Хатирчи туманида жойлашган Ангидон маҳалласи Навоий вилоятининг олис ҳудудларидан бири саналади. Маҳаллий аҳоли уни табиати жиҳатдан иккинчи Швецарияга қиёслашади.
Яшил табиати, тоза ҳавоси ва қадимий маданияти билан бу ҳудуд сайёҳлик учун ажойиб маскан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳудуднинг бетакрор манзаралари кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қишлоққа 50 мингдан ортиқ маҳаллий, 2,5 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюргани ҳам фикримизни исботлайди.
Ангидон қишлоғи вилоят марказидан 100 км, туман марказидан эса қарийб 45 км узоқликда баланд тоғлар орасида жойлашган. Қишлоқнинг табиати, тоза ҳавоси, миллий таомлари ва қишлоқ ҳаёти ҳар бир кишининг эътиборини тортади.
[gallery-25426]
Бугунги кунда қишлоқда 20 та тадбиркорлик субъекти томонидан 15 та оилавий меҳмон уйи, 12 та дам олиш маскани ҳамда 12 турдаги туризм хизматлари ташкил этилиб, 200 га яқин ишсиз аҳоли, хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
– Бу ерда сайёҳлар учун гид ва этник анимация хизматлари, фольклор дастурлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, балиқ овлаш имкониятлари, миллий таомлар тайёрланадиган гастрономик хонадонлар, уй-музейлар, от ва эшакларда сайр қилиш хизматлари, агротуризм турлари, шунингдек, эчки сутидан тайёрланган қурт ва турли сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларни сотиш йўлга қўйилган, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарорига асосан “Туризм қишлоғи”, “Туризм маҳалласи”, “Туризм овули” мақомини олиш учун талаблар белгиланган. Яъни қишлоқда ёки маҳаллада 20 та оилавий меҳмон уйлари, 5 турдаги қўшимча туризм хизматлари ташкил этилиши лозим. 2023 йилда Нурота туманидаги Сентоб қишлоғига туризм қишлоғи мақоми берилган. Айнан ўша йили Сентоб қишлоғи БМТ бош Ассамблеясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган сессиясида Бутунжаҳон туризм қишлоқлари рўйхатига киритилган. Шунингдек, 2024 йилда Хатирчи туманидаги Лангар маҳалласига ҳам “Туризм маҳалласи” мақоми берилганди. Бундан ташқари, Нурота туманидаги Чуя ва Хатирчи туманидаги Ангидон маҳаллаларида ҳам қарорга асосан белгиланган талаблар бажарилиб “Туризм маҳалласи” мақомини олиш бўйича ҳужжатлар Туризм қўмитасига тақдим қилинган.
Туризм қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан 18-19 сентябрь кунлари мазкур маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш ишлари давомида ҳудудда хорижий ва маҳаллий туристларни қабул қилиш учун камида 20 та оилавий меҳмон уйларининг мавжудлиги, туристларга камида 5 та сифатли туристик хизматларни тақдим этиш, туристик кўргазма объектларининг мавжудлиги, туристлар учун яратилган қўшимча кўнгилочар шарт-шароитлар ташкил этилганлиги, зарур инфратузилманинг мавжудлиги, яъни автомобиль йўллари, транспорт, алоқа воситалари, ичимлик суви, электр энергияси, интернет, куз-қиш мавсумда иситиш тизими кабилар ўрганилди.
Агарда ушбу маҳаллаларга ҳам “Туризм маҳалласи” мақоми берилса, вилоятда бундай маҳаллаларнинг сони 4 тага етади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари