Туркистон ўлкаси XIX аср охири – ХХ аср бошларида мустамлакачилик сиёсати оқибатида сиёсий, маданий, иқтисодий таназзулга юз тутди.
Ўлканинг илғор зиёлилари чор Россияси истибдодидан қутилиш, миллатни уйғотиш, нафақат иқтисодий, балки маданий тараққиёт сари йўл очиш, халққа зиё тарқатиш мақсадида маърифатпарварлик ҳаракатига асос солдилар.
Бу ҳаракат билан Туркистонда янги уйғониш даври бошланди. Жадидларнинг жамиятда ислоҳотлар ўтказишга қаратилган дастури асосан янги дунёвий халқ маорифи тармоғи, яъни ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимини шакллантириш, миллий матбуотни яратиш – газета ва журналлар чоп этиш, турли маърифий ва хайрия жамиятлари тузиш, миллий театр санъатини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни Европа университетларида ўқитиш каби йўналишлардан иборат эди.
Маърифатпарварларнинг миллат келажаги йўлидаги бу ҳаракатлари мустамлакачи ҳукумат томонидан қаттиқ тазйиққа учради. Маърифатпарварлик ҳаракати тазйиқ ва таъқибларга қарамай, кенг қулоч ёя бошлади ва айрим жабҳаларда яширин тус олди.
XX аср ўзбек маорифи ва маданияти, қолаверса, бугунги мустақиллик мафкурамиз асосларининг шаклланишида жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндаларининг ўрни беқиёсдир. Улар томонидан Туркистонда “усули жадид” номи билан шуҳрат топган янги мактаблар тизими жорий қилинди, ўнлаб жамиятлар, ширкатлар тузилиб, кўплаб ёшлар тараққий қилган Европа мамлакатларига ўқишга юборилди.
Шунингдек, ўзбек театр санъатининг дунёга келиши, миллий матбуотнинг қарор топиши ҳам уларнинг жасорати ва фидокорона меҳнатлари маҳсулидир. Улар биринчи бўлиб Туркистонда замонавий олий мактаб ғоясини илгари сурдилар, имкониятлари етганича ўз ҳисобларидан мактаблар очиб, ёш авлодни истибдодга қарши курашга тайёрладилар. Шеър ва мақолалар саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар.
Боиси, бу даврда Туркистон халқи жаҳолат ва мутаассиблик ботқоғига ботган, мамлакат чор мустамлакачилари томонидан зулм ва тутқунлик гирдобига тортилган эди. Мана шундай шароитда миллатни бутунлай маҳв этилиш хавфидан асраб қолиш, авлодларни эрк ва озодликка, маърифат ва тараққиётга етаклаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, истиқлол ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драмачилигини бошлаб берган биринчи драматург, ношир, журналист эди.
Жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаларидан бири, маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий 1874 йилнинг 30 январида Самарқандда туғилди. У тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ёрдамида хат-саводини чиқарди. Эски мактаб-мадрасада ўқиди. Араб тилини ўрганди. Қозихоналарда мирзалик, қозилик вазифаларида ишлади. 1893-1900 йилларда Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан, Маккага ҳаж сафарига боради.
1903-1904 йилларда Москва, Петербург, кейинроқ Қозон, Уфа шаҳарларида бўлиб, таълим-тарбия масканлари билан танишади.
1914 йилда Арабистон, Миср, Туркия каби бир қатор мамлакатларда бўлади. Беҳбудий ўз даврининг йирик алломаларидан бири, муфтий бўлишига қарамай, ҳамиша бидъат ва хурофотга қарши кураш олиб борди, ўз асарларида ислом динининг асл моҳиятини тўғри тушуниш лозимлигини уқтирди, миллий масалага кенг эътибор берди.
Даврий матбуот саҳифаларида замонасининг долзарб мавзуларига бағишланган ижтимоий-сиёсий, тарихий-адабий мақолалари билан фаол иштирок этди. Беҳбудийнинг ўтган асрнинг 15-йилларидан бошлаб, Россия, Туркия, Туркистон матбуотида 300 га яқин мақоласи, 13 та дарслик, бадиий ва таржима асарлари эълон қилинган. Ушбу мақолаларнинг асосини таълим-тарбия, маданият, маърифатпарварлик ғоялари ташкил этади.
1913 йилда у Самарқандда маърифат, маданият, миллат ва озодлик ғояларини тарғиб этадиган “Самарқанд” газетаси ва “Ойна” журналини нашр этди. 1911 йили “Падаркуш” номли биринчи ўзбек драмасини яратди.
Беҳбудий янги усулдаги мактабларнинг илк тарғиботчиси ва асосчилари
дан бири, шунингдек, ана шу мактаблар учун дарсликлар яратган йирик маърифатпарвардир.
Беҳбудий 1917 йилги февраль инқилоби ва октябрь тўнтаришидан кейин Туркистоннинг мустақил ва озод бўлиши учун тинимсиз курашди ва бу улуғ мақсад йўлида ўз жонини фидо қилди. У Туркистонда миллий давлат қуриш ғоясини илгари сурди. Ўз халқи тараққиётини маърифатда, унинг сиёсий мақоми юксалишида, миллий мустақилликни қўлга киритишида деб билди. Унинг “Ҳақ олинур, берилмас!” деган сўзлари жадидларнинг шиорига айланди. У Туркистон Мухториятини олқишлади, ҳукумат аъзолигига сайланди.
Беҳбудийнинг 1917 йилги февраль ва октябрь ойларидаги Ватаннинг кейинги тақдири ҳал бўлаётган сиёсий жараёнлардаги фидокорона кураши, айниқса, диққатга сазовордир. Беҳбудий ўз вақтида чор Россияси ва жаҳон сиёсий саҳнасида рўй бераётган ўзгаришларни зийраклик билан кузатади ва ватанпарвар инсон сифатида Туркистоннинг келажаги ҳақида чин дилдан қайғуради. У бор куч-ғайратини миллатни уйғотишга бағишлади. Беҳбудий публицистик мақолаларида тарих фанига алоҳида урғу бериб, “Мозий – истиқболнинг тарозусидир”, деган эди.
Беҳбудий тарих фанининг миллатнинг ўзлигини англаши ҳамда миллий бирликни мустаҳкамлашдаги ўрнини теран ҳис этарди. Унинг энг катта орзуси Туркистоннинг мукаммал тарихини яратиш бўлиб, бу ишда Заки Валиди Тўғонга катта ишонч билан қарар эди. “Кутубхонаи Беҳбудия”нинг ҳам 70 фоиздан кўп китоблари тарих фанига тегишли эди. Ўзи ҳам тарих ва география фанлари билан жиддий қизиқиб, бир қатор мақолалар ва китоблар ёзганди.
У сиёсий арбоб сифатида чор империяси доирасидаги Россия мусулмонлари иттифоқи партияси қурултойларида фаол иштирок этди. Россиядаги мавжуд йирик сиёсий партияларни ўрганиб, улардан социал-демократларни, айниқса, большевикларнинг қарашларини танқид остига олади ва уларни ҳатто, ҳавфли оқим сифатида қоралаган эди.
Беҳбудий монархиячилар партияси қарашларидаги махдудлик сабабли уларга ҳам қарши чиқди. Беҳбудий босиқлик билан кураш олиб бориб, барча мусулмонларни бирликка чақиради. У ўша мураккаб даврда Муваққат ҳукуматни туркистонлик мусулмонлар билан тенг ҳуқуқли муносабат олиб боришга чақирди ва улар учун ҳукуматдан ажратиладиган ўринлар сони учдан биридан кам бўлмаслигини талаб қилди.
1918 йилда Беҳбудий “Иттифоқ” жамиятининг саъй-ҳаракати билан Самарқанд мусулмон маориф шўъбасига мудир этиб тайинланади. Бироқ, ташкилотдаги европалик вакиллар унга ишлаш учун ҳеч қандай имконият бермадилар. Айниқса, Осипов исёнидан сўнг авж олган бошбошдоқликлар натижасида зўравонликлар кундан-кунга кучайди. Беҳбудий ўзининг Тошкентга сўнгги сафари давомида ҳам амалда ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмади. У ҳеч бир иложсиз қолди ва барча ишларини ташлаб, соғлиғини баҳона килиб, шўроларга хизмат қилишдан воз кечди...
“Биз ўз қисматимизни биламиз... агар бизнинг ҳаётимиз ҳуррият ва халқнинг бахт-саодати учун керак бўлса, биз ўлимни ҳам хурсандчилик билан кутиб оламиз... Мумкин қадар кўпроқ яхши мактаблар очиш, шунингдек, маориф ва халқ саодатини таминлаш соҳасида тинмай ишлаш бизга энг яхши ҳайкал бўлади” (М.Беҳбудийнинг қатл олдидан ёзган “васиятнома”сидан).
Ҳа, бугун юртимизда, минг-минглаб жаҳон талаблари даражасидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Замонавий билим масканларида фарзандларимиз таълим олмоқда. Юзлаб ёшларимиз чет элларда фақат таҳсил олишгина эмас, илмий даражалар билан Ватанга қайтмоқдалар. Иқтисод, сиёсат, ҳуқуқ, аниқ ва табиий фанлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча-барча соҳаларда юртдошларимиз энг яхши марраларни қўлга киритмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси буюк аждодларимиз, хусусан, Беҳбудий ҳазратлари орзуларининг ушалганлиги эмасми?! Ҳазрат сиймоси эса йилдан-йилга мўътабарлашиб, улғайиб, буюклашиб, нурланиб, барча ёшларимиз учун маёқ бўлмоқда.
Хулоса шуки, Беҳбудий ҳар доим барҳаёт. Ватанимизнинг равнақи йўлида, илму фан тараққиётида амалга оширилаётган ҳар бир ишимизда у камарбаста. Унинг илмий мероси, қарашлари акс этан мақолаларини ўрганиш орадан қанча вақт ўтишига қарамай, ҳар доим долзарб аҳамиятга эгадир. Унинг фикрлари ва интилишлари ҳар бир ватандошимизнинг қалбидан ўчмас ўрин эгалламоғи лозим.
Бунинг учумактаб дарсликларини яратишда жадид муаллимларининг, миллатимизни янги замон учун сафарбар этган мураббийларнинг китобларида келтирилгандидактик ҳикоялардан унумли фойдаланиш, фарзандларимизни уларнинг мардона ҳаётлари ва ижодлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириб бориш мақсадга мувофиқдир.
Бахтиёр Ҳасанов Ўзбекистон Ресрубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, "Шаҳидлар хотираси" жамоат фонди раиси, тарих фанлар доктори, профессор