English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркий давлатлар ташкилоти -  Евроосиёдаги халқаро муносабатлар архитектурасида янгича омил сифатида
21:35 / 2022-11-10

2021 йилда Туркий давлатлар ташкилоти дея янги ном олган Туркий тилли мамлакатлар бирлашмаси янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Унинг нафақат номи, таркиби ва тузилиши ўзгармоқда, балки  ташкилотнинг халқаро майдондаги  нуфузи, жозибадорлиги ҳам ошмоқда. Бу кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, улар орасида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин.

Биринчидан, мамлакатимизнинг очиқ, яхши қўшничиликка асосланган сиёсати туфайли туркий давлатлар, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамда уларнинг Туркия билан муносабатларида дўстона муҳит шаклланди. Бу ҳолат ТДТ ни фол ривожлантириш учун ниҳоятда қулай шароитларни яратди. 2019 йилда Ўзбекистон ТДТ га қўшилиши ҳамда Ташкилот фаолиятидаги фаол иштирок этиши билан у янгича халқаро мавқега эга бўлди ва унинг нуфузини сезиларли даражада оширди. 

Иккинчидан, сўнгги йилларда Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши натижасида  Евроосиё мамлакатларида ТДТ  фаолиятига қўшилиш шартлари  яхшиланди.

Масалан, Туркия Президенти Р. Эрдоғаннинг  ШҲТ саммитига таклиф этилгани,  Россия Федерацияси ва Туркиянинг ТДТ  саммитида қайта  учрашувини ўтказиш имкониятини маълум қилгани ҳам бунинг далилидир. Россия Президенти ТДТ саммитига  меҳмон сифатида таклиф этилмаган, бироқ  Туркия раҳбарининг фикрича, унинг туркий давлатлар учрашувида  қатнашиши эҳтимоли мавжуд.  

Учинчидан, Венгриянинг ТДТ да фаол иштирок этиши  ушбу Ташкилотга европача руҳ бағишлайди. Бу ТДТ нинг нафақат Кавказ ва Марказий Осиёга йўналтирилганини, балки Шарқ ва Ғарбни, насронийлар ва мусулмонларни боғловчи тузилма вазифасини бажаришини  кўрсатади. Венгрия ТДТ да кузатувчи мақомда бўлишига қарамай,  бошқа давлатлар билан тенг равишда фаолият юритмоқда, нафақат барча саммитларда, шунингдек Ташкилотнинг барча лойиҳа ва дастурларида ҳам қатнашмоқда. 2019 йилдан буён Венгрия ҳукумати  Будапештдаги Туркий кенгашнинг Европа офисини молиялаштириб келмоқда, шунингдек, умумтуркий Инвестиция фондига ўз ҳиссасини қўшишга ҳам тайёрлигини билдирмоқда. 

Тўртинчидан, Ташкилотнинг иқтисодий компоненти кучаймоқда. Ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 1,2 трлн. доллардан ошди. ТДТ мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмаси қарийб 1 трлн долларни ташкил этади ва жаҳон савдо ҳажмининг 1,5 фоизи ушбу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. 

 ТДТ нинг умумий аҳолиси сони 170 млн кишидан иборат улкан ички бозорни ифодалайди, 25 йил дан сўнг бу кўрсатгич 200 млн кишидан ошади.

Бу рақамлар Ташкилотнинг улкан иқтисодий салоҳиятга эга эканлигини кўрсатади. ТДТ доирасида савдо, транспорт, энергетика ва туризм соҳаларида  кўплаб шартномалар қабул қилинади ва амалга оширилади. Самарқанд  саммити якунлари бўйича қабул қилинадиган қатор қарорлар Ташкилот фаолиятига  янгича, янада  улкан иқтисодий тус беради. 

Бешинчидан, Туркияни Озарбайжон билан бевосита боғловчи Зангизўр йўлагининг тиклаш имконияти ҳамда Транскаспий транспорт йўналишлари лойиҳаларининг фаоллаштирилиши Ғарб ва Шарқ ўртасидаги  муҳим транспорт транзит хаби сифатида ТДТ маконининг аҳамиятини оширади.

ТДТ мамлакатларининг бу роли Хитойни Европа билан боғловчи “Ўрта йўлакнинг” барча асосий йўналишлари мавжудлиги билан кучаяди. 

Олтинчидан, Евроосиёдаги бошқа фаол минтақавий ташкилотлардан фарқли ўлароқ, ТДТ Ғарб ва Шарқ ўртасида антогонистик кун тартибини яратмайди. Аксинча, иккита НАТО/ЕИ давлати ва яна иккита КХШТ (Колектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)/ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) га аъзо мамлакатларга  эга бўлган Ташкилот муайян манфаатлар мувозанатини яратади.

Ички низоларнинг, хусусан аъзо давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг йўқлиги ҳам ТДТ ни  Евроосиёда фаолият юритаёган бошқа минтақавий ташкилотлардан ажратиб турувчи яна бир омилдир. 

Евроосиё ташкилотларининг ҳеч бири (ШҲТ, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ) Европада ўз ваколатхонасига ва ЕИ бозорига кириш имконига эга эмас. ТДТ  да эса, бир пайтнинг ўзида икки давлат – Туркия ва Венгрия Европа Иттифоқи Божхона бирлашмасида иштирок этади ва  Европа стандартларининг ташувчилари ҳисобланади.

ТДТ нинг Европа билан боғлиқлиги маданий-гумантар соҳада ҳам ўз аксини топган. 2019-2020  йилларда Хива шаҳри Европада  Туркий олам пойтахти деб кўрсатилган. ТУРКСОЙ ёшлар камерали хори Европа хор ўйинларининг уч карра олтин совриндори ҳисобланади. 

Умуман олганда, ТДТ нинг ташкил топиши  турк оламида ва халқаро майдондаги жадал ўзгаришлар кузатилаётган геосиёсий шароитда содир бўлмоқда.

ТДТ  нафақат Марказий Осиёда нуфузи ортиб бораётган истиқболли бирлашма, балки халқаро муносабатларнинг муҳим бўғинига айланаётган минтақавий тузилма сифатидаги обрўйи ҳам  кучайиб бормоқда. 

Ташкилот аъзо давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш учун  самарали субминтақавий  механизмга айланмоқда. 

ТДТ нинг жадал кенгайиб бориши Евроосиёда унинг аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради (2018 йилдан бошлаб кузатувчи сифатида – Венгрия, 2019 йилда – Ўзбекистон, 2021 йилда – Туркманистон). Сўнгги йилларда кўплаб давлатлар, хусусан, Жанубий Корея, Эрон, Афғонистон, Украина каби бир қатор мамлакатлар ТДТ билан у ёки бу шаклда алоқалар ўрнатишга қизиқиш билдирди. 

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари ТДТ нинг ҳаракатлантирувчи кучи ва “географик ядроси”га айланиб бормоқда. Қозоғистон ташаббуси билан ва Ўзбекистон кўмагида бирлашма номини ўзгартириш, “2020-2025 йилларга мўлжалланган  ташкилот стратегияси” ва “2040 йилгача бўлган даврда Турк оламининг концепцияи” ни ишлаб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг “Яқин ва ўрта муддатли истиқболда иқтисодий ҳамкорлик стратегиси” тўғрисидаги муҳим қарорлари Марказий ТДТ нинг узоқ муддатли фаолиятини белгилашда Осиё мамлакатларининг роли ортиб борётганидан далолат беради. 

Ушбу ташаббуслар минтақадаги асосий давлатлар ТДТ  фолиятининг етакчи иштирокчилари эканини кўрсатади. Туркистоннинг “Турк оламининг маънавий пойтахти”,  Самарқанднинг “Турк цивилизацияси пойтахти” деб эълон қилиниши  Марказий Осиёнинг  ТДТ маконидаги алоҳида ролини мустаҳкамлайди. 

Юқоридагиларни ҳисобга олиб,  ТДТ да иштирок этувчи минтақа давлатлари учун  қуйидаги  таклифларни илгари суриш мақсадга мувофиқдир:

- ТДТ даги ҳамкорликни фаол ривожлаништириш, минтақадаги бошқа нуфузли ҳамкор давлатлар томонидан салбий муносабатларни келтириб чиқармаслик учун Туркий оламда ёпиқ блок шаклланишига йўл қўймаслик; 

- Анқара билан муносабатларда мустақил ва блоксиз позицияни сақлаган ҳолда,  Туркия билан  стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, унинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион-технологик  салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш;

- Марказий Осиёни Ташкилотнинг “асосий ўқи” сифатида сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бу минтақа давлатларининг  ТДТ даги умумий  таъсирини оширади.  

 

Шуҳратжон Йигиталиев, 

мустақил шарҳловчи.