Мамлакат туризмини ривожлантириш учун нима қилиши керак, бунинг ижобий омиллари нимада?
Ўзбекистоннинг гастрономик ва маданий мероси ноёб. Соҳа ривожи эса хизматлар сифатини ошириш ва нархларни мақбуллаштириш бўйича янги-янги уфқларни излаш, давлатлараро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни талаб қилади. Шунингдек, туристларни жалб қилиш учун энг аввало одамлар учун қулай шароит (accessibility) яратиб бериш керак.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида келгуси етти йилликда хорижий сайёҳлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган сайёҳлар сонини 3 миллионга ошириш мақсад қилинган.
Туризм қўмитаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган 2023 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган умумий сайёҳларнинг 50,1 фоизи Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия ва Туркманистон давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Шундан 40,2 фоизи Қозоғистондан ташриф буюрган туристлардир (1 333,4 минг нафардан ортиқ).
Қайд этилишича, туркий давлатлар ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти котибияти, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида уч томонлама “Йўл харита” имзоланган. Унда икки давлат ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтирувчи туризм дастурларини ишлаб чиқиш, сайёҳлик компаниялари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва бошқалар кўзда тутилган. Шунингдек, зиёрат туризми мақсадида келаётганлар учун чегара постларида қулайликлар яратиш кўзда тутилган. Икки давлат ўртасида автобус қатновини кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳар бир халқнинг улуғ намояндалари, атоқли олимлари, мутафаккир ва шоирлари мероси умумий бойлик ҳисобланади. Айниқса зиёрат туризмини ривожлантириш учун барқарор ривожланиш сиёсатини олиб бориш, унинг тарихий обидалар ва атроф-муҳитга таъсири билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш муҳим ҳисобланади. Туризм қўмитаси томонидан соҳадаги экспертлар жалб қилиниб, Туркий давлатлар ташкилотининг веб-порталида “Табаррук зиёрат” туризм платформаси ишга туширилган (www.tabarrukziyorat.uz). Мазкур платформага Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Туркий дунё цивилизациясида муҳим ўрин тутган 100 га яқин зиёратгоҳ ҳамда қадамжо тўғрисидаги маълумотлар 7 та тилга таржима қилиниб жойлаштириб борилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, зиёрат туризми соҳасида кадрлар тайёрлаш, бу йўналишда хорижий экспертлар билан узвий муносабатларни йўлга қўйиш, илмий ва маърифий лойиҳаларни амалга ошириш, зиёратгоҳлар ва туризм йўналишлари бўйича қўлланма ҳамда хариталар ишлаб чиқиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Туризм ривожида ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмаслик керак.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, жорий йилда туризм экспортини 2,5 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича чоралар кўрилади. Мутасадди ташкилотлар билан бирга ҳар бир ҳудуддан 1 минг нафардан имконияти чекланган шахслар саёҳати режалаштирилган. Босқичма-босқич тўсиқсиз туризм ривожлантирилади. Ҳудудларда қўшимча 10 та “туризм қишлоқлар” ини ташкил қилиш чоралари кўрилади. Сайёҳлар оқимини янада ошириш учун меҳмонхона ва меҳмон уйларини кўпайтириш мақсадида Паркентдаги Кумушкон, Ҳисарак, Сўқоқ, Бошқизилсой, Чанги, Заркент, Бойқозон маҳаллаларида туризм масканлари ташкил этилади. Шунингдек, Хонобод шаҳри, Бойсун, Бахмал, Фориш, Ангрен ва Оҳангаронда ҳам туризм масканлари мастер режалари ишлаб чиқилади. Алоҳида диверсификация қилиш, ёшлар, агро, MICE, инфратузилмани яхшилаш, соҳани рақамлаштириш, хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Олий таълим муассасаларида соҳага кадрлар тайёрлаш, янгича тизим жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Уларда халқаро илғор тажрибадан келиб чиқиб, туризм йўналишидаги бакалавриатда 3 йиллик таълим асосида кадрлар тайёрлаш, амалиёт билан бирга олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида олий таълим муассасалари қошида туроператорлик корхоналари, меҳмонхоналар ташкил этиш ҳамда туристик логистика хизматларини кўрсатиш, олий ва профессионал таълимда ўқув жараёнларини “Блок-модуль” тизимига асосланган дуал таълим шаклида ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Келгусида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 5 фоизгача етказиш, 2026 йил якунига қадар 11,6 миллиондан ортиқ туристларни, шу жумладан узоқ хорижий давлатлардан — 2 миллион туристни жалб қилиш режалаштирилган.
Сир эмас, туристлар ташриф буюрадиган жамоат жойлари ва объектларда санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этишга катта эҳтиёж мавжуд.
Таъкидланишича, бугунга қадар туристлар ташриф буюрадиган объектлар, барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш стансиялари, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда республика бўйича 1 минг 145 та санитария-гигиена шохобчаси ҳолати яхшиланди (уларнинг 672 таси янгидан қурилган бўлса, 473 таси ҳозирги замон талаблари асосида қайта таъмирланди).
Республика ҳудудида мавжуд 4 минг 653 та барча турдаги ёқилғи қуйиш стансияларининг санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланганлик даражаси 94,0 фоизга етказилди (4 минг 357 та АЁҚШ СГШ билан таъминланди). Келгусида жамоат жойлари, туристлар ташриф буюрадиган объектларда СГШ ларни ташкил қилиш ва уларни замон талабларига мослаштириш бўйича алоҳида ишлар ташкил қилинади.
Туризмнинг ривожланишини бошқа соҳаларнинг ривожланишидан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Жумладан, туризм объектлари, жойлаштириш муассасалари, умумий овқатланиш, транспорт хизмати ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларига ҳам боғлиқ. Масалан, соҳанинг ривожланишига транспорт хизматини оладиган бўлсак, туризм йўналишлари бўйича авиарейслар ва темир йўл қатновларини самарали ва тизимли ташкил этиш кўп муаммолар ечимига сабаб бўлади, туристлар вақтини тежайди, ортиқча харажатдан қутқаради. Чунки соҳа ривожада нархи паст чипталар, такомиллаштирилган транспорт тури муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбарининг 2021 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Термиз-Қарши-Хива, Хива-Урганч-Нукус ва Термиз-Қарши-Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатнови йўлга қўйилган.
2024-2026 йиллар давомида республиканинг барча халқаро аэропортларида хорижий туристларга Ўзбекистонда сотиб олинган маҳсулотлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими жорий этилади. Европа Иттифоқи давлатларидан Самарқанд, Бухоро, Урганч аэропортларига авиақатновларни амалга ошириш учун учрашувлар ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА