Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Туркий адабиёт дурдоналари”: Мажмуада 133 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилди
18:34 / 2023-02-28

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Таржима ижодий кенгашининг йиллик ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Таржима кенгаши фаолияти атрофлича таҳлил этилди.

Адабий ҳаётимизнинг муҳим воқеаси “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуаси нашр этилди. Мажмуага Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Венгрия, хуллас ТУРКСОЙга аъзо 8 давлат адабиёти намуналари киритилди. Мажмуада жами 133 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилди.

Шундан 88 нафар ижодкорнинг асарлари ўзига замондош, услуби ва йўналиши жиҳатдан яқин, ҳамоҳанг бўлган бошқа адиб, шоирлар билан битта жилдга киритилган. 45 нафар шоир ва ёзувчининг асарлари алоҳида жилд сифатида нашрга тайёрланди. Мазкур мажмуадан замонавий ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман адабиётлари антология – баёзлари ҳам ўрин олган бўлиб, уларда ушбу мамлакатлар замонавий шоир ва ёзувчиларининг асарларига кенг ўрин берилган. Жами антологиялар сони 15 тани ташкил этди.

Ёзувчи Рисолат Ҳайдарова рус тилидан она тилимизга ўгирган асарлар – Иван Буниннинг “Хилват хиёбонлар” ҳикоялар туркуми, Иво Андричнинг “Дрина кўприги” романлари таржимаси 2022 йилнинг энг яхши таржималари, деб эътироф этилди.

ТУРКСОЙ ташкилоти ва Венгриядаги Лекителек мактаби ҳамкорликда ўтказган Шандор Петёфи шеърларининг энг яхши таржимасига бағишланган халқаро танловда Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ғолиб деб топилди.  

2022 йил давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Галина Долгаянинг “Югурик сувлар қўшиғи”, АҚШлик серб шоири Геке Маринайнинг “49-саҳифа”, Москвада чоп этилган “Антология узбекской поэзии” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Ўтган йили “Антология узбекской поэзии” китобининг 1-жилди нашрдан чиққан эди. Бу йил унинг 2-жилди нашр этилади.  

2022 йил 28-29 май кунлари Таржима кенгаши ва Русийзабон адабиёт шўъбаси ҳамкорлигида “Дўрмон баҳори” адабий форуми ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва вилоятида ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар, публицистлар қатнашди. Форумда муҳокама этилган масалалардан бири ўзбек адабиётини рус тилига таржима қилиш масаласи бўлди.  

Кенгашга келиб тушган бир қатор таржима асарлари кўриб чиқилди. Йиғилишда 2022 йил ижодий жараёнида Тоҳир Қаҳҳор, Карим Баҳриев, Шермурод Субҳон, Наргиза Асадова, Муҳиддин Омон, Раҳмат Бобожон, Ҳумоюн Акбар каби ижодкорлар айниқса фаол бўлгани эътироф этилди.  

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА