Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм: ютуқлар, муаммолар ва режалар
17:35 / 2025-11-20

O`zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, O`zLiDeP вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари масъуллари ҳамда мутасадди ташкилот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Бобомурод Очилов олиб борди. Кун тартибидига асосий масала туризмни ривожлантириш истиқболлари ва соҳада ҳал этилиши зарур бўлган масалалар юзасидан вилоят туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бобур Тўқсоновнинг жамоатчилик эшитуви тарзидаги  ахбороти тингланди. 

Қайд этилганидек, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида туризм соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилган. 82 та янги жойлаштириш воситалари, жумладан, 17 та меҳмонхона 18 та хостел, 43 та оилавий меҳмон уйи, бир қатор квартира, ётоқхона фаолияти йўлга қўйилган ҳамда уларнинг умумий сони 675 тага етказилган. 

Вилоятда ҳозирги пайтда туроператорлар сони 218 тага етказилган бўлиб, уларнинг фаолияти изчил йўлга қўйилган. Бу эса вилоятга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини ошириш имконини бермоқда. Бухоронинг бугунги туризм салоҳиятини Италия, Польша, Малайзия, Индонезия, Хитой, Беларусь, Тожикистон каби ўндан ортиқ давлатлардан келадиган хорижий сайёҳларсиз ёки уларда ташкил этиб келинаётган халқаро туристик ярмарка ва кўргазмаларсиз тасаввур этиш қийин.

Ўтган давр ичида вилоятга 2 миллион 251,5 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, уларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 614,1 миллион АҚШ долларга етказилганлиги бунинг ёрқин далилидир. 

Биргина Бухоро I Халқаро замонавий санъат биенналесининг дастлабки 60 куни мобайнида ташриф буюрган туристлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 бараварга ортиб, 1 миллион 592,7 минг нафарга етди. 

Шунингдек, маҳаллий аҳолини ички туризмга бўлган қизиқишини  ошириш мақсадида республика ҳудудларидан Бухорога 4 миллион 123 минг 800 нафар сайёҳ ташриф буюргани эътиборга сазовордир. 

Вилоятдаги бир қатор қишлоқлар туризм қишлоғи мақомига киритилган. Когон туманидаги Қасри Орифон, Жондор туманидаги Ушот қишлоқлари шулар жумласидан. Бундан ташқари, Ушот қишлоғига янги туристик локация сифатида “Ўзбек нон маданияти хонадони” ташкил этилган.

Бухоронинг 2-туристик маркази саналмиш Қадимги Ғиждувон Қўрғони (“туризм маҳалласи”)нинг кириш қисмидаги 2 та қадимий дарвоза 70 фоизга тикланди, қалъа деворлари қолдиқлари реставрацияси амалга оширилмоқда.  Бу жойларда бугунги кунда тегишли коммуникация ва таъмирлаш тиклаш ишлари давом этмоқда.

Маълумки ҳар йили ноябрь ойи “Кексалар учун туризм ойлиги” этиб белгиланган. Шу муносабат билан жорий йил ноябрь ойи бошларида вилоятдаги 37 минг нафардан ортиқ кекса нуронийларнинг “Ўзбекистон бўйлаб”, “Бухоро бўйлаб” мазмунли саёҳатлари ташкил этилди.

2025 йил 6-8 июнь кунлари Бухоро шаҳрида XXI анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали, шунингдек, белгиланган муддатларда ўтказиб келинаётган ички туризм ярмаркаси, Насриддин Афанди, шарқ таомлари, қовун сайли сингари ўнга яқин фестиваллар ҳам юртимизнинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. 

Халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва конструктив мулоқотнинг муҳим ва ажралмас элементи сифатида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро – Грозний ҳамда Бухоро – Лаҳор шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида Меморандумнинг имзоланганлиги ҳам вилоятда туризм соҳасини ривожлантиришда ижобий таъсир кўсатиши билан аҳамиятлидир. 

Туризм соҳасида янги иш ўринларини яратишга ҳам алоҳида эътибор берилиб, қўшимча тарзда 1,3 мингта янги иш ўринлари яратилади. Бир қатор қишлоқларга эса “туризм қишлоғи” мақомини бериш давом эттирилади ва Ромитан туманидаги “Азизон” маҳалла фуқаролар йиғини  “Ўба” қишлоғига ана шундай устувор мақом берилади.

Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан депутатлик гуруҳи аъзолари ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоятда туризм салоҳиятини янада ошириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кучайтириш, соҳанинг иқтисодиётдаги улушини кўпайтириш, меҳмон ва сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, соҳа мутахассислари билим даражаси ва малакасини давр талаблари даражасига етказиш ва бошқа масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларни билдирди.

Шу билан бирга улар вилоятда тиббий туризмни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлади. Бухородаги айрим меҳмонхоналар ҳудудида кечки соатларда тинчлик-осойишталикни сақлаш зарурати ҳам сезилмоқда. Соҳада ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эътиборини кучайтириш, туризм объектларида хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан меморандумларни тузиш, туристик хизматларнинг рақобатбардошлигига эришиш, хорижий сайёҳлар учун ажратиладиган турар жойлар ва хостелларнинг етарли бўлишини таъминлаш, инфратузилма ва сервис хизматида учрайдиган айрим камчиликларни бартараф этиш зарурлиги депутатлар томонидан танқидий руҳда айтиб ўтилди.  

Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, бу борада маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.