Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм ривожланишига қандай омиллар ва амалиётлар ёрдам бериши мумкин?
15:56 / 2023-12-18

Туризм ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли соҳа. У даромадлилиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу соҳада кам харажат билан кўп иш ўринлари яратиш имкони мавжуд.

Таҳлилларга кўра, пандемиядан сўнг Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳларнинг йиллик ўртача ўсиши 20  фоиздан ортган.   Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатга 6 миллион  134 минг нафар хориж фуқаролари ташриф  буюрган. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 7 миллионга  етиши тахмин қилинмоқда. Мавжуд рақамлар ўтган 2022 йилнинг 11 ойидаги натижалар билан солиштирилганда,  ушбу йилда айрим давлатлардан келаётган туристлар сони бир неча бараварга ошганлигини кўриш мумкин.  

Давлатлар кесимида таҳлил қилинганда, ушбу йилда 2022 йилнинг 11 ойига нисбатан Россиядан 676 минг (1,3 баробар кўп), Туркиядан 99 минг (1,4 баробар кўп), Ҳиндистондан 41 минг (2,9 баробар кўп), Хитойдан 39 минг (8,5 баробар кўп), Жанубий Кореядан 35 минг (1,9 баробар кўп), Германиядан 28 минг (1,7 баробар кўп), Италиядан 25 минг (2,9 баробар кўп), АҚШдан 22 минг (1,8 баробар кўп),  Франциядан 18 минг (1,7 баробарга  кўп) нафар  сайёҳ  юртимизга  ташриф  буюрган.  

Мамлакатимизда туризм салоҳиятини ошириш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?  Аслида  туризм ривожланишига қандай омиллар ва амалиётлар ёрдам бериши мумкин? Бугуннинг ана шундай долзарб саволларига  Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи  Иброҳим Барноев жавоб берди:  

–Туризмда муҳим омиллардан бири  бу меҳмонхона. Чунки  туристлар меҳмонхона хизматидан фойдаланар экан, бу борада энг кичик деталларгача эътибор қаратади. Ўзбекистонда меҳмонхоналар хизмати қай даражада ташкил этилган?  

Бир нарсани қайд этишим лозимки, ҳудудларда 183 та янги меҳмонхона  (ўринлар  сони  11  минг 342  та) ва 207 та хостел (ўринлар сони 7  минг 237та )  янгидан ишга тушди.  Жами жойлаштириш воситалари сони  5  минг 365 та, улардаги  ўринлар  сони  142  минг 38 тага  етказилди. Хонадонларда 333 та  оилавий меҳмонлар уйи (ўринлар сони 3  минг 92та )  ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 3 минг  305 та (ўринлар сони 29 минг 300 та) га етди. Туристлар учун хизмат кўрсатувчи 810 та янги туристик ташкилотлар ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг сони 2 минг 649  тага  етказилди.  

Биз меҳмонхона фаолиятини ташкил қилувчи тадбиркорларга аввало бир нарсани уқтирамиз. Бу рақобат. Чунки битта меҳмонхона фаолиятидан фойдаланган туристга у ердаги шарт-шароитлар маъқул тушмаса, кейинги сафар  яна шу меҳмонхонани танлашни рад этади. Аксинча, турист ўзи учун қулай шароитларни берувчи меҳмонхона хизматини танлайди.  Тўғри, Қўмита  улардаги хизмат сифатини назорат қилади. Аммо уларда аниқланган камчиликлар учун бирор жазо  чорасини  қўллаш ваколатига эга эмасмиз. Фақат  мижозларга белгиланган талаблар бўйича хизмат кўрсатилмаса, меҳмонхона эгасига вазиятни ўзгартириши учун маълум муддат муҳлат берилади. Шу муддат ичида талаб қондирилмаса, меҳмонхонага берилган сертификат бекор қилинади .  

Бизда шу кунгача энг оғриқли нуқталардан бири жойлардаги санитария-гигиена шохобчасидаги муаммолар бўлган. Аксарият жойларда санитария — гигиена шаҳобчалари йўқ.  Туристлар учун ноқулайлик келтириб чиқарадиган бу муаммо ҳам атрофлича ҳал этилмоқда. Сайёҳлар ташриф буюрадиган объектлар, барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда республика бўйича 1 минг  145 та санитария-гигиена шохобчаси ҳолати яхшиланди (уларнинг 672 таси янгидан қурилган бўлса, 473 таси ҳозирги замон талаблари асосида қайта таъмирланди).  

Республика ҳудудида мавжуд 4 минг  653 та барча турдаги ёқилғи қуйиш станцияларининг санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланганлик даражаси 94,0 фоизга етказилди (4 минг 357 та АЁҚШлар СГШлар билан таъминланди). Келгусида жамоат жойлари, туристлар ташриф буюрадиган объектларда СГШларни ташкил қилиш ва уларни замон талабларига мослаштириш бўйича алоҳида иш ташкил қилинади.

Жорий йилда 280 миллиард сўмдан ортиқ маблағ туризм объектларида инфратузилмани яхшилашга йўналтирилди. Мазкур йўналишда 330 миллиард сўмлик таклиф 2024 йил учун ишлаб чиқилди.  

Юртимизга келмоқчи бўлган сайёҳлар жуда кўп. Энг асосий муаммо эса уларни қизиқтирувчи дастурлар яратиш, қўшимча имкониятлар тақдим этишдир.  

Мамлакатга ташриф буюрадиган зиёратчилар оқимини ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда 2023 йил  26 апрелдан Тошкент ва Жакарта (“Uzbekistan Airways" АЖ), 21 июндан Теҳрон ва Самарқанд (Эроннинг Qeshm Air авиакомпанияси) ўртасида тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар тилларида юритилувчи 7 тилда “Табаррук зиёрат” платформаси ишга туширилди ва дастлабки босқичда мамлакатдаги 100 та зиёрат объекти платформага киритилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 8 мингдан зиёд маданий мерос объекти ва 122 та музей бор.  Келгусида  31 та туман ва 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва диққатга сазавор жойлари ҳақида маълумотлар мажмуини яратиш, улар асосида 12 та тилда туристик пакетлар ишлаб чиқиш, Туризм ва сервис объектлари ишчиларини  ўқитиш режалаштирилган.  

–Бир нафар туристнинг мамлакатда бўлиш давомида ўртача харажати ҳақида тўхталиб ўтсангиз...  

–Бир нафар туристнинг мамлакатда бўлиш давомидаги ўртача харажати 326 долларни ташкил қилади.  Бу кўрсаткич  ўтган 2021 йилда 224 долларни ташкил этган. Шунингдек, бу кўрсаткич давлатлар кесимида қаралганда, бир нафар Узоқ шарқ ва Европа давлатларидан келган сайёҳ 1 минг 66 доллар (2021 йилда 709 доллар), МДҲ давлатлари эса 743 доллар (2021 йилда 635 доллар) қўшни давлатлардан ташриф буюрганлар 154 доллардан 257 долларгача мамлакатда маблағ қолдирмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки,  жорий  йилнинг 11 ойида 2 миллиард доллар туризм хизмати амалга оширилган. 2024 йилда туризм экспортини 2,5 миллиард  АҚШ долларига етказиш бўйича чоралар кўрилади. Хорижий сайёҳлар сонини ҳам 10 миллион нафарга етказиш бўйича иш олиб борилади.  

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш хорижий туристлар оқими кўпайишига олиб келади. Соҳа ривожи эса жуда катта иқтисодий самара беради.  

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА