Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида давлатимиз раҳбари томонидан халқаро ҳамжамият ҳамда туркий давлатлар эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббус ва таклифлар билдирилди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ушбу ташаббуслар мамлакатимизнинг туркий давлатлар орасида нуфузи ортиб бораётганини кўрсатди. Жумладан “қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган. Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ана шундай бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни чуқур ўрганиб, келгуси авлодларимизга безавол етказиш барчамиз учун энг асосий вазифадир” – дея алоҳида қайд этди.
Албатта, туркий давлатлар умумий ўтмишга эга, тили, дини, маданияти ва қадриятлари бир-бирига жуда яқин. Шундай экан мамлакатларимизнинг ўзаро иқтисодий, сиёсий, маданий ва гуманитар алоқаларини янада кенгайтириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Сўнгги йилларда бу йўлда ташкилот доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Лекин ҳали ишга солинмаган имкониятлар ва қатор вазифалар мавжуд.
Шундан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбари “ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш, тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятида эканлигини алоҳида таъкидлади.
Маълумки, мамлакатимиз таклифи билан 2022 йил Туркий давлатлар ташкилоти доирасида “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинган ва унинг доирасида Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти мақомига эга бўлган эди. Президентимиз мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратиб, келгуси йили юртимизда туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни, унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ёшлар, Ташкилот оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш лозимлигини таъкидлаб, Ташкилот Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифини билдирди.
Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Давлатларимиз ҳамкорлигини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба ва билимларимизни биргаликда баҳам кўриш, ёшларимиз салоҳиятини ўстириб бориш орқали Ташкилот нуфузи янада ошади ва келажаги мустаҳкамланади.
Шу билан бирга энг аввало давлатларимизнинг маданий алоқалари ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этиш керак. Бу борада Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг ўзбек тилида нашр қилинганлиги муҳим ўрин тутади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари “ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этсак, қардош элларимизни, авваламбор, ёш авлодларимизни ўзаро яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратган бўлар эдик” дея бежизга таъкидламади.
Албатта, Самарқанд саммитининг мамлакатимиз ривожидаги аҳамиятини тарғиб қилиш, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ қилишда сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлари фаоллик кўрсатиши керак. Зеро, ҳамкорликни кучайтириш орқали кўзланган барча мақсадларга, албатта, эришамиз.
Тажибай РОМАНОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,
ЎзА