Самарқанд давлат педагогика институтида Туркиянинг Орду университети доценти Мурат Ўзкан қаламига мансуб “Самарқанд тарихи” номли китоб тақдимоти ўтказилди.
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Самарқанд давлат педагогика институти ректори Ш. Негматова Туркиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Орду университети билан илмий ва маданий ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, Орду университети доценти Мурат Ўзкан қаламига мансуб “Самарқанд тарихи” номли китоб чоп этилди.

– Мазкур асар Самарқанднинг бой тарихий мероси, маданияти ва цивилизация ривожланиш босқичларини ёритишга бағишланган бўлиб, унинг яратилиши икки томонлама илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди, – деди институт ректори.

Тақдимот давомида муаллиф Мурат Ўзкан онлайн алоқага чиқиб, китобни ёзиш жараёни, тарихий манбаларни танлаш ва илмий изланишлар ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Самарқанд тарихи юзасидан турли саволлар билан мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича жавоблар олдилар.

Тадбир давомида, шунингдек, икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви бўйича келишувлар муҳокама қилинди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари