Маълумки, ҳамкор мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ҳамда глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиш, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда турли даражадаги маслаҳатлашувларни ташкил этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири саналади.
Жумладан, бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бораётган Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам Ўзбекистон кўплаб ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
3 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам Президентимиз томонидан ташкилотга аъзо мамлакатларнинг 160 миллиондан ортиқ аҳолиси манфаатларини акс эттирувчи бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Шунингдек, саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклифи билдирилди.
Албатта, бундай молиявий муассасанинг Тошкент шаҳрида жойлаштирилишининг таклиф этилиши бежиз эмас. Бугун мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити сабаб, нафақат Тошкент шаҳри, балки республикамизнинг барча ҳудудларида замон талабларига жавоб берадиган бизнес марказлар фаолияти йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, ташкилотга аъзо Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ҳамда Венгрия ва Туркманистон каби кузатувчи давлатлар учун ҳам Тошкент шаҳри қулай жой ҳисобланиши аниқ. Чунки айни кунда мамлакатимизда ташкилотга аъзо барча давлатларнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан ушбу бошланган ўзгаришларни янги босқичга олиб чиқиш учун глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб экани таъкидланди. Шу маънода Президентимиз Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади. Бунинг учун ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари бугун дунё мамлакатлари учун ҳам кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлиб келаётган экологик барқарорликни таъминлашга оид таклифни ҳам илгари сурди. Жумладан, экология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумини тузиш таклиф этилди.
Ўзбекистон етакчиси ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишонч билдирди. Янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш таклиф қилинди.
Жадид боболаримизнинг илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти ТДТ мамлакатлари вакилларини жорий йилнинг декабрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро анжуманда фаол иштирок этишга таклиф этди.
Президентимиз ўз маърузасида минтақа давлатлари тинчлиги ва барқарорлиги масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, иштирокчилар эътиборини минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли жафокаш афғон халқига қаратди.
Мамлакатимиз етакчиси афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.
Умуман олганда, Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви доирасида билдирган фикр ва таклифлари ташкилотга аъзо мамлакатларнинг маданий-гуманитар соҳада халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва механизмларини очиб беришга хизмат қилади.
Музафара Абдиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати