Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилиш борасидаги собитқадам иш бўлганлигини алоҳида қайд этмоқ жоиз. Зеро, бу мамлакатимизда туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши билан бир қаторда, давлатнинг халқаро обрўси ва нуфузи ортиши йўлида қўйилган муҳим қадамдир.
Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, ҳар қандай мамлакат спорт ва туризм соҳасини ривожлантиришдан оммавий дипломатия мақсадларида ижтимоий, сиёсий ва молиявий фойдани қўлга киритиш ҳамда шу йўл билан ўз брендини яратиш учун фойдаланади. Бугунги кунда ташқи сиёсий мақсадларга эришиш учун мамлакатлар имижини яхшилаш сари ҳаракатлар қаторида спорт, туризм ва оммавий дипломатия ўртасидаги долзарб алоқалар шаклланган.
Фан, таълим, санъат, техника сингари соҳаларда бўлганидек, спортда муваффақиятга эришиш ҳам тасодифий эмас. Аксинча, мамлакатдаги спорт ва спорт сиёсати туфайли, спорт соҳасида қўлланиладиган фан, техника ва материаллар ҳамда мамлакат номидан спортчиларга кўрсатиладиган ёрдам халқаро миқёсда акс этади ва айнан ушбу соҳадаги ютуқлар мамлакатнинг миллий брендига айланади.
Спорт мамлакат номидан оммавий дипломатия соҳасидаги саъй ҳаракатларга имкон яратиши билан бир қаторда, дипломатиянинг ҳам тармоқларидан бири, яъни спорт дипломатияси оммавий дипломатия қаноти остидадир. Спорт дипломатияси – мамлакатдаги энг тамаддунлашган, тинчликпарвар ва оммавий дипломатик воситалардан биридир. Спортдан оммавий дипломатияда имкониятлар эшигини очиш ва ҳар қандай мулоқотга имкон яратиш учун фойдаланиш мумкинлиги барча томонидан эътироф этилган. Спорт дипломатиясидан спортга нисбатан умумий иштиёқ ва инсонларни бирлаштиришга интилиш туфайли тилдаги ва ижтимоий маданий фарқларни бартараф этиш учун фойдаланилади.
Спорт тадбирлари ва спортчилар оммавий дипломатия фаолиятида яна бир омилдир. Кўплаб машҳур спортчилар дунёдаги ёшларга тақлид учун ибрат бўлиб хизмат қилади, қандайдир лаҳзада улар ўз мамлакати оммавий дипломатиясининг вакили сифатида намоён бўлади. Муайян мақсадлар учун турли ва ўхшаш маданиятларга мансуб ёшларни ёки спортчилар ва спорт ходимларини (мураббийлар, ҳакамлар, спорт менежерлари ва ҳ.к.ни) бирлаштириш кучига эга бўлиш ҳамда уларга оммавий дипломатия доираларида ташқи оламга ўзини намоён этишга имкон яратиш жуда муҳимдир. Спорт дипломатияси нуқтаи назаридан мамлакатнинг спортчилари, мураббийлари, ҳакамлари ва спорт менежерлари муҳим элчилар ҳисобланишини, чунки бу мамлакатнинг халқаро имижига ҳам таъсир қилишини ёдда тутиш лозим. Турли кўрсаткичларга кўра, терма жамоалар ва миллий спортчилар орқали эришилган халқаро спорт ютуқлари мамлакатларнинг маданияти ва қадриятларини ўзига хос мақсадларига йўналтиришда, шу билан бирга бошқа мамлакатлар учун жозибадор қилишда ишончли роль ўйнайди. Бошқа томондан, спортчилар мамлакатлар ўртасидаги турли хил қўшма дастурлар орқали ўзаро тушунишни ривожлантиришга воситачилик қилган ҳолда дипломатик вазифаларда муайян роль ўйнайди.
Халқ дипломатиясининг бир қисми бўлган спорт дипломатияси тушунчаси чегаралар олиб ташланган глобаллашган дунёда давлатлар ва миллатларни ўраб турган тузилма сифатида ҳам баҳоланиши мумкин. Гарчи спорт ва дипломатия тушунчалари турли мақсадларга хизмат қилсада, бу икки тушунча турли миллатлар ва маданиятларни дунёнинг ягона ҳомийлиги остида бирлаштиришда давом этмоқда. Спорт дипломатияси спорт ва унинг соҳаларини восита сифатида ишлатиши ва халқлар ўртасидаги муҳим алоқаларни ўрнатиши барча томонидан эътироф этилган.Халқ дипломатияси ташқи сиёсатнинг шаклланиши ва олиб борилишига жамоатчилик муносабатининг таъсири билан иш кўради. У халқаро муносабатларнинг бошқа мамлакатларда ҳукумат томонидан жамоатчилик фикрини ўстириш; бир мамлакатда хусусий гуруҳлар ва манфаатларнинг бошқасининг манфаати билан ўзаро таъсири; ташқи ишларнинг ёритилиши ва уларнинг сиёсатга таъсири; дипломатлар ва чет эллик мухбирлар ўртасидаги алоқа; маданиятлараро алоқа жараёнлари каби анъанавий дипломатиядан ташқарига чиқадиган жиҳатларини қамраб олади.
Гап шундаки, туризм бутун жаҳон бўйлаб ҳар йили миллиардлаб кишиларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчишини ўз ичига оладиган катта бир тармоқдир. Туризм шу қадар катта тармоқки, оммавий дипломатияга унинг бевосита ва билвосита таъсири тўғрисида сўз юритиш мумкин.
Туризм тажрибаси ва инсонларнинг бир мамлакатдан бошқасига ўтиб юришидаги унинг иштироки бошқа мамлакатларга ҳам таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, турли мамлакатлар халқаро тасаввурни моделлаштириш учун амалга ошираётган улкан саъй-ҳаракатларни туризм ҳисобига киритиш мумкин. Аслида, кўплаб мамлакатлар томонидан амалга оширилаётган туризм ва маркетингни илгари суриш энг қудратли ташқи мулоқот саъй-ҳаракатларидан биридир.
Туризмни илгари суриш борасидаги, хусусан ривожланган мамлакатлардаги кўплаб агентликлар хусусий захиралардан фойдаланиш борасидаги ўз салоҳиятлари туфайли ўз мамлакатларини илгари суриш учун сезиларли салоҳиятга эга ҳамда бу туристик йўналишлар ташқи рекламага ажратадиган ҳаражатларининг каттагина қисми бўлиши мумкин. Шундай қилиб, ҳатто мамлакатнинг дипломатик тузилмаси хорижий жамоатчиликни оммавий дипломатияни илгари суришга ундаган ҳолатларда ҳам буларни англаш туризмни илгари суриш бўйича ишлар билан шакллантирилади.
Бугунги олам кундан кунга ўзаро боғлиқ бўлиб бормоқда, миллатлар ўртасидаги мулоқот ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бир бирларини тушуниш, ахборот алмашиш, ўзаро ҳаракат қилиш миллат амалга ошираётган сиёсат ва таянаётган қадриятларни яхшироқ тушунишга имкон беради. Шунинг учун оммавий дипломатия ҳар қандай давлат ўз ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олиши асосида қарор топгандир, туризм саноати ҳам бундан мустасно эмас.
Инсонларнинг бир жойдан бошқа жойга оммавий кўчиб юришини назарда тутувчи глобал ҳамда доимо кенгайиб борувчи саноат сифатидаги туризм жамият бошқа мамлакатларни қандай идрок этишига таъсир кўрсатиши мумкин. Кўплаб мамлакатлар у ёки бу мамлакатнинг ижобий халқаро англанишини шакллантириш учун ўз захира ва хизматларини туризмга бағишлаётганлиги борасида ҳам шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Шуни таъкидлаш керакки, оммавий дипломатия амалиёти кенгайган ҳамда спорт ва туризм сингари бошқа секторларни жалб қилган ҳолда маҳсулдор бўлиб қолди. Аслида бутун жаҳон бўйлаб барча мамлакатлар учун спорт маданияти ва туризм сингари бошқа воситалар ёрдамида ижтимоий дипломатия соҳасида ўз саъй-ҳаракатларини кенгайтириш учун улкан рағбат мавжуд.
Самарали оммавий дипломатия бугунги глобаллашаётган оламда жиддий устунликка айланиб улгурди. Сўнгги технология ва тижорат ютуқлари фаол оммавий дипломатияга доимий эҳтиёж мавжудлигидан далолат бермоқда.
Шаҳноза Мирсоатова,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети
таянч докторанти.
Алишербек Сайфуллаев,
мустақил тадқиқотчи.