Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Туризм: имконият, имтиёз ва самара
18:06 / 2023-05-03

Жиззах вилояти қулай географик жойлашуви, тоғлар, қир-адирлар, кўл, умуман гўзал табиати, меъморий ёдгорликлари, миллий ўзига хослиги ва анъанавий таомлари билан маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.

Жиззах вилоятида оилавий меҳмон уйлари, хостел, чодирли уй, меҳмонхоналар сони йилдан йилга ортмоқда. Бу Президентимизнинг туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлари ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг амалдаги ифодасидир.  

Туризм ва маданий мерос бошқармаси томонидан ҳар ойда вилоятда фаолият олиб бораётган меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, хостеллар ташкил этган тадбиркорлар билан учрашув ва семинарлар ўтказилади. Ушбу учрашувларда вилоят ҳокими ўринбосари С.Раҳмонқулов ва тадбиркорлар билан ишлаш бўлим бошлиғи Ф.Қўшақовлар ўзларининг зарур маслаҳат ва тавсияларини бериб келмоқда.  

Мамлакатимизда оилаларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлиши, миллий ҳунармандчиликнинг ривожланишига замин яратиш мақсадида кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, мазкур ҳужжат асосида тадбиркорлар учун бир қатор имкониятлар белгилаб қўйилган ва улар учун имтиёзли кредитлар берилиши аниқ қилиб кўрсатилган. Тижорат банклари томонидан 14 фоиздан 3 йилгача 6 ой имтиёзли давр билан оилавий меҳмон уйлари (50 миллион сўмгача), хостеллар (1 миллиард сўмгача), ўтов лагерлар мажмуаси (300 миллион сўмгача), автокемпинглар (3 миллиард сўмгача), экоуйлар мажмуаси (30 миллион сўмгача), контейнер шаҳарчалар (600 миллион сўмгача) ва чодирли лагерлар (60 миллион сўмгача) ташкил этиш белгиланган. Ушбу имтиёзли кредитлар тўғрисида туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда Зомин тумани “Дуоба”, Фориш тумани “Ухум”, “Сайёд” , “Учқулоч” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли ўртасида тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.  

Бугунги кунда ушбу имтиёзли кредитлардан 10 нафар тадбиркор фойдаланиб, Зомин ва Бахмал туманларида оилавий меҳмон уйлари фаолиятини бошлади. Жумладан, Жиззах вилоятида жойлаштириш воситалари сони 231 тани ташкил этади, шундан 171 хонали 681 ўринга мўлжалланган 19 та кемпинг, 1 минг 138 ўринли 599 та хонадан иборат 28 та меҳмонхона, 447 хонадан иборат 1 минг 282 ўринли 146 та оилавий меҳмон уйи, 117 хонали 314 ўринга мўлжалланган 16 та хостел ҳамда 458 та хонадан иборат 1 минг 372 меҳмонга мўлжалланган 11 та оромгоҳ, 519 та хонадан иборат 1 минг 532 кишини бағрига сиғдира оладиган 9 та санаторийдан иборат.  

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2022 йил 9 июндаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида бир қатор солиқ имтиёзлари берилганини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. 2022 йил 1 апрелидан 2025 йил 1 январига қадар туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субектлари учун: айланмадан олинадиган солиқ ставкаси бир фоиз қилиб белгиланган. Бу янгилик илк лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган ёшларимиз учун энг қулай имкониятдир.  

Юртимизда тадбиркорлик азалдан халқимиз учун хос бўлган ва жамиятда юксак қадрлаган. Тадбиркорликни чекка жойларда ривожлантириш мақсадида етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда, аҳоли яшаш пунктларидан камида 10 километр ёки қаттиқ қопламали автомобил йўлларидан 5 километр узоқликдаги кемпинглар ва “сафари” туризмини ташкил этиш бўйича туризм хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар алоҳида автоном инфратузилмани яратган тақдирда мазкур фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш ҳам белгилаб қўйилган.  

Шу жумладан, вилоятда экотуризм ривожланган бўлиб, ушбу соҳадаги тадбиркорлар тоғли ҳудудларда бир биридан ажойиб оилавий меҳмон уйлари ташкил этган. Ушбу тадбиркорларга кенгроқ имконият яратиб бериш мақсадида  2020 йил 1 июлдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” маблағлари ҳисобидан чекка қишлоқ ва тоғли жойларда оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиш харажатларининг 30 фоизигача, лекин 10 миллион сўмдан ошмаган миқдорда, камида 5 йил давомида фаолият олиб бориши ҳамда белгиланган тартибда келувчи сайёҳларни автоматлаштирилган махсус электрон дастурга киритиб бориш шарти билан белгиланган тартибда компенсация қилиш тартиби жорий этилган.  

Юқоридаги имтиёзларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига янги фаолиятларини бошлашларида кенг имкониятлар яратиши шубҳасиз. Шунинг учун барча тадбиркорларни ушбу қарор асосидаги имтиёзлардан кенгроқ фойдаланиб, тадбиркорлигини ривожлантириши ва юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишишлари керак. Тўғри, тизимда ҳали муаммолар етарли, камчиликлар ҳам бор. Қўл қовуштириб ўтириш билан туризмни ривожлантириб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг туризмни ривожантиришга қаратилган фармон ва қарори, видеоселектор йиғилишида зиммамизга юклаган топшириқлар ижросини бекаму кўст бажариш билан вилоятимизда туризмни ривожлантиришимиз ва Юртбошимиз томонидан имзоланган ушбу ҳужжатлар туризм равнақи йўлида дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Жиззах вилояти туризм соҳаси вакиллари ана шу эзгу мақсадлар йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.  

Дилором Холмирзаева,  

Жиззах вилояти туризм ва маданий  

мерос бошқармаси бўлим бошлиғи  

ЎзА