Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркистон тараққийпарвар жадидлари: янги сиймолар
11:11 / 2023-08-25

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”га бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси асосида “Туркистон маърифатпарвар жадидлари: янги сиймолар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳамда шу номли фото ва буюмлардан иборат кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Баҳтиёр Ҳасанов кириш сўзи билан очиб берди.  

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори ўринбосари, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли шоир Абдулмажид Азимлар томонидан Қатағон қурбонларини ёд этиш кунининг аҳамияти, жадид тараққийпарварларининг ибратли ҳаёт йўли ва бебаҳо мероси хусусида фикр билдирди.  

Шунингдек, тадбирда мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, истиқлол, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини тиклаш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.  

Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.  

Юртимизда ҳар йили 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.  

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилгани, шунингдек, қатағон қурбонлари бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилгани, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Айтиш мумкинки, эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади. Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Бугунги ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эди.  

Тадбир жараёнида музейда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан тайёрланган “Туркистон тараққийпарвар жадидлари: янги сиймолар” фотокўргазмаси очилди.  

 

ЎзА