2024 йилда “Туризм ва Тинчлик” Бутунжаҳон туризм кунининг шиори сифатида танланди. Зеро туризм инсонлар, халқларни бир-бирига танитадиган, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, бирлаштирадиган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади.
Пойтахтимизда 27 сентябрь – “Бутунжаҳон туризм куни” муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов анжуманни очиб берар экан, юртимизда туризм соҳасидаги ўзгаришларга эътибор қаратди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил соҳа тадбиркорларига кўплаб янги имтиёзлар тақдим этилиб, долзарб муаммоларга ечим топилди. Жумладан, янги меҳмонхоналар қуриш, дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендларини жалб қилиш харажатларини қоплаш учун субсидиялар 2027 йилгача узайтирилди, – деди вазир. – Шунингдек, тўсиқсиз, инклюзив туризмга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларга мамлакат бўйлаб саёҳатнинг 50 фоизи, меҳмонхоналарга эса ўз объектларини ногиронларга мослаштириш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бундан ташқари, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Халқаро туризм академияси очилди.
[gallery-19428]
Дарҳақиқат, барқарор туризм жамиятнинг ижобий ўзгаришига кўмаклашади – иш ўринлари яратади, инклюзивликни ривожлантиради. Қайд этиш керак, ислоҳотлар самараси ўлароқ Ўзбекистоннинг туризм борасидаги халқаро имижи яхшиланди. “The New York Times”, “The Guardian”, “The Independent”, “Global Muslim Travel Index”, “National Geographic Traveler Awards”, “Lonely Planet” ва бошқа етакчи хорижий нашрлар юртимизнинг туризм салоҳиятини юқори баҳолаб келмоқда.
– 2030 йилга келиб юртимизга ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар сонини 15 миллионга етказишни мақсад қилганмиз, – деди вазир. – Ишончим комилки, сизлар билан бирга буни уддалаймиз ва яна кўплаб қизиқарли лойиҳаларни биргаликда амалга оширамиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарори билан “Туризм фидоийси” кўкрак нишони таъсис этилган эди.
Тадбир давомида туризм ривожига ўз ҳиссасини қўшган санъат ва маданият арбоблари, давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг 60 нафари “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА