Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм ривожида талабалар ҳиссаси
17:58 / 2023-05-24

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, белгиланган туристик йўналишлар бўйича сайёҳлар ва зиёратчилар оқимини кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керакки, вилоятда туризмни ривожлантиришга қаратилган дастурлар, лойиҳалар доирасида туристик объектлар, зиёратгоҳларга хорижий сайёҳларни жалб этиш бўйича Андижон давлат чет тиллар институти жамоасига ҳам қатор вазифалар белгиланган. Институтимизда ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.  

Андижон вилоятида 422 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 85 тасини диққатга сазовор жойлар ташкил этади. Мазкур маданий мерос объектлари билан яқиндан танишиш, уларнинг кўҳна тарихи, гўзал манзараси, ўзига хос жиҳатлари ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлиш учун институт профессор-ўқитувчилари, талабаларнинг ана шу объектларга саёҳатлари ташкил этилмоқда. Мутахассислар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг бу борадаги билим ва тушунчалари бойитилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, вилоятдаги туристик объектларни кенг тарғиб этиш, сайёҳлар ва зиёратчилар оқимини кўпайтиришга кўмаклашишдир.  

Бундан ташқари, Андижон вилояти Маданий мерос бошқармаси билан тузилган шартнома асосида битирувчи талабаларнинг 60 нафари вилоятдаги 70 дан ортиқ зиёратгоҳ ҳамда маданий мерос объектларида амалиёт ўташи йўлга қўйилди. Улар амалиёт раҳбарлари билан биргаликда ўзлари амалиёт ўтаётган маданий мерос объектлари, у ерда туристлар ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар, имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар жамлаб, маълумотлар контентини яратади, видеороликлар тайёрлайди. 

Шундан сўнг институтимиз ўқитувчилари, талабалари томонидан мутахассислар жалб этилган ҳолда тайёрланган маълумотлар контенти ва видеороликлар рус, инглиз, немис, француз ва бошқа тилларга таржима қилиниб, институтимиз сайти, интернетдаги телеграмм ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилади. Шу орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар янада кўпроқ жалб этилади.  

Масалан, Қўрғонтепа тумани Султонобод қишлоғида жойлашган “Биби Сешанба” зиёратгоҳи ҳақида маълумотлар жамланиб, қатор хорижий тилларга таржима қилинди. Ривоятларга кўра, ҳозирда “Биби Сешанба” деб аталувчи масканда Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг холаси, диний ва илоҳий билим борасида пиру устозлардан бўлган Валий Комила исмли аёл ўз валийлик каромати ила сешанба кунлари тиловати Қуръон, амри маъруф ўтказиб келган. Бунинг ҳосиятидан инсонлар дардига шифо, мушкулига енгиллик топган. Шу боис, ушбу маскан кейинчалик халқ орасида “Биби Сешанба” номини олган. Ушбу зиёратгоҳ ўзининг шифобахш сувли булоқлари билан ҳам азиз ва муқаддасдир. Бу ерда “Жаннат булоқ”, “Сумалак булоқ”, “Қиз булоқ”, “Кўз булоқ”, “Шўр булоқ” каби бир нечта булоқ сувлари шифобахш ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, булоқларнинг сувлари таркибидаги фойдали минераллар, макро-микро бирикмаларга эга эканлиги билан турли тошма ва ички касалликларига, қулоқ ва кўз хасталикларига малҳам бўлади.  

Жорий йилнинг ўзида олим ва магистрларимиз, амалиёт ўтаётган талабаларимиз томонидан маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳлар бўйича 44 та битирув-малакавий иши, 12 та магистрлик, 2 та PhD диссертацияси, 2 та илмий-инновацион лойиҳа тайёрланганлиги мазкур йўналишдаги ишларимиз дебочасидир. Олимларимиз хизмат сафари билан Ҳиндистон давлатида ҳам бўлиб қайтди. Ҳиндистондаги қатор туристик компаниялар билан, юртимиз, хусусан, Андижон вилояти туристик имкониятларини тарғиб этиш бўйича шартномалар имзоланди.  

Туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис соҳани ривожлантиришга илмий ёндашиш, алоҳида “йўл харита”лари, лойиҳалар ишлаб чиқиш муҳимдир. Бу борада Президентимиз таъкидлаганидек, олий ўқув юртлари кўприк вазифасини ўташи керак. Шу маънода институтимизнинг Хонобод шаҳридаги дам олиш маскани ўқув туризм лабораториясига айлантирилди.  

Мазкур лабораторияда ходимларимиз, мутахассислар томонидан Хонобод шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш, Хонобод шаҳрини Фарғона водийсини туризм марказига айлантириш, шаҳарга юртимиз ва хорижий сайёҳларни жалб этишга қаратилган қатор дастурлар яратилмоқда. Ана шу дастурлардан бири Хонобод шаҳрининг туризм имкониятларини ўзида акс эттирувчи контентлар яратиш ва улар асосида туристик пакетлар яратиш, уларни кенг жамоатчиликка тарқатиш ҳамда тарғиб этишда хорижий ва маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Бундан ташқари, бу ерда туристларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар учун малака ошириш курслари ҳам ташкил этилди.

Бизнинг асосий мақсадимиз, туризм соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш билан бирга, юртимизда, шу жумладан, Андижонда туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишдир.  

Дилшодбек Рустамов,  

Андижон давлат чет тиллар институти ректори  

ЎзА