“Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ва бу борада ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида ўтказилган ушбу тадбирда Евроосиё Тоғ курортлари иттифоқи тақдимоти бўлиб ўтди. Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистондаги “Амирсой”, Россиядаги “Роза Хутор” ва Қозоғистондаги “Шимбулоқ” дам олиш масканларини бирлаштирган Иттифоқ вакиллари янги бирлашманинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб берди ва қиш мавсумида амалга оширилиши режалаштирилган ҳамкорликдаги муайян тадбирларни тақдим этди.
Тақдимотда 2024 йил март ойида Сочидаги “Роза Хутор” курортида бўлиб ўтадиган кенг кўламли Тоғ курортлари фестивали ҳақида эълон қилинди. Шунингдек, Иттифоқ вакиллари Давлатлараро сайёҳлик йўналишини яратиш, ҳар учта курортда фойдаланиш учун ягона скипаслар татбиқ қилиш, тоғ курортлари учун ходимларни ҳамкорликда тайёрлаш режалари ҳақида сўзлаб берди. Шу билан бирга, кўргазма давомида Иттифоқ ўз сафини янги иштирокчи – Озарбайжоннинг энг йирик “Шаҳдаг” тоғ курорти билан тўлдирди. Бу борада тегишли меморандум Иттифоқнинг барча дам олиш масканлари вакиллари ва “Шаҳдаг сайёҳлик маркази” тоғ курорти бошқаруви раиси Рустам Нажафов томонидан имзоланди.
–Бизнинг умумий мақсадимиз туризм ва меҳмондўстлик индустриясида янги йўналишлар очиш, сифат ва рақобатбардошликни ошириш, туризм маданиятини янги босқичга олиб чиқиш, – деди “Амирсой” МЧЖ ҚК бош директори Саидвали Саидхўжаев. – Иттифоқимизга янги иштирокчи, Озарбайжоннинг “Шаҳдаг” тоғ курорти бирлашиши Иттифоқ томонидан ташкил этилаётган Давлатлараро сайёҳлик йўналишини ажойиб равишда тўлдиради. Иттифоқнинг барча дам олиш масканлари фаол иштироки, эришилган амалий натижалар ва уларнинг бундай глобал туризм форумидаги муваффақиятли тақдимоти бирлашманинг ҳаётий долзарблиги ва аҳамиятини намойиш этади. Ишончим комилки, Иттифоқ халқаро туризмни ривожлантиришга қаратилган янги ғоялар ва лойиҳаларни яратиш, шунингдек, хавфсиз, “яшил” ва ҳамёнбоп туризмни ривожлантириш учун муҳим ва манфаатли платформага айланади.
–2023 йил давомида мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар оқимининг барқарор ўсиши халқаро ҳамкорлик муваффақият гарови эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бугунга келиб тўртта курорт томонидан ривожлантирилаётган Евроосиё Иттифоқи кейинги ўн йилликда ва узоқ муддатли истиқболда Евроосиё қитъасида тоғ туризми барқарор ривожланиши учун стратегик имкониятлар яратади, – деди “Роза Хутор” курорти бош директорининг Халқаро алоқалар ва туризм бўйича ўринбосари Сергей Хворостяний.
Шунингдек, тадбирда “Шимбулоқ” тоғ курорти бош директори Ринат Абдраҳмонов, Евроосиё Тоғ курортлари иттифоқи котиби Андрей Кукушкин ва бошқалар сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва ҳамкорликлар ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА