Мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, туризм объектлари инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудларда янги туризм индустрияси объектларини кўпайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Соҳада амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида юртимизга 8,6 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошгани Ўзбекистонда туризм соҳаси иқтисодий ривожланишдаги муҳим йўналишлардан бирига айланганидан далолат беради.
Шу билан бирга, сайёҳлар оқимининг жадал ортиб бориши, айниқса, туристик мавсумнинг энг тиғиз даврларида транспорт инфратузилмасига тушаётган юкламанинг ошиши натижасида айрим муаммолар юзага келмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида юқоридагилардан келиб чиқиб, сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш ва бу борада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Туризм қўмитаси раиси У.Шадиевга парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА