Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм ва спортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
17:41 / 2020-01-28

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Бугунги кунда жаҳон туризм бозори ҳажми қарийб 9 триллион долларни ташкил этмоқда. Дунёда иш билан банд аҳолининг ҳар ўнинчиси ушбу соҳада фаолият юритмоқда.

Таҳлилларга кўра, туристлар ҳаво транспортида учиш вақти 5 соатгача бўлган ўлкаларга энг кўп саёҳат қилади. Мамлакатимиз атрофида бундай масофада 60 га яқин давлат, 3 миллиард аҳоли бор. Йилига уларнинг қарийб 360 миллиони хорижга саёҳат қилади. Бу улкан туризм бозори дегани.

Ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар сайёҳ келган. Диёримиз 10 дан ортиқ нуфузли халқаро нашрларда энг жозибали туристик маскан сифатида эътироф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш устувор вазифа эканини таъкидлади.

Жорий йилда хориждан келадиган сайёҳлар сонини 7,5 миллионга, 2022 йилда 10 миллионга ва 2025 йилда 12 миллионга етказиш режалаштирилган. Бу орқали туризм хизматлари экспорти жорий йилда 1,5 миллиард доллар, кейинги 5 йилда 3 миллиард долларгача оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, хусусан, 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туфайли ва юртимиз аҳолисининг фаровонлиги ошгани сайин ички туризм ҳам кенгайиб бормоқда. Бироқ, йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар, малакали гидлар етишмайди.

Шу боис меҳмонхоналарни жорий йилда 1 минг 700 тага, келгуси 5 йилда 3 мингтагача кўпайтириш керак. Оилавий меҳмон уйларини ҳам 2 мингтага етказиш зарур.

Булар орқали туризм соҳасида йилига камида 30 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда ушбу натижаларга эришиш учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Сайёҳликнинг анъанавий турлари қамровини кенгайтириш билан бирга янги кўринишларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Кардиология, урология, стоматология, офтальмология каби юртимиз юқори салоҳиятга эга бўлган тиббиёт йўналишларида туризмни ривожлантириш, соғломлаштириш ва дам олиш масканларига стратегик инвесторларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди. МДҲ давлатлари касаба уюшмалари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиб, сайёҳлар сонини кескин ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлигига туризм маршрутига киритилган объектлар сонини жорий йилда 800 тага, 2025 йилда эса 2,5 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.

Қишки туризмни ривожлантириш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Самолёт ва поездларимизда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги йўловчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кўпчилик хорижий ташувчилар хизматини танламоқда. Темир йўл ва авиа йўналишларимиз кенг қамровли ва рақобатбардош эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига Ўзбекистоннинг 4 аэропортида жорий этилган “очиқ осмон” режимидан тўлиқ фойдаланиш, янги авиа йўналишлар очиш, тезюрар поездлар сонини кўпайтириш, чипталар нархини арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йўлбўйи туризм инфратузилмасини ривожлантириш, “туризм қишлоғи”, “туризм овули” ва “туризм маҳалласи” лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ўтган йили хорижий кинокомпаниялар томонидан мамлакатимизда 1,6 миллион долларлик 6 та бадиий фильм суратга олинди. Шунда харажатларнинг бир қисмини Ўзбекистон томонидан қоплаш тизими йўлга қўйилса, бу маданият туризми ривожига катта туртки бериши билан бирга ўлкамизнинг халқаро майдонда тарғиботига ҳам ҳисса қўшади.

“Ўзбеккино” миллий агентлигига хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизда суратга олиш механизмларини жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Туризм соҳасида кадрлар масаласига эътибор қаратилар экан, 20 та олий таълим муассасасида ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бириктирилган 3 та техникум ва 9 та коллежда ишчи касблар тайёрлаш тизимини жорий этиш бўйича ҳали кўп муаммолар ўз ечимини топмагани кўрсатиб ўтилди. Ўқув жараёнида илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳанинг келгуси ривожига асос яратди.

Фармонда барча туман ва шаҳарларни камида 3 та спорт турига ихтисослаштириш орқали катта спортга сифатли захира шакллантириш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланди.

Бу йил 269 та футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, 178 та бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, 32 та теннис корти қуриш вазифаси қўйилиб, унинг молиявий манбалари ҳал қилиб берилди.

Йиғилишда мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳар бир туман кесимида ташаббускорларни аниқлаб, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда арзон ва энергия тежамкор спорт иншоотлари қуриш бўйича намунали лойиҳаларни тайёрлаш топширилди.

Спорт ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сонини жорий йилда 18 фоизга, 2025 йилда эса 30 фоизга етказиш, шунингдек, 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг камида 30 фоизини оммавий спортга жалб қилиш кераклиги таъкидланди.

Мамлакатимизда жаҳон ҳамда қитъа чемпионатлари ва бошқа нуфузли халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Миллий спорт турлари, хусусан, курашни янада ривожлантириш, уни Олимпия ўйинлари дастурларига киритиш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда жорий йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.