Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркистон мухторияти халқ маорифи вазири Носирхон Тўра Камолхон тўра ўғли Олий суд ҳукми билан оқланди
12:39 / 2021-09-08

Янги Ўзбекистонни шакллантириш жараёни кечаётган юртимизнинг бугунги тараққиёт босқичида жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳавас қилса арзийдиган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, юртимиз тарихининг бузилган, сохталаштирилган, халқимиздан яширилган саҳифаларини тиклаш, тадқиқ этиш, тарихий адолатни юзага чиқариш, ана шу тарих билан халқимизни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, миллатпарварлик, Ватан тақдири ва тараққиёти учун садоқат руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 31 августда Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташриф буюрганида Ўзбекистоннинг Россия империяси ва совет мустамлакачилиги давридаги сиёсий қатағон фожиалари, даҳшатлари ва унга қарши олиб борган кураш тарихимиз саҳифаларида ўз ифодасини топиши зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Президентимиз ташаббуси билан тарихимизнинг ўрганилмаган саҳифаларини яратиш борасида олиб борилаётган ташкилий, ғоявий, амалий ишлар биз тарихчилар, адабиётчилар, илм аҳлларини илҳомлантирмоқда, янги янги мавзулар бўйича тадқиқот ишлари олиб боришга даъват этмоқда, бунинг учун зарур ташкилий ва амалий шароитлар яратилмоқда.  

Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда малакали олимлар ва мутахассислардан иборат тегишли гуруҳлар тузиш, улар орқали қатағон қурбонларини вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида номма-ном аниқлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, юрт озодлиги йўлида қурбон бўлган, қатағон қилинган юртдошларимиз тақдири ва улар ҳақидаги ҳақиқатни келгуси авлодга етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” хотира китобини тайёрлаш ва нашр этишдек муҳим вазифа қўйилган. Ҳозирда вилоятлар кесимида “Қатағон қурбонлари” хотира китобларини чоп этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармойишидаги вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тарихда биринчи мартда жорий йилнинг 25 август куни совет даврида қатағон қилинган 115 нафар шахсни оқлаш юзасидан 6 та жиноят ишини кўриб чиқилди.

Ана шу ишлар орасида қатағон қурбонларидан бири, ўз даврида Туркистон Муҳторияти халқ маорифи вазири бўлган Носирхон Тўра Камолхон тўра ўғли ва унинг фаолияти билан боғлиқ иш ҳам кўриб чиқилди.  

Носирхон Тўра Сайд Камолхон тўра ўғли йирик уламо, таниқли жадидчи-маърифатпарвар, ўз даврининг обрў-эътиборли кишиларидан бўлган. У Бухоро, Қобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларидаги диний таълим даргоҳларида сабоқ олган. Наманган шаҳар қозиси бўлган. «Шурои исломия» ташкилотининг Наманган шўъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси, Туркистон ўлка мусулмонлари фавқулодда IV қурултойини ўтказишда фаоллик кўрсатган.

Ўлкада совет ҳокимияти ўрнатилгач қамоққа олиниб, Оренбургга сургун қилинади.Қатағон қилинган Носирхон Тўра Саид Камолхон тўра ўғли 1931 йилда қамоқда вафот этади.

Суд жараёнида Носирхон Тўра Камолхон тўра ўғли иши бўйича жавобгарликка тортилган 92 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг оқлов ҳукми чиқарилди.  

“Мавжуд иш материалларидан аниқланишича, – деб кўрсатилади суд қарорида,  ушбу жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар ҳибсга олингач, дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўлса-да, сўнг турли тазйиқлар остида айбларига иқрорлик билдириб кўрсатмалар берганликлари сўроқ баённомаларида ўз ифодасини топган, уларнинг ўртасида “юзлаштириш” ўтказилмасдан фақат берган кўрсатувлари ишга тикилган”.

Мустақил Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳукми билан оқланган қатағон қурбони – Носирхон Тўра Камолхон тўра ўғлининг тараққийпарвар, жадидчи, истиқлол курашчиси сифатидаги кураши ва унинг фожиали қисматига ойдинлик киритадиган қуйидаги ҳужжатни ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.

ГПУ ходимлари томонидан ҳибсга олинган Носирхон Тўра Тошкентга келтирилиб, тергов иши олиб борилган. Терговда Носирхон Тўра ўзбек тилида араб имлосида 1930 йил 10 августда қуйидаги аризани ёзган. Уни айнан келтирамиз:

“Мен Носир Камолов тубанда тасдиқ қилурманки, 1929 чи йилнинг ярмидан шўролар ҳукумати бирлан курашмак учун шўролар ҳукуматини битириш мақсади бирлан унга қарши қуроллик чиқишни ташкил қилишда иштирок қилдим. Яъни Шокаптарда бўлуб ўткан қўрбошилар мажлисида иштирок қилишим, меним тарафимдан шуки, тақдим қилганлар Косонда йигитлар тайёрлатиб ... гуруҳларда мени иштироким.

Ўзимни ҳақ мусулмон бўлишим ва дини исломдалигим, биноан шул тариқада шўролар ҳукумати бирлан курашмакни лозим топиб шул йўлға қадам бостим. Мана бул курашда мени иштирок қилишим мени комунизмға асосан ... баён қиладур. Яъни комунизм йўли бирлан мен юра олмайман.  

Шул баробаринда босмачилар ҳаракатиға берилған зарбадан сўнг бир қисқача танаффус ўткандан кейин бир минг тўққиз юз ўттузинчи йилда Исломбек бирла шўролар ҳукуматиға қарши қуроллик чиқишда ва шул мақсад бирла Андижон округини бир неча қишлоқларида йигит жалб бўлиши ҳаракатиға иштирок этдук. Махфий мажлис пруғромини мен ўзум қиш кунида бир минг тўққиз юз ўттузинчида ёздим”.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,

тарих фанлари доктори, профессор