Туризм қўмитаси, Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳри туманлари ҳокимларининг Самарқанд шаҳридаги туристик объектларда ташкил этилган хизматлар ва туризм кўчалари ифратузилмасини ўрганишга қаратилган ишчи ташрифи ташкил этилди.
Дастлаб, Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети фаолияти, талабалар учун яратилган шароитлар, таълим дастурлари, кадрлар малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг, Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Орзу Маҳмудов гастрономик кўчасида олиб борилган архитектура қурилиш ишлари юзасидан тақдимот ўтказилди. Гастрономик кўча бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, у ерда туристлар учун яратилган қулайликлар ва туризм хизматлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, меҳмонлар Афросиёб харобаларига туташ ҳудуддан оқиб ўтувчи Сиёбча канали қирғоғи бўйлаб аҳоли ва хорижлик сайёҳлар учун 6 км узунликда ташкил этилаётган вело ва пиёда йўлаклари, яшил фитомасса, кўприклар, ресторан ва кафелар лойиҳаси билан таништирилди.


Ташриф сўнгида “Silk Road Samarkand” туристик комплекси ҳамда “Конигил” туризм қишлоғида туристлар эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этилиши лозим бўлган хизматлар ва инфратузилма намуналари билан танишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА