Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеровни қабул қилди.
Мулоқот жараёнида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий ва гастрономик туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Узоқ йиллардан бери яхши қўшничилик ҳамда қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда долзарб бўлиб турган истиқболли режалар келишиб олинди.
Ташриф доирасида бизнес вакиллари ва тадбиркорлар иштирокидаги учрашувлар ҳам ҳар икки томон учун манфаатли бўлди.

Тарихи ва бугуни бир- бири билан уйғун бўлган Туркистон ҳамда Хоразм вилоятининг туризм имкониятлари, қадим ўтмишга бориб тақаладиган маданияти, шаҳарсозлик архитектураси, сайёҳларни қабул қилиш салоҳияти мутахассислар томонидан намойиш қилинди.
Аҳмад Яссавий, Фаробий каби буюк сиймолар қабри жойлашган мақбаралар Туркистонда, Юсуф Ҳамадоний, Паҳлавон Маҳмуд каби авлиёлар қабрлари Хоразмда эканлиги таъкидланди. Тили ва дили ҳамоҳанг миллатлар жамланган бу ҳудудларда зиёрат туризмини ҳам йўлга қўйиш имкони мавжудлиги муҳокама этилди.

Учрашув давомида соҳада фаолият юритаётган инвесторлар, тадбиркорларга ҳамкорлик асосида иш бошлашлари учун мавжуд имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Хоразмда бугун ички ва ташқи сайёҳлар оқими олдинги йилларга қараганда бир неча баробарга ортгани, замонавий меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш турлари кенгайгани алоҳида эътироф этилди.
Учрашувлар якунида икки томонлама манфаатли шартномалар имзоланди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири