Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм соҳасига бугунги кун нигоҳи
17:52 / 2022-05-31

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Ушбу қоидаларнинг асосий мақсади соҳадаги барча муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 21 июнда маъқулланган Ўзбекистон Республикаси туризм тўғрисидаги қонунининг 3-моддасида соҳага оид асосий тушунчалар - гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, мустақил туризм, туризм соҳасининг субъектлари, тур, туризм, турист, экскурсант, экскурсия етакчиси каби атамалар келтирилган. Масалан, «гид-таржимон» атамаси ахборотга оид ва ташкилий хизмат кўрсатиш, туристлар ва экскурсантларни вақтинча бўлиш мамлакатидаги (жойидаги) туристик ресурслар билан таништириш учун касбий жиҳатдан тайёргарлик кўрган шахсни билдиради. Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахс ёки тур ҳақида гапирсак, ушбу жараён туристик хизматнинг камида иккита турини ўз ичига олган туристик хизмат мажмуаси билан таъминланган, белгиланган йўналиш бўйича аниқ муддат белгиланган саёҳатга айтилади. Бу қонунларнинг асосий тамойиллари экскурсантлар, туристлар ва соҳа субъектларининг ҳуқуқи, эркинлиги, қонуний манфаати ҳамда хавфсизлиги ҳимояси устуворлиги, туризмни барқарор ривожлантириш ва бунинг учун қулай шарт-шароит яратиш зарурлиги, соҳада тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш лозимлиги, соҳада ошкоралик ва очиқлик барқарор бўлишини кўзда тутади.

Ўзбекистонда ёш авлоднинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллашини рағбатлантириш, саломатлигини таъминлаш, мустақил ҳаётга қадам қўйишига кўмаклашиш асосий вазифа сифатида қаралади.

Туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизим олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланган. Бугунги  кунда олий ўқув юрти битирувчилари халқаро стандарт талабларига жавоб бера олмайди. Олий таълим муассасаларини тугатган ёш кадрлар ишлаб чиқаришнинг ўсиш жараёнига замонавий хизмат кўрсатиш методларини, инновацион ғояларни, соғлом руҳиятни жорий этиб, ташкилот менежерлари тажрибаси ошиб боришига ёрдам бериши муҳим ҳисобланади. Яна бир долзарб  муаммо таълим бериш жараёни меҳмонхона, ресторан, сайёҳлик фирмалари замонавий иш фаолиятидан фарқ қилиши. Яъни, ўқув қўлланмалари, дарсликлар орқада қолиб, ташкилот, муассасаларда иш жараёни олдинлаб кетган.

Чет элдаги меҳмонхоналар фаолияти Ўзбекистондагидансезиларли фарқ қилади. Масалан,бизда иш берувчининг эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаяпти. Олий ўқув даргоҳлари бу масалаларни етарли қамраб олмаган. Малакали кадрлар тайёрлаш жараёни намунали йўлга қўйилмаган. Ўқув курси тугаши билан меҳмонхонага ёки бирор ресторанга ишга келган битирувчи худди осмондан тушгандек, гўё! Яна бир жиддий муаммо - кўп жойда таниш-билишлик, қариндош-уруғчилик, “эплаб кетади” қабилидаги сўзлар хизмат кўрсатиш соҳасида бир талай камчилик, муаммоларни келтириб чиқармоқда. Сабаби жуда оддий! Зеро, ҳуқуқ ўқитувчиси ресторанда фаолият олиб бориши, жисмоний тарбия факультети битирувчиси меҳмонхона администратори ўрнида ишлаши мутлақо ўринсиз. Олий таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрлар, асосан, менежмент, бизнес бошқаруви, маркетинг, молиялаштириш соҳаларини мукаммал ўзлаштиради. Яна бир камчилик- суҳбат этикаси ва нутқий фаолиятда маданий мулоқот пастлиги билан боғлиқ. Меҳмонхонанинг ички тузилиши ҳақидаги маълумот ҳам ҳаммада мавжуд эмас. Одамлар “roomservice”, “housekeeping”, “consurge” каби оддий тушунчалар ҳақида маълумотга эга эмас. Камчиликлар сабаби эса амалиёт жараёни мукаммал ташкил этилмаганига бориб тақалади.

Чет эл тажрибасига назар солсак, хорижий таълимнинг афзалликлари кўплигига гувоҳ бўламиз. Яъни, туризм ривожланган давлатларда олий таълимни тамомлаган талабалар меҳмонхона ёки сервис соҳасида яхшигина амалий тайёргарликка эга бўлишади. Яна бир муҳим маълумот: Швейцариянинг “Лузан меҳмонхона хўжалиги олий оқув юрти” коллежи малакали кадрлар тайёрлайди. Ўқув жараёнида 50 фоиз назарий билим берилса, 50 фоиз амалиёт ўтилади. Ҳар бир таълим олувчи таҳсил жараёнида муайян муддат ҳам ошхонада, ҳам «housekeeping», ҳам «roomservice» бўйича ўзини синаб кўрган, етарли малака олган бўлади. Ўзбекистон билим даргоҳларида ҳам кам миқдорда бўлса-да, назарий ва амалий билим бирга олиб борилади. Барибир, тан олиш керак, корхона иш жараёнида амалиётчи талабага вақт ажратиши қийин.

YOSHLAR - KELAJAGIMIZ: Шаҳрисабзда ички туризм муаммолари очиқ муҳокама  қилинди

Кўриниб турибдики, ўқув жараёнидаги амалиёт, яъни, амалиётни олий ўқув юртининг ўзида ташкил қилиш муҳимаҳамиятга эга. Ҳукуматимиз томонидан ўқув юртига ажратиладиган тажриба ва амалиёт учун ихтисослашган меҳмонхона ёрдамида билим ва кўникма даражасини кўтариш мумкин.

Туризм соҳасидаги фаолият жараёнида турли хил инсонлар билан мулоқот натижасида ҳар бир киши ўз характерига, қарашига, мустақил фикрига эга бўлади. Шунга кўра, ходим хушмуомала, хушхулқ, тушунувчан ва доим қулоқ сола оладиган бўлиши шарт. Тўғри, ходим доимо хушчақчақ бўлиши яхши ва шу билан бирга, юздаги доимий кулги ҳам одамнинг жигига тегиши мумкинлигини унутмаслик керак. Ходим доимо меҳмон учун қулай шароит яратиб бера оладиган, мижозни жалб қилиш усулларини ўзлаштирган бўлиши керак. Ўз навбатида, ҳар бир ходим психолог ҳам бўлиши шарт.

Фикримча, ўқув даргоҳларида айни жиҳатга жиддий эътибор қаратиш, вақти-вақти билан тренинг, ташвиқот ишларини олиб бориш муҳим. Хизмат кўрсатувчи меҳмонни қанча яхши тушунса, унга қанча яхши хизмат кўрсатса, мижозни ўзига шунча тез жалб қила олади. Қайси маҳсулот ёки хизматни таклиф қилишни билади, шунча кўп фойда олади. Натижада меҳмон доимий харидор ёки мижозга айланишига эришиш мумкин. Малакали ходим, аввало, комил инсон бўлиши лозим. Хизмат кўрсатувчи жуда кўп шартга жавоб бера олсагина, малакали ва керакли ходим ҳисобланади. Табиий ҳолда, Европа муҳитидаги  ресторанда овқатланишга ўрганган меҳмон ўзига нисбатан алоҳида эътибор талаб қилади. 

Шу ўринда “Нима сабабдан Европа давлатларида кўпинча одамлар ресторан ёки кафеда овқатланади” деган савол туғилади. Бизнингча, улар ўзига нисбатан олий даражадаги муомала маданиятини ҳис қилишни хаҳлашади. Бу ҳолат уларда ўзига бўлган ишончни оширади. Шундай экан, кимки ўз ресторанида кўпроқ туристлар кўришни хоҳласа, шундай хизмат кўрсатилишини ташкил қила олиши жуда муҳим. Хизмат кўрсатувчини ишга олишда унинг ҳаракатчанлиги, қобилияти, муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Хизмат кўрсатувчининг санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиши ҳам ташриф буюрган мижозга ёқимли ёки ёқимсиз туюлиши мумкин. Хизматчи ўзининг озодалиги ҳақида қайғурса ёки ташқи кўринишига эътибор қилса, муассасанинг кўркига кўрк қўшилади. Танланган иш формаси доимо чиройли ва тоза туриши, қўл ва бармоқлар тоза-озода бўлиши лозим. Бинода хушбўй ҳид таралиб турса, нур устига аъло нур.

Д.Худойбердиева,

ЖИДУ магистранти