили, дини ва қадриятлари бир-бирига чамбарчас боғланган туркий халқларнинг овози дунё бўйлаб янада баланд, янада кучли янграётганини таъкидлади.

Ташкилот бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ҳамкорлиги хусусида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатганини катта мамнуният билан қайд этиб, ўтган йили Самарқанд саммитида имзоланган муҳим ҳужжатлар изчил бажарилаётганини сарҳисоб қилди.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Президенти қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклифи билдирилди.

Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаб, Ўзбекистон Президенти марказ имкониятларидан савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришда унумли фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб эканини илгари сурди.

Шу маънода давлатимиз раҳбари Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади.

Ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

Экология, яшил иқтисодиёт, яшил макон умуммиллий соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумини тузиш ташаббусини таклиф сифатида берди.

Ўзбекистон етакчиси ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этиш, янгиликка интилувчан, ташаббускор йигит-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни таклиф қилди.

Ўтган йили “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида бўлиб ўтган Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжатлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон раислиги даврида юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилгани, муҳим ташаббуслар илгари сурилгани ва “Туркий нигоҳ – 2040» концептуал дастури ҳаётчанлигини илгари сурди.

Жумладан, Туркий давлатлар Касаба уюшмалари ташкилоти, Фазо тадқиқотлари академияси, Жуғрофий кенгаш, Қурғоқчиликни бартараф этиш институти, Нотариал идоралар уюшмаси каби янги тузилмаларнинг самарали фаолиятини мисол келтирди. Қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг турли ихтисослашган институтлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан яқин шериклик алоқалари ўрнатилганини қайд этди.

“Туркий давр” шиори остида ўтган саммитимизда кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган олтита туркий цивилизацияни юксалтириш ғоясини амалга ошириш, технологик тараққиёт ва илғор билимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга асос бўлди. Тадбирнинг тантанали қисми Туркий давлатлар ташкилоти давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени”ни топширилиши бўлди.

“Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан”, деди давлатимиз раҳбари.

– Туркий давлатлар ташкилоти минтақасида ҳали ишга солинмаган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш қандай иқтисодий самара беради?

– Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги, Қозоғистон нефть-газни қайта ишлаш, металлургия соҳаси, Озарбайжон эса энергетика ва саноат соҳаси, Қирғизистон сув захиралари, Туркия эса Европага чиқиш ҳамда саноатнинг жуда кўп йўналишида катта устуворликка эга.

Шунинг учун Туркий давлатлар ташкилоти платформасида аъзо давлатларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш, биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган қарамликнинг олдини олиш ва барқарор иқтисодиётни таъминлашда амалий интеграциялашув долзарблик касб этади. Бу интеграциялашув бир макон, бир вақт ва бир йўлда умумлашгани билан самаралидир.

Саммитда таъкидландики, глобаллашув жараёнларининг фаоллашуви, ноаниқ ахборотлар хуружи, иқлим ўзгаришлари, халқаро геосиёсий вазиятлар, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида жиддий муаммоларнинг пайдо бўлиши Туркий давлатларнинг бир мақсад остида муаммоларни оқилона ечишни тақозо қилиши очиқланди.

Бундай очиқ ва прагматик руҳда ўтган саммит минтақада ҳали ишга солинмаган, захирада турган катта табиий, иқтисодий имкониятларни ишга туширишда ҳал қилувчи маслак бўлади.

Зеро тили, қадриятлари бир қардош ва азалий ҳамкор бўлган давлатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириши минтақада савдо-иқтисодий инновацион бозор ислоҳотларини амалга ошириш, индустриал саноат лойиҳаларини кенгайтириш ва халқларимиз фаровонлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

ЎзА мухбири 

Абдулазиз РУСТАМОВ 

суҳбатлашди.