2026 йил 2 март куни Берлин шаҳрида (Германия) ўтказилган “ITB Berlin” халқаро туризм кўргазмаси доирасида туризм вазирлари саммити ташкил этилди.
“Ривожланаётган йўналишларнинг имкониятларини кенгайтириш: салоҳиятдан самарадорликка” мавзусидаги мазкур саммит ривожланаётган туризм йўналишлари салоҳиятини трансформация қилиш масаласига бағишланди.

Саммит UN Tourism ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари учун соҳанинг барқарор ўсишини таъминлаш, мамлакатлар ва минтақаларга иқтисодий фойда келтириш, шунингдек, маданий ва табиий меросни асрашга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалий тажриба алмашиш бўйича юқори даражадаги мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.

Муҳокамалар марказида туризмни бошқариш моделларини такомиллаштириш, идоралараро тўсиқларни бартараф этиш, инвестицияларни жалб қилиш, меҳнат бозори ўзгаришлари шароитида инсон капиталини ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалалари турди. Шунингдек, давлат-хусусий шерикликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва рақобатбардошликни ошириш мақсадида туризм йўналишларини диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Саммит ишида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов қатнашди.
У ўз нутқида мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, стратегик инвестициявий устуворликлар, ҳудудий йўналишларни ривожлантириш ҳамда соҳанинг барқарор ўсиши учун қулай институционал муҳит яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.


Маҳаллий ҳамжамиятларни жалб этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва туризм хизматлари сифатини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Саммитнинг халқаро аҳамияти глобал ўзгаришлар шароитида туризмни ривожлантиришга доир келишилган ёндашувларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА