ЎзА суҳбатдоши - Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, фалсафа фанлари доктори Муродулла Мирзаев Туркий давлатлар ҳамкорлиги, жумладан, Ўзбекистон – Туркия – Озарбайжон муносабати хусусида фикр юритади.
– Жорий йил 2 август куни Тошкентда Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ҳамда транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ушбу мулоқотнинг халқаро муносабат ва глобал иқтисодиётда юз бераётган жараён нуқтаи назаридан ўта долзарб эканини қайд этди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг шу йил 15 август кунги телефон орқали суҳбатида Ўзбекистон – Туркия алоқасини янада мустаҳкамлаш, кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик бўйича фикр алмашилди.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг савдо айланмаси Озарбайжон билан етти баробар, Туркия билан икки ярим баробар кўпайгани кўзланган мақсад ва мавжуд салоҳиятга тўлиқ мувофиқ келмаса-да, бу борада эришилаётган сезиларли ўсишдан далолат.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ҳамкорлиги муштарак тарих ва маданият билан чамбарчас боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, қадимий Буюк Ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракат орқали туркий дунёни азалий негизига қайтариш назарда тутилган.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф, ташаббуслар ишлаб чиқилди. Йиғилиш якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Бундай тадбирлар туркий давлатларнинг ўзаро манфаатли шериклигини янги босқичга олиб чиқиши билан эътиборга лойиқ. Ўтган аср 90-йилларигача, ҳатто, орзу ҳам қилиб бўлмайдиган туркий халқлар бирлиги рўёдан ҳақиқатга айланганига гувоҳмиз. XX аср бошида халқаро миқёсда содир бўлган буюк ўзгаришлар силсиласида юзага келган объектив ва субъектив мураккабликка қарамасдан, келажакни кўра олган, бир кун келиб бирлигимиз қарор топишига умид боғлаган, мустабид империяларнинг муқаррар парчаланишини башорат қилган етакчилар муштарак тарихимизда бисёр: Туркияда – камолчилар, Ўзбекистонда – жадидлар, Озарбайжонда – Мехмет Эмин Расулзода бошчилигадаги ватанпарварлар.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда туркий давлатлар орасидаги ўзаро алоқа ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда. Бунда Туркиянинг ички ва ташқи сиёсий ҳолати муҳим ўрин тутади.
Иқтисодий жиҳатдан шиддат билан ривожланиш, мураккаб халқаро муносабатда сиёсий нуқтаи назардан олиб борилаётган барқарор сиёсат, жамият ҳаёти демократлашуви Туркияни нафақат мусулмон оламида, балки барча ривожланаётган мамалакатлар, хусусан, туркий давлатлар учун ҳам иқтисодий-сиёсий ривожланиш модели сифатида намоён этмоқда. Шу имкониятдан фойдаланиб, Туркия ўз сиёсий амбициясини тўғри маънода ўзига яқин мамлакатларга ёя бошлади. Тараққиётнинг асосий тамали - иқтисодий ва сиёсий тизимга путур етказмаслик ва вазиятни барқарор ушлаб туриш, ён-атрофдаги сиёсий жиҳатдан беқарор мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқа ўрнатиш, шунингдек, Европа ва Осиё, Шимол ва Жануб ўртасидаги сиёсий-географик позиция туфайли тўқнашувдан сақланиш мақсадида ўз замонавий ташқи сиёсий концепциясини ишлаб чиқди ва муваффақиятли татбиқ этиб боряпти.
Ўзбекистон – Туркия муносабати охириги беш йилда жадал ривожланмоқда. 2022 йил март ойидаги ташрифи чоғида Туркия Президенти Режеп Тоййиб Эрдўғон республикамизда кузатилган муваффақиятли ислоҳотларни қўллаган ҳолда, икки давлат қардошлигини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишини таъкидлаган эди. Давлатларимиз ўртасида, нисбатан, мураккаб жараён билан тавсифланадиган дипломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан умумий тарих, тил, маданият, эътиқодга устуворлик берилгани бежиз эмас.
Ўзбек – турк муносабатининг янги босқичи 2019 йил Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлиги Кенгашига аъзо бўлгани билан изоҳланади. Мазкур Кенгашнинг VII саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “асрнинг учинчи лойиҳаси” номини олган “Боку – Тбилиси – Карс” янги темир йўли салоҳиятидан самарали фойдаланиш заруратини баён этганди. Айни пайт мамлакатимиз Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузияни Туркия транспорт тармоғи билан боғлайдиган Навоий – Туркманбоши – Боку – Тбилиси – Карс темир йўл коридоридан фойдаланишдан манфаатдор экани ҳам қайд этилган. Мазкур йўналиш Ўзбекистонга Туркиянинг Мерсин порти орқали Ўрта ер денгизига чиқиш имконини беради.
Тошкент ва Анқара стратегик шерик сифатида тобора чигаллашиб бораётган афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш фикрида ҳам якдил.
Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган муносабатимиз янада яхшиланишига шубҳа йўқ. Шу билан бирга туркий давлатлар интеграцияси биз ўйлагандек осон ривожланмаслигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Марказий Осиё дунёнинг йирик давлатлари, хусусан, Россия геосиёсий манфаати марказидаги минтақа экани сир эмас. Шу боис туркий давлатларнинг интеграциялашуви айримларни ташвишга солиши табиий.
