Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм кўчаси фойдаланишга топширилди
14:13 / 2026-01-01

Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида муҳим инфратузилмавий лойиҳалардан бири – Туризм кўчаси тўлиқ янгиланиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳа шаҳар қиёфасини янада ободонлаштириш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Янги Туризм кўчаси шаҳарнинг ўзига хос миллий қиёфасини акс эттирган ҳолда маҳаллий табиий маҳсулот – мармар тошлар билан безатилди. Кўча бўйлаб тўлиқ асфальт қопламаси ётқизилиб, пиёдалар ва автотранспорт воситалари ҳаракати учун замонавий ҳамда хавфсиз муҳит яратилди. Бу эса шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар учун катта қулайлик туғдирмоқда.

Шунингдек, кўча ҳудудида замонавий савдо дўконлари ташкил этилди. Натижада аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, лойиҳа доирасида асфальт қопламаси ишлари “Нурота туман йўлларидан фойдаланувчи давлат унитар корхонаси” МЧЖ пудратчи ташкилоти томонидан амалга оширилди. Ушбу ишлар учун жами 2,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Янги очилган Туризм кўчаси Ғозғон шаҳрининг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш, шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири