Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм индустрияси ривожида улкан марралар
18:25 / 2019-01-30

ЎзА мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз АККУЛОВ билан суҳбатлашди

ЎзА мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз АККУЛОВ билан суҳбатлашди

– Мамлакатимиз тўрт фаслда ҳам туристларни қабул қилиш имконига эга, бироқ бунинг учун туристик ҳудудларда қулай шароитлар, инфратузилмани ривожлантириш зарур. Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва жорий йилги режалар ҳақида сўзлаб берсангиз?

– 2018 йил якунига кўра, туризмни диверсификация қилиш юзасидан кўрилган чоралар натижасида экотуризм ва агротуризм объектлари сони 208 тагача ортди. Шунингдек, 81 та оилавий меҳмон уйи, 5 та санатория ва соғломлаштириш объекти фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади. Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси, “Амирсой” қишки курорт-соғломлаштириш комплексини фойдаланишга топшириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда. 

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида “Нанай”, Поп туманида эса “Чодак” кичик туристик зоналари ташкил этиш кўзланган. Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги “Судочье” кўли қирғоғида эса туристик комплекс барпо этилади. “Орол воҳаси” йирик туристик мажмуаси ҳам истиқболли лойиҳалар сирасидан. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Навоий вилоятидаги “Тўдакўл” ва “Айдаркўл”, Сурхондарё вилоятидаги “Учқизил” кўллари атрофида ҳам туристлар учун дам олиш масканлари ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш орқали 10 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳга хизмат кўрсатиш мумкин. Бунинг учун мамлакатимиздаги 18 та сув омбори ҳудудидан экотуризмни ривожлантириш мақсадида жами 56,6 гектар ер майдони ажратилади. 

Қўмита ҳудудий бошқарма ва департаментлари томонидан туристларни жалб этиш мақсадида Андижон вилоятида “Миллий либослар ҳамда миллий дўппилар”, Бухоро вилояти Когон шаҳрида “Халқлар дўстлиги”, “Нодир девонбеги” мадрасасида “Бухорода бир оқшом” фестиваллари, Арк қўрғонида “Амирнинг қабул маросими” деб номланган театрлаштирилган томошалари ташкил этилади. Қарши шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов хотирасига бағишланган “Халқаро адабиёт", Термиз шаҳрида эса "Халқаро бахшичилик санъати", Бойсун туманида “Бойсун баҳори” фестивалларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. 

– Мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар географиясини кенгайтиришда транспорт-логистика имкониятларини янада ошириш устувор ўрин тутади. Мамлакатимизда ушбу йўналишда қандай лойиҳалар амалга оширилади?

– Дарҳақиқат, транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш мамлакатимизда туризмни ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу мақсадда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда транспорт-логистикани ривожлантириш, ташқи ва ички йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Унинг доирасида йўловчилар ташувини ривожлантириш, доимий транспорт қатновини йўлга қўйиш ва қулай туташ боғламаларини ташкил этиш бўйича мақсадли лойиҳалар ишлаб чиқилади. Туризм марказларини бирлаштирувчи янги автомобиль йўлларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишдаги самарали ишланмалар ҳаётга жорий этилади. 

Қолаверса, кемпинг ва сервис хизмати кўрсатиш объектларини яхшилашда давлатлараро шартномалар билан тасдиқланган дастурларни шакллантириш ишлари бошлаб юборилган. 

Бугунги кунда блокчейн технологиясидан фойдаланиш туристларга хизмат кўрсатишнинг самарали усули сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда автобус, авиа ва темир йўл қатновларини қулай тарзда боғловчи ягона электрон портални ишга тушириш мақсад қилинган. 

Ислоҳотлар жараёнининг яна бир муҳим йўналиши транспорт тарифларини оптималлаштириш, йирик халқаро авиаташувчиларни ва бюджет авиаташувчиларни мамлакатимизга жалб қилиш билан боғлиқ. Мамлакатимиз ҳудудлари ўртасида авиақатновларни ривожлантириш мақсадида "FlyDubai" авиакомпанияси билан келишувларга эришилди. Чунончи, компания жорий йилнинг 11 мартидан юртимизга авиақатновларни амалга ошира бошлайди. Шунингдек, ушбу соҳадаги манфаатли келишувларга эришиш бўйича яна 10 дан ортиқ авиакомпания билан музокара олиб борилмоқда. 

Янги темир йўл линияларини қуриш, мавжудларини такомиллаштириш, юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берувчи электропоездлардан фойдаланишни кенгайтириш сифатли транспорт хизматларини кўрсатишни таъминлайди. Шу мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Испаниянинг "Talgo" компаниясида ишлаб чиқариладиган юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлардан яна 2 тасини харид қилишни режалаштиргани қувонарли. 

Аҳоли учун қулайлик яратиш, транспорт-логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида Давлат бюджети, халқаро молия институтлари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бошқа маблағлар ҳисобидан 572,8 миллиард сўм ва 630 миллион АҚШ доллари ажратиш белгиланган. 

Ушбу маблағлар эвазига 2 та янги авлод самолёти – "Boeing 787 Dreamliner"ни харид қилиш, “Тошкент-Шарқий” замонавий аэропортини қуриш, “Андижон – Савай – Хонобод” темир йўл участкасини модернизация қилиш, Тошкент метрополитенининг Юнусобод, Сирғали ва Тошкент шаҳри айланма ер усти қисмининг биринчи босқичини қуриш ишлари амалга оширилади. 

Шу билан бирга, минтақавий транспорт алоқаларини ривожлантиришда мамлакатимизга лоукостерлар жалб этилиб, авиа ва темир йўл қатновлари оширилади, мамлакатимиз ҳудудлари ва минтақа давлатлари ўртасида мунтазам автобус, темир йўл ва авиақатновлари жорий этилади. 

– Мамлакатимиз туристик брендини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз?

– Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошида “Миллий PR-маркази” ташкил қилинган. Ушбу марказ хорижий давлатларда ташкил қилинадиган туризм бўйича халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда миллий сайёҳлик стенди остида тарғибот ишларини олиб боради. 

2018 йилда 13 та ана шундай халқаро туризм кўргазмаларида иштирок этилди. Япония, Испания, Туркия, Германия, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Италия, Буюк Британия, Франция ва бошқа давлатларда ташкил қилинган тадбирлардаги иштирокимиз шулар жумласидан. 

Қайд этиш жоиз, бугун қўмита мамлакатимиз сайёҳлик соҳаси вакилларининг хорижий давлатларда ташкил қилинадиган кўргазмаларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратиб келмоқда. Тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида йил давомида ўтадиган кўргазмалар рўйхати олдиндан шакллантирилиб, қўмитанинг расмий веб-саҳифасига жойлаштириб борилмоқда. Бу туроператорларга олдиндан тайёргарлик кўриш ҳамда уни режалаштириш имконини беради. 

Шунингдек, хорижда ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этиш истагини билдирган туроператорлар учун маълум имтиёзлар тақдим этиб келинмоқда. Масалан, кўргазма учун ишлаб чиқилган тарқатма материалларни бепул ташиш, авиачипталарга 50 фоизгача чегирмалар тақдим этиш кабилар. 

– Туризм соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланиш трендларга тезроқ жавоб бера олиш ва географик жиҳатдан узоқликка қарамасдан, мижозларга яқин бўлиш имконини беради. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги стратегияси нималардан иборат? 

– Ривожланган давлатларда туризм соҳасида рақамли технологиялар кенг қўлланилади. Мамлакатимизда ҳам бу борадаги илғор ютуқларни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, айни пайтда хорижий сайёҳларни электрон рўйхатдан ўтказишнинг автоматлаштирилган “Е-mehmon” дастури яратилди ва тўлиқ ишга туширилди. 

Шунингдек, 2018 йилнинг 15 июлидан “Е-VISA.UZ” электрон кириш визаларини бериш ва расмийлаштириш тизими жорий этилди. Ҳозирги кунда ушбу тизимдан дунёнинг 76 мамлакати фуқаролари фойдаланиб келмоқда. 

Ундан ташқари, “safar.nis.uz” портали орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган барча кўнгилочар тадбирлар, сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган шаҳарлар ва тарихий обидалар, виза масалалари ҳамда электрон виза олиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасида тарихий обидалар, сайёҳлар ташриф буюрадиган жойларда “Verum QR” лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа QR код технологиясини қўллаган ҳолда телефон қурилмаси ёрдамида тарихий обида ҳақида матн ва овозли маълумот олиш имконини беради. 

Меҳмонхоналарни олдиндан банд қилишнинг “Silk Road Horeca” автоматлаштирилган тизими (www.silkroad.uz) ишга туширилди. Тизим келгусида дунёнинг HORECA хизматлари сегментида "Booking.com", "Tripadvisor.com", "Trivago.ru", "Agoda.com" сайтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобига туризм соҳасида хизмат қиладиган тадбиркорлар учун хизматларни сотишнинг ягона платформасига айланади. 

Бугун соҳада рақамли маркетинг тобора оммалашаётганини эътиборга олиб, қўмита томонидан ушбу йўналишни ривожлантириш юзасидан стратегия ишлаб чиқилди. 

Жорий йилда мамлакатимизнинг туристик брендини кенг тарғиб қилишда ушбу рақамли маркетинг имкониятларидан самарали фойдаланишни ният қилганмиз. Ҳозирги кунда интернет тармоқларида таниқли бўлган блоггерлар, “инфлуэнсер”лар, қолаверса, туризм соҳасида нуфузли саналган "Lonely Planet" ва "Natgeo" онлайн газета ва журналларининг мамлакатимизга бағишланган махсус сонини эълон қилиш бўйича сифатли контент концепциясини яратиш ишлари олиб борилмоқда.