Баъзи давлатларда Марказий Осиё маркази ҳисобланган турк мамлакатлари яқинлашуви айирмачилик, давлатчилик заифлашуви билан хавфлилиги ҳақида бонг ураётганлар ҳам йўқ эмас. Шу нуқтаи назардан Туркий давлатлар ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабат ўрнатиш баробарида минтақа барқарорлигига таҳдид солувчи ҳар қандай хавфни биргаликда бартараф этиш масаласи ҳам тузилма кун тартибида туради.
2020 йил октябрда Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида имзоланган битим бунга мисол бўла олади. Салоҳияти нуқтаи назаридан етакчи ҳисобланган Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон иштирокида қад ростлаётган Турк дунёси концепцияси қанчалик танқид қилинганига қарамай, туркий халқлар бирлиги янада ривожланиши ва гуллаб-яшнашига қаратилган кенг кўламли интеграцион тадбир экани аниқ.
Озарбайжон ҳақида сўзлаганда мамлакатда амалга оширилган улкан ўзгаришни қайд этмасдан илож йўқ. Сўнгги ўн йилликда асосий экспорт томири ҳисобланган Боку – Тбилиси – Жайҳон нефть ва Боку – Тбилиси – Эрзурум газ қувурлари ишга туширилган. Кейинги беш йил ичида иқтисодий ва энергетика лойиҳалари натижасида Озарбайжон узоқ ва муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ўзгариш йўлини босиб ўтди. Мамлакат иқтисодиёти 2.6, саноат ишлаб чиқариши 2.5 баробар ўсди, 770 мингга яқин янги иш ўрни яратилди, қашшоқлик даражаси 49 фоиздан 13.2 фоизга камайди, бюджет харажати эса 12 карра ошди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги 1996 йил 27 майда имзоланган “Дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида”ги шартномада белгиланган. Икки давлат ўртасида бугунга қадар ҳаммаси бўлиб 150 га яқин ҳужжат имзоланган. 2022 йил ҳолатига кўра, юртимизда Озарбайжон иштирокидаги 178 компания фаолият юритяпти.
Шу йил майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси учинчи Конференциясида қатнашиш учун Озарбайжонга расмий ташриф уюштирди. Сафар чоғида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Парламентлараро алоқани фаоллаштириш, муайян соҳалар кесимида тажриба алмашишга қаратилган бу учрашув Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги янги босқичга кўтарилганидан дарак беради.
Мухтасар айтганда, Туркий давлатлар орасида кучли иқтисодий ҳамда сиёсий салоҳиятга эга бу уч давлат раҳбарлари саъй-ҳаракати билан ўртадаги муносабат борган сари яхшиланмоқда, конструктив мазмун касб этмоқда. Қабул қилинган ҳужжатлар доирасида тегишли вазирлик, идоралар раҳбарият томонидан зиммаларига юкланган кўрсатмаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан тегишли чоралар кўришга киришган.
Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги таълим ҳамкорлиги ҳам диққатга сазовор. Мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётнинг турли жабҳалари учун замонавий кадрлар тайёрлаш борасида олиб бораётган ҳаракат давлатлараро устувор йўналиш ҳисобланади.
2022 йил январь ойида кўҳна Самарқандда Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвер Самарқанд давлат университети Туркияда етакчи ҳисобланган Анқара, Истанбул, Эгей, Мармара университетлари билан ҳамкорлик қилиб келаётгани, мазкур олий ўқув юртлари ўртасида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилаётгани, таълим соҳасига оид кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётгани, энг муҳими бу борадаги ишлар изчиллик касб этгани ҳақида фикр билдирди.
Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро суҳбат чоғида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ташкил этиш, биргаликда турли соҳалар бўйича илмий изланиш олиб бориш юзасидан келишиб олди.
Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон халқлари маданияти ва санъатининг тарихан шаклланиши ва тараққий этишида ҳам муштарак жиҳатлар кўп. Озарбайжонда академик ва миллий мусиқа соҳасидаги таълим Боку мусиқа академияси ҳамда Озарбайжон давлат консерваториясида олиб борилади. Таълим соҳасининг санъат йўналишида юзага келган бу тажриба Ўзбекистонда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, айни йўналишдаги таълим Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа институтида олиб бориляпти.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам биргаликдаги фаолият кенг йўлга қўйилган. Муассасада 1990 йил “Олтойшунослик” номи билан ташкил этилган туркий тилларни ўрганиш кафедраси 1991 йилдан “Туркий тиллар”, деб атала бошлади, 2020 йил кафедрага Туркшунослик факультети мақоми берилди. Факультет Туркия тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти бўйича малакали мутахассислар тайёрлашни мақсад қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
Университет Кенгашининг 2020 йил 15 майдаги қарори билан Туркология факультети таркибида “Туркий халқлар тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти” кафедраси ташкил этилди. Кафедра фаолиятига Туркия тарихи ва маданияти, ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг тарихий босқичи, иқтисодиёти ва молия тизими, мамлакатнинг инновацион сиёсати, модернизация жараёни, Туркиянинг ривожланиш модели, ички ва ташқи сиёсати, халқаро ва минтақавий муносабатлардаги ўрни, жаҳон сиёсий жараёнидаги фаол иштироки каби йўналишлар асос қилиб олинган.
Ўйлаймизки, уч томонлама ҳамкорлик келгусида ижобий самарасини беради. Муштарак маданият, тил, урф-одат ва қадриятлар қайта тикланган давлатлараро муносбат доирасида янги мазмун кашф этилади.
Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.
ЎзА