French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар муаммолари ўрганилди
18:14 / 2022-08-15

Фармон ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 январда “Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда бир қатор соҳалар қаторида туризм йўналиши равнақи йўлида ҳам устувор вазифалар белгиланган.

Жорий йил 22 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги кутилаётган учрашуви ҳам тадбиркорлар учун катта имкониятдир.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида энг илғор халқаро тажрибалар асосида тармоқ қўмиталари фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам айни талаблар ижросида муҳим қадам ҳисобланади.  

Бугунги кунда палата ҳузурида ташкил этилган тармоқ қўмиталари фаолияти ҳақида Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Дониёр АБДУМУТАЛОВ ЎзА мухбирига интервью берди.

– Савдо-саноат палатаси томонидан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш борасида қатор вазифаларни бажариш режалаштирилган, – деди Д.Абдумуталов. – Бу жараёнда палата ҳузуридаги  тармоқ қўмиталари олиб бораётган ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Қўмиталар тадбиркорлар билан мулоқот олиб бориш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бу масалаларни тегишли ташкилотларга тақдим этиш каби ишларни амалга оширади.

Жорий йил август ойига қадар 21 та тармоқ қўмитаси ташкил этилиб, уларнинг ҳар бирида ўз соҳасининг билимдон, ишбилармон ва юқори натижаларга эришган 25 нафардан иборат аъзоси сайланган.

Ушбу қўмиталар аъзолари тармоқларда ўзгаришлар, янгиликлар ва муаммоларни таҳлил этади. Аҳамиятли жиҳати, улар томонидан кўтарилган масалаларга  палата томонидан катта эътибор қаратилади ва уларнинг ҳал этилиши учун ёрдам беради.

[gallery-8330]

Ҳар бир қўмита томонидан соҳаларга доир масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилади. Масалан, буни Туризм масалалари қўмитасининг йиғилиши мисолида кўришимиз мумкин. Тадбирда 50 дан ортиқ энг йирик меҳмонхона ва тур агентлиги вакиллари ўз соҳасидаги муаммоларни қандай ечиш бўйича таклифлари билан чиқди. Бу масалалар юзасидан мутахассислар тушунчалар берди. Қизғин фикр-мулоҳазаларга бой бўлган учрашувнинг аҳамияти шундаки, унда соҳа вакиллари мулоқотга киришиб, тажрибалар алмашишга ҳам имкон топишди.

Таъкидлаш керакки, мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бири, шубҳасиз, туризм соҳаси ҳисобланади. Охирги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан соҳани тубдан ривожлантириш, янги туристик зоналар барпо этиш ва туризм саноатида фаолият олиб борадиган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўнлаб қарор ва фармонлар имзоланди. Бунинг натижасида мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони бир неча баравар ошиб, туристик дестинация сифатида етакчи позицияларни эгаллашга эришгани ниҳоятда қувонарлидир.

Туризм – коронавирус пандемияси даврида энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири. Шу боис, сайёҳлар ва тадбиркорларнинг ишончини тиклаш, талабни рағбатлантириш ва туризмни қайта тиклашни тезлаштириш учун тезкор чора-тадбирлар механизмларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш зарурияти пайдо бўлди. Мазкур оғир вазиятдан кам зарар кўрган ҳолда чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва изчиллик билан давом эттирилмоқда. 

Йиғилишда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов қайд этганидек,  бугунги кунга келиб туризм саноати соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга тизимли ечим топиш ва таклифларини ўрганиш долзарб масалалардан. Шу сабабли Савдо-саноат палатаси ҳузурида мутлақо янги механизм асосида фаолият олиб борадиган Туризм масалалари қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита доимий равишда тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиб, соҳада мавжуд муаммолар ечими бўйича ҳукуматга таклифлар тайёрлайди. Жаҳон тажрибасига эътибор бериладиган бўлса, мазкур тизим ижобий натижалари билан ўзини оқлай олган.

Шунингдек, қўмита қошида соҳада узоқ йиллик тажрибага эга тадбиркорлардан ташкил топган Экспертлар кенгаши тузилди ва унга 25 нафар тадбиркор жалб қилинди. Мазкур кенгаш тадбиркорларнинг муаммоларига тезкор ечим топиш мақсадида дастлабки тизимли-таҳлилий баҳолашни амалга ошириб, якуний таклифларни ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

Шундан келиб чиқиб ташкил этилган учрашув билдирилган муаммо ва таклифларни жорий йил 22 август куни Президентимизнинг тадбиркорлар билан бўладиган очиқ мулоқотида олиб чиқиш мақсадини ҳам ўзида жамлаган. Шунингдек, муҳокама қилинган масалалар ва муаммоларнинг ечими бўйича концептуал равишда асосланган таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳукуматга етказилиб, уларнинг натижаси бўйича тадбиркорлар хабардор этилиши режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, Савдо-саноат палатаси туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини миллий иқтисодиётимиз учун алоҳида муҳим бўғин сифатида эътироф этиб, улар билан доимий равишда ҳамкорлик қилишнинг янгича механизмларини жорий этади.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.