Дунё геосиёсати ўзгариб бораётган бир даврда Евросиё маконида туркий давлатлар ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашди. Марказий Осиё, Кавказ ва Онадўли минтақаларини боғлаб турган маконда сиёсий мулоқот кенгайиб, транспорт ва савдо алоқаси мустаҳкамланмоқда, қатор қўшма иқтисодий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Айниқса, минтақада глобал геосиёсий мувозанат ўзгараётган бир шароитда туркий давлатлар ўзаро яқинлашуви халқаро таҳлил марказлари ва экспертлар диқатини жалб этмоқда. Бу жараён институционал жиҳатдан, аввало, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида шаклланмоқда.
Туркий давлатлар ҳамкорлигининг ҳозирги институционал модели 2009 йил Нахчивонда имзоланган келишувга бориб тақалади. Ушбу ҳужжат туркий тилли давлатлар ўртасида доимий сиёсий мулоқот механизмини шакллантирди. 2021 йил номи расман Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилган тузилманинг ваколати ҳам кенгайтирилди. Бугунги кунда ТДТга Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Озарбайжон тўлақонли аъзо, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга. Ташкилот томонидан қабул қилинган “Turkic World Vision-2040” стратегияси доирасида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, транспорт занжирини мустаҳкамлаш ва минтақада савдо айланмасини ошириш устувор вазифа этиб белгиланган.
Савдо муносабатлари ва иқтисодий боғлиқлик
Минтақавий интеграция жараёнини баҳолашда ўзаро савдо кўрсаткичи алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда ТДТ майдонида товар айирбошлаш миқдори барқарор ўсяпти. 2023-2024 йиллари аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қиймати тахминан 45 миллиард доллардан ошди. Бу рақам ҳали йирик иқтисодий бирлашмалар даражасига етмаган бўлса-да, минтақада иқтисодий алоқалар изчил кенгайиб боряпти.
Бу жараёнда минтақанинг асосий иқтисодий маркази сифатида намоён бўлаётган Туркия билан Марказий Осиё давлатлари савдоси сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада ошди. Хусусан, мамлакатимизнинг ушбу қардош ўлка билан савдоси 2023 йилга келиб қарийб 3 миллиард долларга етди. 2026 йил ўзаро товар айирбошлаш қийматини 5 миллиард долларга етказиш белгиланган. Бу ҳолат иқтисодий ҳамкорлигимиз янги босқичга чиққанини кўрсатади.
Қозоғистон ҳам туркий иқтисодий маконда муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакат энергия ресурслари, саноат базаси ва транзит имконияти орқали минтақа занжирида муҳим ҳалқа вазифасини бажаради.
Иқтисодчилар таъкидлашича, ТДТ доирасидаги савдо ҳали умумий ташқи айланмага нисбатан салмоқли эмас. Шундай бўлса-да, ўсиш суръати юқорилиги фаол иқтисодий интеграция учун асос яратиши мумкин.
Транспорт йўлаклари ва геоиқтисодий аҳамият
Туркий давлатлар иқтисодий яқинлашувининг асосий шарти транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликдир. Айниқса, Евросиёда таъминот занжири қайта шаклланаётган бир пайт Ўрта йўлак транспорт тизимига қизиқиш ортмоқда. Ушбу йўналиш Хитойдан Марказий Осиё орқали Каспий денгизи, Кавказ ва Туркия орқали Европага чиқиш имконини беради. Боку – Тбилиси – Карс темир йўли мазкур йўлакнинг стратегик қисми сифатида Евросиёда янги логистика йўналишини шакллантиришга хизмат қилади. Экспертлар инфратузилма жадал ривожлантирилса, бу йўлак икки қитъа савдо логистикасида муҳим муқобил лойиҳага айланишини башорат қилишяпти.
Инвестиция ва саноат кооперацияси
Иқтисодий ҳамкорлик инвестиция соҳасида ҳам фаоллашмоқда. Жараённи институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида 2023 йил Туркий инвестиция жамғармаси ташкил этилди. Тузилма фаолияти қўшма инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш ва хусусий сектор фаоллигини оширишга йўналтирилган.
Ўзбекистон ва Туркия қўшма корхоналари сўнгги йилларда сезиларли даражада кўпайгани ҳам айни саъй-ҳаракат маҳсулидир. Изчил ҳамкорлик тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва энергетика каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Бундай кооперация модели минтақада саноат занжирини шакллантириш ва инвестиция оқимини тезлаштиришга хизмат қилади.
Туркий давлатлар интеграцияси иқтисодий жараён бўлиши билан бирга, геосиёсий аҳамиятга ҳам эга. Туркия учун Марказий Осиё билан алоқалар Евросиё маконидаги стратегик таъсирни кучайтириш имконини беради. Минтақа давлатлари эса бу ҳамкорлик орқали ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиб, янги бозорларга йўл очади. Глобал таъминот манзараси ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда туркий давлатлар транспорт, савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаб, Евросиёда янги иқтисодий макон яратиши мумкин. Қолаверса, ҳамкорлигимиз институционал мустаҳкамланиб, иқтисодий жиҳатдан чуқурлашса, келгуси ўн йилликда туркий давлатлар маконида минтақавий иқтисодий интеграциянинг янги модели шаклланиши эҳтимолдан холи эмас.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА