English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туркистон бағридаги жавоҳир
09:00 / 2022-05-02

Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегим мақбараси қаерда?

Туркистон деганда буюк аждодларимиз яшаган бепонён тарихий макон кўз олдимизга келади. Айни пайтда қўшни Қозоғистоннинг тарихий кентларидан бири ҳам айнан Туркистон деб аталади.

Турк дунёсининг юраги бўлган бу кўҳна шаҳар аҳли буюк мутафаккир, шоир, Яссавия тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий номи билан ҳақли равишда фахрланади. Шаҳар марказида, бир пайтлар буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темур ташаббуси билан қурилган Яссавий мақбараси турли юртлардан келган зиёратчилар билан гавжум. 

Буюк аллома мангу қўним топган муҳташам мажмуа дарвозасидан 60 метрлар берироқда яна бир мақбара қад ростлаб турибди. Беш асрдан зиёд тарихга эга бўлган ушбу гумбаз остида ватандошимиз, Темурий ҳукмдор ва фалакиётшунос олим, Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг қизи – Робия султонбегим дафн этилган.

Одатда Шарқда оиладаги тўртинчи қизга Робия деб исм берилган. Зотан араб тилида “робиа” тўртинчи демакдир. Кўпчилигимиз буюк алломанинг Аблуллатиф ва Абдулазиз исмли икки ўғли бўлгани, Улуғбек айнан катта ўғли Абдуллатифнинг хоинлиги сабабли ўлдирилганини яхши биламиз. Бироқ Мирзо Улуғбекнинг беш ўғли (Ибодуллоҳ, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдуллатиф, Абдулазиз) ва беш қизи (Ҳабиба, Оқбошбегим, Султонбахт, Робия, Давлатбахт) бўлгани ҳақида кўпчилик билмаса керак. 
Мирзо Улуғбек оқил ва одил давлат раҳбари, илм-фан ва маданият ҳомийси, аллома бўлиши баробарида меҳрибон, бағрикенг ота ҳам эди. Бироқ фарзандларининг аксарияти ёшлик пайтида турли касалликлар сабаб нобуд бўлган. 

Тарихий манбаларда Улуғбекнинг қолган тўрт нафар қизи ҳақида маълумотлар кам учрайди. Аммо  Робия султонбегимнинг ҳаёт йўли, антиқа қисмати ҳақида етарлича ёзилган. 

Робия султонбегим тахминан 1432-1433 йилларда Мирзо Улуғбекнинг Қутлуғ Нигор оға исмли аёлидан туғилган. У ўзининг ақл-заковати, иффати, ҳусн-латофати билан тез орада тилга тушган. 
Тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг маълумот беришича, Мирзо Улуғбек қатл этилгач, тахтга даставвал падаркуш шаҳзода Абдуллатиф ўтиради. У олти ойдан сўнг марҳум отасининг тарафдорлари томонидан ўлдирилгач, Улуғбекнинг жияни ва куёви Мирзо Абдулло ҳокимият тепасига келади. Аммо кўп ўтмай Бухорода ҳокимиятни эгаллаган яна бир Темурийзода, Мироншоҳ Мирзонинг невараси Абусаид Мирзо Самарқандга ҳужум қилади. Аммо Мирзо Абдулло қўшинлари томонидан мағлуб этилиб, Сирдарё томонга чекинади. Абусаид Мовароуннаҳр тахтини эгаллаш учун ўзига кучли иттифоқчи топиши лозим эди. Шу боис у кўчманчи ўзбеклар ҳукмдори Абулхайр ҳузурига ёрдам сўраб боради. 

Абулхайр ва Абусаиднинг бирлашган қўшинлари 1451 йилнинг ёз ойларида Самарқандга қўшин тортадилар. Жанг пайтида Мирзо Абдулло ҳалок бўлади. Абусаид эса Самарқанд тахтига ўтиради. Абулхайрхоннинг кўмагида ҳокимиятни эгаллаган Абусаид у билан қариндошлик муносабатларини янада яхшилаш мақсадида хоннинг Хонзодабегим исмли қизига уйланади, узоқ қариндошии Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегимни эса ўз валинеъматига узатади. 

Албатта бу никоҳга Робия султонбегим розилик берганми йўқми бирор нима дейиш қийин. Робия отасидан ва акаларидан айрилган, инон-ихтиёри қариндошининг қўлида қолган ожиза эди. Бу пайтда Робия ҳали ўн саккизга тўлмаган навниҳол қиз, Абулхайрхоннинг эса ёши қирққа яқинлашиб қолганди. 
...Робия султонбегим ота юрти Самарқандни ташлаб Абулхайрхон билан унинг пойтахти Сиғноққа, Дашти Қипчоқ томон йўл олади. Зотан унинг тақдирга тан беришдан бошқа чораси қолмаганди. У Абулхайрхон билан 18 йилга яқин ҳаёт кечирди, унга Кучкунчихон ва Суюнчхўжа исмли икки ўғил ҳадя этди.

Абулхайрхон 1468 йилда унга қарши фитна уюштираётган Жонибекхон ва Керейхонга қарши юришга отланган чоғида вафот этади. Эрининг вафотидан сўнг Робия султонбегим қолган умрини Туркистонда, Аҳмад Яссавий мақбараси ва марҳум эрининг даҳмаси яқинида яшаб ўтказди.

XVI аср бошларида Марказий Осиёда ҳукумат Абулхайрхон авлодидан бўлган Шайбонийлар қўлига ўтади. 1510 йилда Шайбонийхон Эрон Сафавийлари ҳукмдори Шоҳ Исмоилдан енгилиб, қатл этилганидан сўнг Самарқанд тахтига унинг амакиси, Робия султонбегимнинг ўғли Суюнчхўжа ўтқазилади. Вазият тақозосига кўра тахтга ўтирган Суюнчхўжа 1512 йилда оилада катта фарзанд бўлган акаси Кучкунчихонга Самарқанд тахтини бўшатиб берди ва ўзи Тошкент ҳокимлигини эгаллади. Гарчи мамлакат ҳукмдори расман Кучкунчихон бўлса-да, у ўзини салтанатдан кўра, илм ва ибодатга бағишлаган ҳокисор инсон эди. Мамлакатнинг ташқи алоқалари Суюнчхўжанинг ихтиёрида эди. У Сафавийларнинг сулҳ тузиш ҳақидаги таклифини рад этиб, улар билан бир муддат муросасиз кураш олиб боради. Рақибларга қарши жиддий ҳозирлик кўраётган пайти 1526 йилда Тошкентда вафот этди. 
Гарчи икки ўғли ота-боболари юртини қайта қўлга киритган бўлишса-да, Робия султонбегимга Самарқандни қайта кўра олиш насиб этмади. У 1485 йилда 53 ёшида вафот этди. Маликани кўз очиб кўргани, фарзандларининг отаси Абулхайрхоннинг хоки қўйилган Туркистонда, буюк мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавийнинг мақбараси олдида дафн этишди.  

Икки ўғил умр бўйи ота-оналарига ҳурмат ва эҳтиром билан яшашган. Уларнинг ташаббуси билан ота-оналарининг қабри устида муҳташам мақбара бунёд этилди. Мақбара саккиз қиррали асосий хона ва яна тўртта қўшимча хонадан ташкил топган. Мақбара устида Самарқанд ва Бухоро тарихий обидаларига монанд мовий гумбаз савлат тўкиб турибди. Обиданинг баландлиги 20,6 метр, олд қисмининг кенглиги 11 метрни ташкил этади. 

Мақбарада Темурийзода малика билан бир қаторда унинг набиралари ва бошқа яқинлари ҳам дафн этилган. Саккиз қиррали хонада Робия султонбегимнинг қабри устида ўрнатилган мармартошда араб тилида қуйидаги сатрлар битилган: “Бу файзли оромгоҳда покдомон, меҳрибон, Аллоҳ гуноҳлардан фориғ этган Робия султонбегим Улуғбек Кўрагон қизи ётибди. Шаҳид этилган қудратли ва улуғ ҳукмдор Мирзо Улуғбек қудратли султон Шоҳрух Мирзонинг ўғли эди. У эса улуғ амир, соҳибқирон Амир Темурнинг ўғлидир. Аллоҳ уларнинг қабрига то қиёматга қадар ўз нурларини ёғдирсин. Марҳуманинг фоний дунёдан боқий оламга сафар қилиши ҳижрий 890 йилнинг сўнгги ойларида юз берди. Унга Аллоҳнинг шафқати ва марҳамати ёғилсин!”

...Мазкур обида Туркистон халқлари бошига тушган кўплаб қора кунларнинг ҳам шоҳиди бўлди. Хусусан, Черняев, Скобелев сингари саркардалар айнан шу мақбара ёнидан от чоптириб ўтдилар, қадимий ва бетакрор шаҳарларимизни ўққа тутдилар. Ана шу босқинлар ва талотўплар сабабли Аҳмад Яссавий мақбараси ҳам, унинг рўпарасида турган Робия султонбегим мақбараси ҳам ҳаробага айланди. Кейинчалик, орадан йиллар ўтиб, бу қадимий обидалар ҳам қайта таъмирланди. 
Бугун буюк аждодларимиз хоки ётган бу тарихий обидалар кўҳна ва навқирон Туркистоннинг ҳуснига худди узукка кўз қўйгандек ярашиб турибди.

Рустам ЖАББОРОВ.ЎзА