English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм – туман тараққиётининг янги драйвери
16:32 / 2026-01-08

Сўнгги йилларда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда табиий ва тарихий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар янги босқичга олиб чиқилди.

Энг аввало, туманда транспорт инфратузилмасини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Кўксарой” сув омбори орқали Ангидон маҳалласига олиб борувчи автомобиль йўлининг 19 километр қисми таъмирланиши натижасида туристлар учун масофа 40 километрга қисқарди. Бу нафақат вақт ва харажатни тежаш, балки ҳудудга ташриф буюрувчилар сонининг ортишига хизмат қилади.

Шунингдек, Ангидон ва Лангар маҳаллаларида 2,5 километр ички йўллар таъмирланиб, замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилди. Бу ишлар маҳаллалар қиёфасини ўзгартириш баробарида, туристлар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратмоқда.

Туризмни ривожлантиришда энг муҳим жиҳатлардан бири аҳоли иштирокини таъминлашдир. Мазкур маҳаллаларда ҳар бирида 40 тадан, жами 80 та меҳмон уйларининг ташкил этилиши бунинг яққол исботидир. Натижада қарийб 100 та янги иш ўрни яратилди. Бу эса маҳаллий аҳоли даромадларининг ошиши, хизмат кўрсатиш соҳасининг кенгайишига олиб келмоқда.

[gallery-27025]

Лангар маҳалласида 1,8 миллиард сўмлик инвестиция асосида барпо этилган “Ёшлар боғи” эса ҳудуднинг ижтимоий-туристик жозибадорлигини янада оширди. Мазкур лойиҳа доирасида 20 та янги иш ўрни яратилди.

Албатта, йўл, хизмат, дам олиш ва меҳмонхона инфратузилмасининг бир-бири билан уйғун ривожланиши ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Энг муҳими, бу ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва туман имижини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари