Япониянинг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги департаменти директори Yamauchi Kazuya бошчилигидаги делегация кўҳна ва боқий Бухорода бўлди.
Меҳмонлар вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров билан учрашди.

Учрашувда япониялик делегация аъзолари Бухоро шаҳрининг бой тарихий мероси, бетакрор меъморий обидалари ва меҳмондўст муҳити уларда катта таассурот қолдирганини таъкидлашди. Шунингдек, томонлар туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, айниқса. соҳани рақамлаштириш йўналишида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашди.

Музокаралар давомида Япония томонидан туризмни рақамлаштиришга қаратилган лойиҳалар учун грант маблағлари ажратиш имкониятлари, соҳада инновацион ечимларни жорий этиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, янги стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича фикрлашилди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришди. Келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан аниқ таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири