Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади
10:56 / 2024-07-23

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасидаги давлат олий таълим муассасаларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизими уч йиллик олий таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқув жараёни "блок-модуль" тизимига асосланган дуал таълим шаклида ташкил этилади. Бунда, ўқув жараёнларининг назарий ва амалий машғулотлар улуши:

биринчи босқичда - 80 фоиз назарий ва 20 фоиз амалий;

иккинчи босқичда - 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;

учинчи босқичда - 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий бўлиши назарда тутилади.

2024 йил 1 августдан бошлаб туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида таълим жараёнини амалиёт билан бирга олиб бориш мақсадида уларнинг ҳудудларида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.

2027 йил 1 январга қадар туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг амалиёт базаларида кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғи ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўланади. Бунда, ушбу солиқ имтиёзини қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлар ташкил этилаётган хизматлар кўрсатиш объектларининг моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтирилади.

Мазкур қарор билан 2024-2025 йилларда туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда олий таълим муассасалари томонидан ҳудудларда туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм академиясида меҳмонхоналар ва ресторанлар учун юқори малакали хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи гид-таржимонлар сонини ошириш мақсадида, олий таълим муассасалари ҳузурида шартнома асосида араб, япон, хитой, ҳинд, испан, италян, корейс, урду, индонез ва малай тилларида хизмат кўрсатувчи гид-таржимонларни тайёрлаш бўйича қўшимча курслар ташкил этилади.

                                                                                                                  ЎзА