Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини стратегик тармоқ сифатида ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини тўлиқ очиб бериш, тарихий-маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий ёдгорликлари ва бой маданий анъаналари билан машҳур бўлган Бухоро вилоятида туризм инфратузилмаси жадал суръатларда ривожланиб, ҳудуднинг халқаро туристик нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Натижада Ўзбекистонга, хусусан, Бухорога ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий туристлар сони сезиларли даражада кўпайиб, сайёҳларга бевосита хизмат кўрсатувчи малакали, билимли ва тажрибали гид-экскурсоводларга бўлган эҳтиёж ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса гидлар фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишни долзарб вазифага айлантирмоқда.
Шу муносабат билан, Бухоро вилояти туризм бошқармаси томонидан гид-экскурсоводларнинг касбий савиясини юксалтириш, замонавий хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш, хавфсиз ва қонуний туризм муҳитини таъминлаш ҳамда вилоят туризм имижини янада мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Бу галги семинар-тренинг давомида гид-экскурсоводлар учун муҳим бўлган қатор долзарб мавзулар қамраб олинди. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) очиш ва уни қонуний ҳамда барқарор юритиш тартиби, гидлар фаолиятини ҳуқуқий асосда ташкил этиш, хавфсиз туризмни таъминлаш борасида 2026 йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулк сотиб олиш тартиб-қоидалари, шунингдек, фавқулодда вазиятларда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ва назарий билимлар берилди.
Маърузалар Солиқ бошқармаси, Бухоро вилояти ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси, Электрон ауционларни ташкил этиш АЖ ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходимлари томонидан олиб борилиб, иштирокчиларга соҳадаги ҳуқуқий, иқтисодий, хавфсизлик ва тиббий масалалар юзасидан батафсил ва амалий тушунчалар берилди.

— Бугунги кунда гид-экскурсоводлар туризм соҳасининг энг муҳим бўғини ҳисобланади, — деди Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўхсанов. — Чунки сайёҳ Ўзбекистон, Бухоро ҳақидаги биринчи таассуротни айнан гид орқали олади. Шу боис, гидларнинг билими, маданияти, мулоқот услуби, ҳуқуқий саводхонлиги ва хавфсизлик қоидаларини билиши жуда муҳим. Вилоят туризм бошқармаси сифатида биз гидларнинг касбий салоҳиятини оширишни устувор вазифалардан бири сифатида белгилаганмиз. Бундай семинар-тренинглар орқали уларни фақат назарий билим билан эмас, балки амалий кўникмалар билан ҳам таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. 2026 йилда хавфсиз туризм, қонуний фаолият юритиш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш асосий йўналишлардан бири бўлади. Гидларимиз нафақат тарих ва маданиятни яхши билиши, балки ҳуқуқий, иқтисодий ва тиббий билимларга ҳам эга бўлиши лозим. Мақсадимиз — Бухорони халқаро миқёсда юқори даражада хизмат кўрсатиш маданиятига эга туристик марказга айлантириш. Бу йўлда малакали гид-экскурсоводлар энг асосий таянчимиз ҳисобланади.
Тадбир иштирокчилари семинар-тренингни юқори савияда ташкил этилган, амалий аҳамиятга эга, билим ва тажриба алмашиш учун самарали платформа сифатида баҳолаб, келгусида ҳам бундай ўқув-маърифий тадбирлар тизимли равишда ташкил этилиши туризм соҳасининг барқарор ривожи учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири