Хитойнинг нуфузли “Hunan Zhongwei Group Co., Ltd.” компанияси бошқарув раиси Чен Минбо бошчилигидаги делегация аъзоларини Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов қабул қилди.
Учрашув давомида Бухоро вилоятининг иқтисодий, саноат ва туризм соҳаларидаги кенг имкониятлари, ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, вилоятнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор меъморий ёдгорликлари, туристик жозибадорлиги ҳамда замонавий инфратузилма имкониятлари алоҳида таъкидланди.

Ҳар икки томон ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, туризм, хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани ривожлантириш йўналишларидаги истиқболли ташаббуслар юзасидан фикр алмашди. Хитойлик меҳмонларга компания томонидан режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам намойиш этилди.

Чен Минбо Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятига юксак баҳо бериб, мазкур соҳада ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик асосида қатор лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Унинг таъкидлашича, Бухоронинг тарихий мероси ва замонавий ривожланиш салоҳияти Хитой инвесторлари учун жозибадор ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, аниқ таклифлар асосида музокараларни давом эттириш ҳамда келгусида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.