Туризм иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми сифатида мамлакатга катта даромадни келтиради, юқори валюта тушумини таъминлайди, аҳолини иш билан бандлик даражасини оширади. Бу соҳа ривожи учун эса хизмат кўрсатиш тизимини мунтазам ривожлантириб бориш зарур.

Бухоро вилоятида ҳам туризмни ривожлантириш, сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Сухроб Бобокалоновнинг таъкидлашича, сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражасини янада яхшилаш борасида бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бухоро шаҳри “Гулчорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини Қалқон кўчаси йўл ёқасида “Туризм шаҳарчаси”ни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди С. Бобокалонов. – Бу ернинг умумий майдони 195 гектарни ташкил этади. 3-4 минг киши иш билан таъминланади. Лойиҳага маҳаллий ташаббускорлар ҳамда ёшлар жалб қилинади. Ҳар бир объект Yandex, Google каби халқаро навигация хариталарига киритилади.
Бухорога ташриф буюрадиган сайёҳларнинг асосий қисми эски шаҳарни айланади. Янги туристик йўналишларнинг етишмаслиги сайёҳларнинг вилоятда кам муддатда (2-3 кун) қолишига сабаб бўлмоқда. Ташриф буюрадиган сайёҳларга юқори хизмат кўрсатиш, аҳоли бандлигини ошириш, сайёҳларни эски шаҳар қисмидан бошқа йўналишга жалб қилиш мақсадида туризм шаҳарчасини барпо қилиш талаб этилади. Лойиҳанинг афзаллиги ҳам шунда. Лойиҳадан кутилаётган натижалар яъни маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янги дестинация яратилади. Барча хизмат кўрсатиш турлари битта ҳудудда мужассамланади, бу орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратилади. Ёш тадбиркорларга ўзининг лойиҳасини амалга оширишга имкон яратилади.

“Туризм шаҳарчаси”ни барпо этиш орқали рақобатчилар сони ошади ва ўз-ўзидан хизмат турлари сони кўпаяди ҳамда сифат яхшиланиб, хизматлар диверсификацияланади. Маданий мерос объектларига зарар етказиш камаяди. Мазкур ҳудуд туризм инфратузилмаларини яратиш орқали обод бўлади. Сайёҳларнинг вилоятда қолиш давомийлиги ошади. Янги иш ўринлари яратилади. Туризмдан тушаётган йиллик даромад ошади.
Мажмуада Ўзбекистондаги жаҳон маданий меросига киритилган ёдгорликларнинг макет лойиҳалари, бутик меҳмонхоналар, миллий чойхоналар, ихтисослашган ресторанлар, миллий овқатлар растаси, миллий ҳаммом, ҳунармандчилик марказлари, музей, креатив ҳайкалчалар майдони, қўл меҳнати маҳсулотлари савдоси, туристик инфо киосклар, велосипедлар ижараси, электромобил, автотураргоҳ каби лойиҳалар амалга оширилади.
“International region” мажмуасидан замонавий 3, 4 юлдузли меҳмонхоналар, бизнес маркази, савдо кўнгилочар марказлар, Европа ва ихтисослашган ресторанлар, фаст фуд, Конгресс зал, экотуризм маскани, клиника, кинотеатр, бассейн, сауна, Street art, туристик инфо киосклар, электромобил, велосипедлар ижараси, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, электромобилларни қувватлантириш нуқталари, автотураргоҳ ўрин олган.
“Modern Bukhara” да дам олиш ва кўнгилочар марказлари замонавий 3, 4 юлдузли меҳмонхоналар, 24/7 фаолият олиб борадиган ресторанлар, тунги клублар, караоке барлар, бассейнлар, сауна, спа салон, тематик ва аква парк, голф майдончаси каби қўшимча хизматлар яратилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эҳтиёжини талаб даражасида қондириш, уларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, хизматлар соҳасини диверсификация қилиш бугунги кун туризм ривожи учун муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам соҳага бошқача ёндашиб, бу каби туризм шаҳарчаларини барпо этиш орқали сайёҳларнинг қолиш давомийлигини узайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, хизмат турларини кенгайтириш ҳамда замонавий меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бўлган бошқа объектларни барпо этиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири