Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм соҳасида аёллар форуми
16:37 / 2021-06-02

«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан «Туризм соҳаси бизнесида тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш» мавзусида ўтказилган форумда аёлларни бизнесга жалб қилиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Форумда туризмни ривожлантириш соҳасидаги халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, экспертлар, тадбиркор аёллар, барча вилоятлардан туристик соҳа вакиллари иштирок этди.

– Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 2019 йилдаги ҳисоботида дунёдаги 156 та мамлакатдаги туризм соҳасидаги ишчи мутахассисларнинг 54 фоизи хотин-қизлардан иборат эканлиги қайд этилган, –дейди Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазири маслаҳатчиси Тимур Мирзаев. – Бу борада юртимиздаги хотин-қизлар кўрсаткичи ҳам ёмон эмас. Яқинда Ислом академиясида, Ипак йўли туризм университетида, сайёҳлик агентлиги ва гидлар ассоциациясида сўровнома ўтказганимизда туризм соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизлар кўрсаткичи 40 фоиздан юқори чиқди. Туризмнинг энг кўп даромад келтирадиган сувенир, гастрономия, гидлик соҳасида аёлларимиз кўпчиликни ташкил қилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Бунинг сабаби юртимизда тадбиркор аёлларга берилаётган ваколатларнинг кўплигидан деб биламан.

Юртимизда аёллар ўз билим ва тажрибаси, малакаси ҳамда маҳорати боис, кўпгина соҳаларда етакчи ўринни эгаллашган. Кўплаб хотин-қизлар туризм соҳасида бизнес юритади.

Шунинг учун ҳам ушбу йўналиш доимо Ассоциация диққат марказида.

Шаҳрисабзлик тадбиркор ҳунарманд Юлдуз Мамадиёрова ҳам ассоциация кўмагида билим ва тажрибаларини ошириб, бугунги кунда юқори натижаларга эришмоқда. Юлдуз опа туризм билан ҳунармандчиликни биргаликда олиб бормоқда. Ўз фаолиятини хорижий тилларни ўргатиш марказини очишдан бошлаган аёл бугунги кунга келиб, каштачилик, попопчилик, гиламчиликни ташкил этиб, бир нечта хотин-қизларни иш билан таъминлади.

Шунингдек, форум кун тартибидан туризм соҳаси мутахассисларининг тавсиялари, туризм бизнеси вакиллари учун янги назарий ва амалий билимлар ҳамда туризм салоҳияти тақдимоти ўрин олди.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА